Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Буюк ипак йўли» пандемиядан омон қоладими? Хитойнинг буюк мақсади тақдири ҳақида
Си Цзиньпиннинг катта амбицияли «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси глобал иқтисодиётнинг карантинга ўтиши муносабати билан шаклан ўзгармоқда, аммо пандемия ҳам унинг мақсадларига дахл қилмаган.
«Бир макон, бир йўл» (BRI) — бу Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг мафкураси. Ушбу лойиҳа дастлаб Осиё ва Европа ўртасидаги қадимий Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши сифатида ишлаб чиқилган. BRI беш қитъани денгиз ва қуруқлик йўлаклари билан боғлаши назарда тутилганди. 2013 йилдан бери унда умумий аҳолиси 4,6 миллиард киши ва ялпи ички маҳсулоти 29 триллион долларга тенг ўнлаб мамлакатлар иштирок этмоқда. 2017 йилда Хитойнинг лойиҳа иштирокчилари билан савдо ҳажми 6 трлн долларга баҳоланган.
Ғарб, албатта, сайёрани забт этаётган Пекин ҳаракатини тинчгина кузатиб турмади. BRI'га жавобан АҚШда Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) ташкил этилган, аммо бу ташкилот ҳозирча аниқ муваффақият билан мақтана олмайди. Инфратузилма ва инвестиция жабҳасида америкаликлар, ХХР билан рақобатлаша олмаганликлари сабабли, Хитойнинг мегалойиҳасига қарши кучли ташвиқот кампаниясини бошлади. Аниқ асос ва кўрсаткичларсиз, улар «BRI'нинг асосий ва ягона мақсади — Осмон ости салтанатининг сайёра устидан назоратини ўрнатиш», деб таъкидлашди.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳанинг фақат Осиё қисми 2030 йилгача 26 трлн доллар қийматга эга бўлади. Қашшоқ ва ривожланаётган давлатлар буни инвестиция манбаси сифатида кўришлари ажабланарли эмас. 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, лойиҳанинг деярли уч мингта (2982) тадбирига 3,6 триллион долларга сарфланиши режалаштирилган.
2019 йилнинг тўртинчи чорагида 360 миллиард долларлик BRI лойиҳалари ишга туширилди, бу шу йилнинг учинчи чоракдаги кўрсаткичдан қарийб икки баравар кўп, аммо октябрь-декабрь ойларидаги лойиҳалар сони учинчи чоракка нисбатан 17,7 фоизга камайди ва 168тага етди.
BRI аъзолиги учун аниқ мезонлар мавжуд эмас. Эҳтимол, уч мингта лойиҳа ҳаддан ташқари кўп ва ошириб кўрсатилаётгандир, чунки у ёки бу инфратузилма лойиҳасини BRI билан боғлаш, мамлакатларга Хитой банк ва фондлари томонидан молиялаштириш имконини оширади.
Албатта, бундай улкан иқтисодий ва сиёсий ҳаракатни пандемия туфайли бирдан тўхтатиб бўлмайди. Аммо у коронавирус пайдо бўлиши туфайли бир қатор муаммоларга дуч кела бошлади. Давлатлар ва бутун иқтисодиёт ўртасидаги чегаралар ёпилиши билан, табиийки, BRI таркибига кирган йирик лойиҳалар ёпилиши ёки музлатилиши бошланди. Биринчидан, Хитойнинг ишчилари ва қурилиш материаллари оқимининг ҳаракатланиши чеклангани сабабли, Пекин талабига биноан мегалойиҳада секинлашув кузатилмоқда.
Лойиҳа қиймати 62 миллиард долларга баҳоланган Хитой-Покистон иқтисодий коридорида (CPEC) иш тўхтатилди; Камбожадаги Шиханоуквилле махсус иқтисодий зонасида (SSEZ), Бангладешдаги йирик Пайра кўмир электр станциясида ҳам аҳвол шундай. Коронавирус умумий қиймати 11 миллиард долларга тенг бўлган Tsingshan Holding Group, GEM Co. Ltd. ва Zhejiang Huayou Cobalt никель-кобальт лойиҳалари давом этишига салбий таъсир қилди. Шунингдек, Малайзиянинг шарқий қирғоғида қурилиши режаланган 10,4 миллиард долларга баҳоланган темир йўл иши ҳам тўхтаган. Шри-Ланка, Индонезия, Малайзия, Мяньма ва бошқа мамлакатларда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш кейинги муддатга қолдирилди.
