Жаҳон | 21:05 / 02.05.2020
22933
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус юқтирган тожикистонлик сиёсатчи мамлакатда вазиятни ўнглаш учун «темир қўл» кераклигини айтди

Тожикистон демократик партияси раҳбари Саиджаъфар Усмонзода мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умуммиллий карантин жорий этишни таклиф қилди.

Фото: Asia-Plus

Бу ҳақда. «Азия Плюс» нашри маълум қилган.

Коронавирус юқтирган Саиджаъфар Усмонзода ҳозир Душанбе шаҳридаги касалхоналардан бирида даволанмоқда. Сиёсатчига дастлаб ўткир респиратор вирус инфекцияси ташхиси қўйилганди, аммо кейинчалик олинган таҳлиллар у коронавирус юқтирганини кўрсатади.

Усмонзода ҳукуматни оммадан ва халқаро ҳамжамиятдан коронавирус билан боғлиқ ҳозирги вазият ҳақидаги ҳақиқатни яширмасликка чақиради: «Биргина менинг атрофимда бир неча қариндошим коронавирус юқтирган бўлса, Тожикистонда жами касалланганлар сони 32 нафар эканига қандай ишониш мумкин?», деган бу хусусда Усмонзода.

Демократик партия етакчиси пандемияга қарши курашиш учун республика штаб бошлиғини ўзгартириш керак деб ҳисоблайди. Унинг фикрига кўра, ҳозирги оғир вазиятда барчасини тезроқ ўнглаш учун Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг «темир қўл»и керак.

«Мен мамлакат бош вазири Каҳҳор Расулзоданинг ўрнига Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Саймумин Ятимовни коронавирусга қарши кураш бўйича республика штаб бошлиғи вазифасига, Рустам Имомалини эса унинг ўринбосари этиб тайинлашни таклиф қиламан. Ишончим комил, вазиятни айнан улар яхши назорат қила олади», деган коронавирусдан даволанаётган сиёсатчи.

Усмонзоданинг сўзларига кўра, бугун мамлакатда нафақат эпидемиологик вазиятни, балки  иқтисодий-ижтимоий вазиятни ҳам қатъий назоратга олиб, озиқ-овқат ва дори-дармон нархи ошиб кетишига йўл қўймаслик керак. Сиёсатчи Тожикистонда коронавирус асоратларини енгиб чиқиш учун мамлакатдаги бойларнинг ёрдами кераклигини алоҳида таъкидлаган.

2 май ҳолатига кўра Тожикистонда коронавирус юқтирганлар сони расман 32 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 17 нафари пойтахт Душанбеда, 10 нафари Суғд вилоятида, 5 нафари марказга бўйсунувчи туманларда аниқланган.

Гарчи Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 32 нафар деб маълумот бераётган бўлса-да, кўпчилик тожикистонликлар худди Саиджаъфар Усмонзода каби бу рақамга ишонмаётгани айтилмоқда. Олдинроқ Жаҳон банки керакли чоралар кўрилмаса, Тожикистонда коронавирус юқтирганлар сони кескин кўпайиб кетиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Мавзуга оид