Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Харажатлар даромаддан кўпайиб кетган. Саудияда ҚҚС уч баравар оширилди
Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус пандемиясидан жиддий зарар кўрган иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун кўрилаётган қатъий чоралар доирасида қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) 3 марта оширишга ва аҳолига бериладиган ёрдам пулларини бекор қилишга қарор қилди.
Саудия Арабистони ҳукумати қўшимча қиймат солиғини уч баравар оширишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Муҳаммад ал Жадаан маълум қилган. Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқироз оқибатларини юмшатиш мақсадида шундай қарор қабул қилинган.
Шунингдек, яшаш учун етарли бўлган минимум миқдори ошгани сабаб бюджетдан маош оладиганларга тўлаб борилаётган устама бериш ҳам вақтинча тўхтатилади. Пандемия сабаб Саудия ғазнасига тушум кескин камайган. Чунки дунё бозорида энергияга бўлган талаб тушиб кетган, парвозлар тўхтатилган.
Саудияда ҚҚС икки йил аввал мамлакат иқтисодиётининг нефть нархига боғлиқлигини камайтириш дастури доирасида жорий этилганди. Қабул қилинган қарорга кўра, 1 июлдан ҚҚС 5 фоиздан 15 фоизга оширилади. Бюджетдан маош оладиганларга устама тўлаш ҳам шу кундан бошлаб тўхтатилади. «Бу қарорни қабул қилиш оғир, аммо коронавирус келтириб чиқарган инқирозни енгиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун жуда зарур», деган Муҳаммад ал Жадаан.
Биринчи чорак якунига кўра, Саудияда бюджет харажатлари даромаддан кўпроқ бўлган ва бюджет дефицити 9 миллиард долларни ташкил этган. Мамлакатнинг нефтдан кўрадиган даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга камайган. Бу эса 34 миллиард доллар дегани. Мамлакатнинг умумий даромади эса 22 фоизга камайган.
Саудия марказий банки март ойидаёқ мамлакатнинг олтин валюта захираси 2011 йилдан буён рекорд миқдорда камайиб кетгани ҳақида хабар қилганди. Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон мамлакатни нефтга қарамликдан қутқариш бўйича 2030 йилгача бўлган режа ишлаб чиққан. Маълум бўлишича, юқоридаги чоралар бу ислоҳотларнинг амалга ошиш темпини пасайтиради.
Ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида ўтган йил Саудия энг йирик миллий нефть компанияси Saudi Aramco’нинг акцияларини сотувга чиқарган ва бундан 25,6 миллиард доллар фойда кўрганди. Бу валиаҳд шаҳзоданинг «мамлакатни нефтга қарамликдан қутқариш» бўйича дастлабки йирик қадами бўлгани айтилади.
Мавзуга оид
07:52 / 28.05.2025
Саудия Арабистонида Қурбон ҳайити 6 июнь куни нишонланади
16:08 / 24.05.2025
82 миллиард сўмлик ҚҚС тадбиркорларга ноқонуний қайтарилгани аниқланди – ДХХ
19:00 / 19.05.2025
Саудия Арабистони — жозибадор саргузашт ва ҳашамат мужассамлашган диёр
23:21 / 15.05.2025