Тошкент лойиҳа орқали Марказий Осиёдаги транспорт салоҳиятини максимал даражада очиш ва «Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё» иқтисодий йўлагини шакллантиришдан манфаатдор.

Ушбу мақсадда, 2016 йилда Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўли барпо этилди. Мазкур линия Хитойгача бўлган масофани 270 километр қисқартириш имконини берди. Бундан ташқари, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши натижасида Ўзбекистондан Хитой ва Жанубий Осиёга тўғридан тўғри чиқиш имконияти юзага келади, юк ташиш вақти 5-6 суткага қисқариши кўзланди.
Жанубий портларга чиқиш имконини берувчи «Мозори-Шариф-Кобул-Пешавор» темир йўлининг қурилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишда Мозори-Шариф ва Кобул ўртасида магистрал йўл ўтмоқда, Ўзбекистон ва Тожикистондан Афғонистон пойтахтига олиб борадиган электр узатиш линиялари тортилган.
Ушбу транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни таъминлаш учун Ўзбекистон президенти томонидан «Марказий Осиё ва Афғонистон учун молиявий мулоқот»ни ташкил этиш бўйича ташаббус эълон қилинган. Мулоқотнинг асосий мақсади Хитойнинг молиявий институтлари — Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Буюк ипак йўли жамғармаси ва бошқа йирик халқаро ривожланиш институтлари, хусусий сектор билан ҳамкорликда минтақанинг энг муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилишдир.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И билан 5 май куни телефон орқали мулоқот қилиб, айрим масалаларни келишиб олган. Масалан, унда олий ва юқори даражадаги тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди. Эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши билан ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини, ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг соҳавий кичик қўмиталари йиғилишларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Маълумот учун, 2018 йилда Ўзбекистон ташқи савдо юкларини Хитойдан ва Хитойга темир йўл транспорти орқали ташишда 2017 йилга нисбатан 18,2 фоиз ўсиш кузатилди. Импорт юкларини ташишда 25,8 фоиз ўсган. Мамлакатлар кесимида Ўзбекистоннинг энг катта кредитори – Хитой (2019 йил бошидаги ташқи қарз миқдори 2 млрд доллар бўлган).
Ғарбнинг бу масаладаги энг катта эътирози Хитойнинг ривожланаётган давлатлар манфаати билан ҳисоблашмай, уларни қарзга ботираётганида акс этади. Таъкидланишича, Хитой ривожланаётган давлатлар учун бирламчи зарурат ҳисобланмаган лойиҳаларни амалга ошириб, уларни қарз домига тортиб кетмоқда. Масалан, 2017 йил якунига кўра, Шри-Ланка ҳукумати Хитой қарзи билан қурилган Хамбантот порти учун олинган пуллар фоизини ўз вақтида тўлай олмади. Натижада умумий қиймати 1,3 миллиард долларга тенг бандаргоҳ 99 йил фойдаланиш ҳуқуқи билан Хитой компаниясига ижарага топширилди.
Иқтисодиётнинг вирус туфайли ёпилиши ривожланаётган мамлакатлар учун қарз босимини яна оширади. Табиийки, бу молиявий жиҳатдан Хитойнинг ўзига таҳдид солади. Хитой молия институтларининг кредитлари BRI'нинг бутун дунё бўйлаб тарқалишига тўғридан тўғри мутаносиб равишда ўсди. WSJ таъкидлашича, ривожланаётган мамлакатлар Хитойга 200 миллиард долларга яқин қарздор бўлиб, пул расмий ҳужжатларда ҳисобга олинмайди. Шаффофлик ва кулранг молиялаштириш схемалари BRI'га қарши яна бир айбловдир.
Қолаверса, мегалойиҳа доирасида сармоя киритилаётган давлатларда коррупция ҳолати қониқарли эмас, йўналтирилган пуллар асл мақсадга сарфланиши устидан кучли назорат ўрнатилмаган.
