Жаҳон | 01:55 / 12.05.2020
52140
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Уҳанда янги ҳолатлар ва карантиндан чиқаётган Франция

Хитойда вирус ўчоғи бўлган Уҳанда ва мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Гирин провинцияда янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилиши давом этмоқда.

Фото: AFP

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бутун дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 4,2 миллиондан ортган, 285 мингдан ортиқ киши коронавирус қурбонига айланган.

Уҳанда 5 кишида Covid-19 учун тест ижобий натижа берган. Бу шаҳарда 3 апрелдан буён илк марта янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилган.

Ҳукумат маълумотига кўра, вирусга чалинганлар бир турар жой комплексида яшашган.

Экспертлар эркин ҳаракатланишга йўл қўйилиши вирус тарқалишини яна қайтариши мумкинлигидан огоҳлантирган бўлса-да, Хитой ҳукумати апрель ойида янги зарарланиш ҳолатлари деярли йўқолгач қатъий карантин чораларини юмшатишни бошлаганди

Якшанба куни Гирин провинциясидаги Шулань шаҳрида 11 кишида вирус аниқланди. Шимолий Корея ва Россия билан чегара ҳудудида жойлашган ушбу шаҳарда карантин жорий этилди. Ушбу шаҳар айни вақтда хавф даражаси энг юқори даражага кўтарилган ягона шаҳар бўлиб турибди.

Шаҳар аҳолисига уйдан чиқмаслик буюрилган. Фақат озиқ-овқат маҳсулотлари хариди учун дўконга бориш мумкин. Жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган, таксиларга шаҳар ҳудудидан чиқиш тақиқланган.

Ҳозирча янги касалланиш ҳолатлари манбаси аниқ эмас, аммо Гирин провинциясининг географик жойлашуви, Шулань шаҳри Россия ва Шимолий Корея билан чегарадош ҳудудда жойлашганидан келиб чиқиб, хитойлик мутахассислар инфекция мамлакатга қайтган мигрантлар орқали олиб келинганини истисно қилмаяпти.

Жанубий Кореяда вирус тарқалишининг янги ўчоғи пайдо бўлган / REUTERS

Жанубий Кореяда яна 35та янги ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги бир ойдан кўпроқ вақт ичида кунлик зарарланиш ҳолати бўйича энг юқори кўрсаткичдир (10 май куни 34 ҳолат аниқланган ва бу ҳам сўнгги вақтлардаги энг юқори кўрсаткич бўлганди).

Зарарланганларнинг 29 нафари Сеулдаги тунги клубда (ноанъанавий жинсий ориентацияга эга эркаклар йиғиладиган клуб) бўлишган. Уларнинг барчаси 29 ёшли йигитдан вирус юқтириб олишган.

Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида шаҳардаги тунги клубларга 3 мингдан ортиқ киши ташриф буюрган. Уларнинг барчаси коронавирус учун аноним тест топшириши мумкин.

Ҳукумат вакиллари улар билан алоқага чиқиш осон бўлмаган - клуб ва барларда қолдирилган шахсий маълумотларда асосан ўйлаб топилган исмлар қайд этилган. 

Карантин қандай юмшатилмоқда?
Францияда миллионлаб кишилар саккиз ҳафталик карантинни якунлаб ўз иш жойларига қайтишди. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар фаолиятига ҳам рухсат берилди, бошланғич мактаблар очилди, энди фуқаролардан уйдан чиқиш учун махсус сертификатлар сўралмайди.

Париж метроси вагонларининг ярми бўш қолдирилмоқда / GETTY IMAGES

Шу билан биргаликда, йирик шаҳарларда, шу жумладан пойтахт Парижда қатъий чекловлар сақланиб қолмоқда. Мамлакат вирус тарқалиши хавфи мавжудлигига қараб «яшил» ва «қизил» ҳудудларга ажратилган. Бундан ташқари, Францияда жамоат транспортида ва катта ёшли болалар мактабларида тиббий ниқобда юриш мажбурий қилиб қўйилган. Парижга боришни истаганлар ўз иш берувчисининг рухсатини олиши керак бўлади.

