Жаҳон | 17:49 / 05.05.2020
37715
9 дақиқада ўқилади

«Четдан ёрдам олишга умид қилиб бўлмайди» – Тожикистон коронаинқирозни қандай енгмоқчи?

Kun.uz мухбири пандемиянинг Марказий Осиё давлатларига таъсири ва кўрилаётган чоралар юзасидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон журналистлари билан суҳбатлашди

Дастлабки мақолада Тожикистондаги вазият ҳақида сўз боради. Бу ҳақда тожикистонлик журналист Озод Мелибоев маълумот берди.

– Озод ака, бир қатор оммавий ахборот воситаларида Тожикистонда коронавирус борлиги, лекин ҳукумат буни яшираётгани ҳақида чиқишлар бўлди, лекин ҳукумат буни рад этиб келди. Мамлакатга ЖССТ миссияси ташриф буюриши эълон қилингандан кейин кўп ўтмай коронавирусдан зарарланиш ҳолати расман тасдиқланди ва бирданига 15 нафар беморда бу инфекция аниқланди. Нима деб ўйлайсиз, бунгача Тожикистонда коронавирусга чалинган беморлар бормиди ёки йўқмиди?

– Тўғри, ҳақиқатан ҳам, кеча (30 апрель куни) тушдан кейин коронавирус ҳолати мамлакатда расман қайд этилди (суҳбат 1 май куни ёзиб олинган – таҳр.). Пойтахт Душанбеда 5 киши ва мамлакат шимолида, Суғд вилоятида 10 кишида ушбу касаллик ташхиси қўйилди.

Унгача хориж манбалари, асосан, мухолифат манбалари коронавирус борлиги ҳақида иддаолар қилишди. Ҳақиқатан ҳам, шубҳали ҳолдаги ўлимлар сони кўпайди ва уларни шифокорлар махсус кийимларда яқинларига бермасдан кўма бошлади. Буларнинг ҳаммаси коронавирус борлигидан далолат берар эди.

– Коронавирус аниқлангани расман тан олингандан кейин Тожикистонда қандай вазият кузатиляпти, одамлар саросимада эмасми?

– Aммо одамлар у қадар ваҳимага тушиб қолишмади. Ўйлайманки, бунинг бир неча сабаби бор. Масалан, бунгача одамлар бир неча бор вирус ваҳимасини бошдан ўтказишди.

Бошқа сабаби, Тожикистон ҳукуматининг ўзи шундай позицияни танладики, бошдан коронавирус йўқлигини айтиш баробарида, «Коронавирус – гриппнинг бошқа турлари каби оддий касаллик. Вабо ва шунга ўхшаш бошқа касалликлар каби ўлим олиб келадиган касаллик эмас», деган маънодаги ахборотни тарқатди. Бунинг натижасида эса одамлар бу ҳолатни унчалик ваҳимага тушмай қабул қилишди.

Тожикистон олий ўқув юртларида 1-3 курс талабалари таътилга чиқарилаётганидан, битирувчи курсда ўқиётганлар эса 15 майгача битирув имтиҳонларини топширишлари кераклиги эълон қилинганидан хабаримиз бор. Мамлакатда бундан бошқа яна қандай карантин чекловлари жорий қилинмоқда? Боғчалар, мактаблар фаолиятини тўхтатдими ёки давом эттираяптими?

– 27 апрелдан бошлаб, болалар боғчалари, мактаблар, лицей ва коллежлар икки ҳафталик таътилга (10 майгача) юборилди. Олий ўқув юртларининг 1-3 босқичларида ўқиётган талабалар учун 4 майдан бошлаб ўқув йили якунланади. Улар ёзги имтиҳонларини топширишмайди. Ўқув йили давомида улар олган синовлари рейтинг кўрсаткичларига қараб, якуний имтиҳонлар натижалари қабул қилинади. Бироқ тўртинчи ва қисман бешинчи, яъни битирувчи курслар то 15 майгача ўқув даргоҳига қатнаб, битирув имтиҳонларини топширишади ва бутунлай битириб кетишади. Бу бўйича Республика коронавирус тарқалишининг олдини олиш штаби шундай қарорга келди.

Озод ака, Тожикистонда одамлар ишсиз ёки даромадсиз қолаётгани ҳақида ҳали хабарлар тарқалмади. Ҳукумат Марказий Осиёдаги қўшни давлатларда кузатилган ҳолатлар, одамларнинг қийналаётгани, юзага келган муаммолар, карантин чекловлари ортидан одамлар пулсиз қолиб кетганидан хулоса чиқариб, бу каби ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қиляптими?

– Тожикистонда қатъий карантин чекловлари жорий этилмади. Фақатгина юзга ниқоб тақиб юриш ҳақида қарор қабул қилинди. Аҳолининг ҳаракатлари, корхона ва ташкилотларнинг фаолияти чеклангани йўқ. Бундан буёғига ҳам чекловлар бўладими-йўқми ҳозирча аниқ эмас.

Озод Мелибоев
Фото: Facebook 

Фақатгина озиқ-овқат маҳсулотларидан бошқа нарсалар билан савдо қилинадиган бозорлар ёпилди. Мактаб ўқитувчилари ва боғчаларнинг тарбиячиларига таътил пайти учун ҳам ҳақ тўланиши эълон қилинди.

Ҳар йили Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳисобидан Тожикистонга катта маблағ келар эди. Таҳлилчиларнинг айтишича, агар Россияда мигрантлар ўртасида ишсизлик, карантин чекловлари узоқ давом этса, бунинг Тожикистонга таъсири катта бўлиши кутиляпти. Яъни кўплаб оилалар даромад манбайини йўқотади.

Тожикистон иқтисодиёти у қадар қудратли эмас. Ғазна у қадар бой эмас. Мамлакатда карантин чекловлари жорий этилмаслигининг сабабларидан бири ҳам шу. Агар қаттиқ чекловлар жорий этилса, давлат ғазнасидан маълум соҳаларга маблағлар йўналтирилиши керак бўлади. Ана шу маблағлар муаммо бўлгани учун ҳам карантин жорий этилмаяпти.

Келгусида воқеалар ривожига қараб қандай чоралар кўрилади, буни кузатамиз. Фақатгина тиббиёт ходимлари учун бир ойлик, уч ойлик иш ҳақи қўшимча тўланиши айтилди.

Республика ҳукумати йиғилишида мамлакат президенти коронавирусга қарши курашиш чора-тадбирлари учун Президент фондидан 12 млн сомонидан ортиқроқ маблағ ажратди. Шунингдек, ўзининг бир ойлик маошини ҳам коронавирусга қарши курашиш фондига топширишини эълон қилди. Бу маблағлар фақат тиббиёт ходимларига берилади.

Ишсизларга ва боқувчисиз қолганларга қандай ёрдам берилиши ҳақида маълумотлар йўқ.

Шунингдек, ҳукумат махсус савдо ярмаркаларини ташкил этмоқда. Бу савдо ярмаркалари озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги ва қимматлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилмоқда.

– Хорижий давлатларда қолиб кетган тожикистонликларнинг тақдири нима бўляпти? Уларга кутинглар дейиляптими ёки мамлакатга олиб келиняптими?

– Aлбатта, Тожикистон ҳукумати ҳам хорижда қолиб кетган фуқароларини олиб келди. Биринчи бўлиб Уҳандан олиб келинди. Кейин Россиядан ва бошқа-бошқа давлатлардан ҳам олиб келинди.

Лекин афсуски, хорижда қолиб кетганлар ҳам бор. Жумладан, Туркияда, Россияда. Улар, назаримда, вазиятни жиддий баҳолашмади, кейин қайтиш истагини билдиришди. Оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилишди. Лекин бир қисм ватандошлар ҳалигача Тожикистонга қайтолгани йўқ. Бу муаммо бор.

Тожикистонда коронавируснинг иқтисодиётга таъсири ҳали у қадар сезилгани йўқ. Юқорида ўзингиз мамлакатда карантин чекловлари жорий этилмаганини айтиб ўтдингиз. Лекин пандемия қачон тугаши, қачон дунё бу вирусдан фориғ бўлиши ҳозирча номаълум. Агар пандемия бир неча ойга чўзиладиган бўлса, Тожикистонда бу жараён қандай кечиши мумкин?

– Бу масалада бизда тадқиқотлар етарли эмас. Лекин барибир, ҳукуматнинг, президентнинг чиқишларини мен анализ қилиб, шундай хулосага келдимки, Тожикистон келгуси бир йил ёки икки йилда ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таяниб қолмоқчи.

Сабаби, бошқа давлатлардан ёрдам олиш қийин масала – биринчидан, уларнинг ўзида ҳам ҳозир ҳолат инқирозли, иккинчидан, Тожикистон кўп жиҳатдан кейинги пайтларда демократик талаблар, сўз эркинлиги каби улар қўядиган талабларга жавоб бермаяпти. Яъни улардан ҳам унчалик умид қилиб бўлмайди.

Бошқа бир вариант – Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳисобидан эди, лекин у ердаги вазиятни кўриб турибмиз. Кундан кунга вазият жиддийлашиб бормоқда. Шунинг учун Тожикистон учун ягона йўл ўз қишлоқ хўжалигига таяниб қолиш бўлмоқда.

Aфсуски, Тожикистонда экин майдонининг ўзи кам. Ҳудудининг 93 фоизи тоғлардан иборат. Мавжуд экин майдонларидан имконият даражасида фойдаланмоқчи. Аллақачон ишлар бошланган. Вилоят раислари ҳам туманма-туман юриб, экинлар вақтида парваришланяптими-йўқми, барчасини назорат қилиб юрибди. Мамлакат президенти ҳам шунга ишора қилди. Охирги чиқишларидан бирида 90-йилларда мамлакатда юз берган фуқаролар урушига ишора қилди.

Мен у даврларни биламан. Ўшанда оилалар бозордан қарийб ҳеч нима сотиб олмас, ҳамма ўз томорқасида, ўз ерида етиштирар эди. Ўша пайтда мамлакат президенти барча одамларга 4–6 сотихдан ер тақсимлаб берган эди. Aна шу ерда буғдой, шоли етиштириб, тирикчилигини ўтказишар эди. Келгусида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кутиляпти, афсуски. Бу ачинарли, албатта.

Одамлар ҳам 90-йилларнинг одами эмас. Ўша-ўша ерлар турибди. Лекин ҳозирча кўринаётган ягона вариант шу. Бошқа йўл тутиши ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

 

 

Мавзуга оид