Германиянинг Киль шаҳрида жойлашган Жаҳон иқтисодиёт институти позициясига кўра, Хитой икки томонлама келишувларга параметрига мувофиқ, дунёдаги энг катта қарз берувчидир ва Пекиннинг ривожланаётган 50та давлат иқтисодиётидаги умумий ҳақи ўртача ЯИМнинг 2015 йилдаги 1 фоизидан 2017 йилда 15 фоизгача ўсган. Сайёра мамлакатларининг Хитойдан қарзи янги асрнинг 17 йилида ўн баравар ошган ва 5 трлн долларга тенг.
Хитой иқтисодиёти бир неча ўн йиллар ичида биринчи марта 2020 йилнинг биринчи чорагида жиддий муаммога дуч келди. Мамлакатда ишсизлик кескин ошди. Пекин бор имкониятларини ички муаммоларни ҳал қилишга сарфлашга қарор қилди. «Бир макон, бир йўл» учун бу қарор, эҳтимол кейинги ёки икки йилда инвестицияларнинг камайишини англатади.
Айни пайтда «Бир макон, бир йўл» лойиҳаларида иштирок ролини ошириб, таъсир доирани кенгайтириш учун Хитойнинг қўшнилари ва Осиёда ишлайдиган молиявий институтлар учун қулай фурсат келди.
Хорижий капитални жалб қилиш борасида BRI жуда катта захираларга эга. 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, BRI лойиҳаларини молиялаштиришда хорижий капиталнинг улуши 15 миллиард долларга етмади, бу атиги 0,38 фоизни ташкил этди (!). Бу жиҳатдан Жануби-Шарқий Осиёдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун талаб этиладиган нафақат илмий-техникавий ва молиявий экотизимга эга, балки Узоқ Шарқ гиганти билан маданий-маънавий қадриятлари ўхшаш бўлган Сингапурнинг кўрсаткичлари бирмунча яхши.
BRI лойиҳаларини давлатдан ташқари, хусусий молиялаштириш роли пандемия келиб чиққунча ўсишни бошлаганди. 2020 йил биринчи кунига мувофиқ таҳлил қилинган 1015та лойиҳанинг 676тасини молиялаштиришнинг асосий манбаси лойиҳавий молиялаштириш бўлган. Лойиҳаларни молиялаштиришнинг 20,5 фоизи хусусий секторга ва 6,8 фоизи очиқ савдога қўйилган корхоналарга тўғри келади. Шунга қарамай, молиялаштиришнинг ушбу манбалари давлат молия ташкилотларидан анча паст бўлиб қолмоқда.
«Хитой пандемия бошланишидан олдин ҳам BRI лойиҳаларини кўп қиррали очиқ бўлишига киришганди. Ушбу тенденция шубҳасиз давом этади, чунки индивидуал лойиҳалар турли ташкилотлар ва хусусий молиялаштириш манбаларидан маблағ талаб қилади», дейди FutureMap ҳамкори Парак Ханна.
Ханнанинг сўзларига кўра, Хитойнинг ички муаммолари унинг BRI'га бўлган қизиқишини сусайтирмайди.
«Ҳозирги кунда BRI Хитой учун аҳамиятсиз бўлмайди, чунки бу давлатнинг стратегик режаларининг муҳим нуқталаридан биридир. Гарчи биз Пекиннинг ҳарбий нуфузини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари кўпайганига гувоҳ бўлсак-да, Хитой BRI'ни географик алоқани кучайтириш, Осиё, Яқин Шарқ ва бошқа қитъаларнинг асосий мамлакатларига тижорат босимини кучайтириш учун соябон сифатида ишлатишда давом этади», дейди у.
Мавзуга оид
19:43 / 27.05.2025
Хитойдаги кимёвий заводда портлаш содир бўлди
18:42 / 26.05.2025
Хитойда роботлар илк бор рингда бир-бири билан олишди
17:57 / 26.05.2025
Хитой «исталган вақтда» Тайванга ҳужум қилишга қодир — FT
13:15 / 26.05.2025