BBC нашрининг Франциядаги мухбири Хью Скофилднинг сўзларига кўра, карантин чоралари енгиллаштирилган илк кунданоқ кўчалар одамлар билан тўлган. Ҳозирча Париж транспорт тизимига босим бўлмаяпти, поезд метролари ярим тўлган ҳолда ҳаракатланмоқда. Шу туфайли ижтимоий масофа сақлаш тартибига амал қилиниши таъминланмоқда. Дўконлар мижозлар учун очиқ, аммо харидорлар ичкарига маълум миқдорда киритилмоқда.

Франциянинг барча ҳудудларида дўконлар, спорт марказлари ва қабристонлар очилган, аммо Парижда савдо мажмуалари ёпиқлигича қолмоқда. Шунингдек, ҳозирча кафелар, ресторанлар ва пляжлар фаолиятига рухсат берилмади.

Германияда ҳам янги ҳолатлар сони ўса бошлаган бўлса-да, 11 май куни спортзаллар ва кафелар очилди. Мамлакатдаги ҳар бир федерал ер қайси чораларни юмшатишни мустақил ҳал қилади.

Мамлакат аҳолисининг катта қисми эндиликда ўз оила аъзолари бўлмаганлар билан ҳам учраша олиши мумкин. Мактабларга янада кўпроқ ўқувчилар қайтишига рухсат берилган.

Энг кўп аҳолига эга бўлган Шимолий Рейн-Вестфалия ерида кафе ва ресторанлар ижтимоий масофа сақлаш тартибига риоя этган ҳолда мижозларга хизмат кўрсатмоқда.

Нидерландияда кексалар уйларига (Covid-19 асосан ёши кексалар ўлимига сабаб бўлмоқда) қариндошлар ва дўстлар ташриф буюриши муаммоси ҳал этилди - келувчилар ўртасидан ойна билан ажратилган махсус хонада учрашишлари мумкин.

Claris Healthcare раҳбари BBC нашрига сўзлаб беришича, кекса ёшли кишиларнинг кўпчилиги нима учун ўз яқинлари билан кўришиши мумкин эмаслигини тушунишмайди.

«Бу ерда яшовчиларнинг аксари Альцгеймер ёки деменциядан азият чекишади ва уларнинг кўпчилиги учун iPad орқали Zoom’да гаплашиш қийинчилик туғдиради. Улар ҳамиша ҳам бу мулоқот реал ҳаётда бўлаётганига ишонишмайди, улар иккинчи томонда фақат сурат турибди ва овозлар олдиндан ёзиб қўйилган деб ўйлашади. Шу туфайли улар иккинчи томоннинг сўзларига жавоб қайтаришмайди», - дейди у.

АҚШ: жониворлар учун масофа сақлаш ва Нью-Йоркда жонланиш
Коронавирусдан энг жиддий зарар кўрган Нью-Йорк штатида айрим карантин чекловлари юмшатилмоқда, бу ҳақда губернатор Эндрю Куомо маълум қилди. Жума кунидан фаолияти вирус тарқалиши хавфини туғдирмайдиган корхоналар ва хизматларга ишлашга рухсат берилди. Жумладан, теннис кортлари ва кинотеатрлар очилди, боғчалар фаолияти тикланди.

AFP

Губернаторнинг сўзларига кўра, бутун мамлакатда бўлгани каби штатда ҳам ўлим даражаси пасайгандан пасаймоқда. Сўнгги бир кунда Covid-19дан 207 киши ўлими қайд этилди; сўнгги марта бундай қуйи кўрсаткич 20 март куни кузатилганди.

АҚШ бутун дунё бўйича коронавирусдан энг кўп жабр кўрган мамлакатдир: 1,38 миллиондан ортиқ зарарланиш ҳолати ва 81,4 мингдан ортиқ ўлим.

Бу вақтда Америка озиқ-овқат ва дори-дармонлар бўйича санитар назорат бошқармаси уй жониворлари эгаларига ўз севимли жониворлари билан масофа сақлашни тавсия қилди.

Ташкилот уй жониворлари бегона одамлар ва бошқа жониворлар билан алоқа қилмаслиги кераклигини қайд этган. Мушукларни уйдан ташқарига чиқармаслик, кучукларни эса бошқалардан икки метр масофани сақлаган ҳолда сайр қилдириш сўралган.

Бошқарма жониворлар эгаларидан жониворлар учун мўлжалланган майдонлар ва бошқа кўплаб кишилар ўз жониворлари билан келадиган ҳудудларга бормасликни сўраган.

Мавзуга оид