Жамият | 13:12 / 10.05.2020
44803
5 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига ходимларининг тақдири ўйинчоқми?

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи карантин даврида 3 нафар ходимни ишдан бўшатиб юборган. Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Назиров вилоят меҳнат бош бошқармаси ва касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг талабларини писанд қилмаяпти.

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасида фаолият юритиб, ташкилот раҳбари томонидан ишдан бўшатиб юборилган уч нафар ходим – Хамидулло Ташходжаев, Шавкатжон Яқубов ва Миролим Сотиболдиев ҳақиқат излашмоқда.

Уч ходим ўзларининг ишдан ноқонуний тарзда бўшаганини исботлаш учун турли идораларга мурожаат қилишган. Уларнинг аризалари Фарғона вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ўрганиб чиқилган.

«Мен Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 2018 йил ноябрь ойидан буён бошлиқ ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эдим. Доим ўз ишимни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилганман. Бошқарма бошлиғи Абдулла Назиров 2020 йил 24 февраль куни ишхонада ўтказилаётган йиғилишдан мени чиқариб юборди ва бундан кейин йиғилишларда қатнашмаслигимни айтди.

 Шундай бўлса-да ўз ишимни бажариб юравердим. 2020 йил 19 март куни бошқарма касаба уюшма қўмитаси раиси мени мажлисга чақиртириб, бошқарма бошлиғининг мен билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик беришим бўйича тақдимномани ўқиб эшиттирди. Мен ўзимга қўйилган айблар нотўғрилигини айтдим. Шунга кўра касаба уюшмаси қўмитаси мен билан меҳнат шартномани бекор қилишга розилик бермади.

Бироқ, шундай бўлса ҳам мен билан тузилган меҳнат шартномаси 20 март кунги 72-сонли буйруқ билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми, 3-бандига кўра бекор қилинди. Ноқонуний равишда бўшатилганим сабабли Фарғона вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига мурожаат қилдим», дейди Хамидулло Ташходжаев.

Мурожаатдан сўнг Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Назировнинг аризачига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғини амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига зид деб топди. 10 апрель куни Кенгаш томонидан ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳақида тақдимнома берилди.

 Тақдимномада 7 кун ичида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни бекор қилиш Х.Тошхўжаевга 20 мартдан бери ишсиз юрган кунларига ўртача ойлик иш ҳақи тўлаб берилишини таъминлаш сўралган.

 Бошқарманинг яна бир ходими Шавкатжон Яқубов билан ҳам худди шундай ҳолат бўлган. 17 март куни Ш.Яқубов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши бу вазиятда ҳам Ободонлаштириш бошқармаси буйруғини амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига зид деб топиб, тақдимнома киритган.

Учинчи ходим Миролим Сотиболдиевнинг ишдан бўшатилиш жараёни ҳам худди шундай кечган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича қилинган мурожаатларни ўрганган Фарғона вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси давлат инспекцияси, 6 апрель куни Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига иш берувчи ходимни ғайриқонуний тарзда бўшатган тақдирда унга нисбатан маъмурий чора қўлланишини таъкидлаб  талабнома тақдим қилинди.

Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли бўлган органлар томонидан Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қатор тақдимнома ва талабномалар киритилганига қарамасдан, бошқарма бошлиғи Абдулла Назиров ҳозирча бу ҳужжатларни эътиборсиз қолдирмоқда.

Шу йил 10 апрель куни Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига Хамидулло Тошходжаевнинг фойдасини кўзлаб, ишга тиклаш ҳамда мажбуран бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундириш бўйича даъво аризаси киритган.

Таъкидлаш жоизки, Меҳнат кодексининг 101-моддасига кўра, башарти жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Шунга кўра, Х.Тошхўжаев билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан (МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 3-банди) бекор қилишда тегишли касаба уюшмаси қўмитаси розилиги олинмагани меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганини англатади.

Меҳнат кодексининг 111-моддасига кўра эса меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

Ушбу масалага фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан тегишли ҳал қилув қарори қабул қилингач яна қайтамиз.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид