Жаҳон | 18:51 / 14.05.2020
11104
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистонда коронавирусга чалинганлар рекорд миқдорда аниқланди. Уларнинг деярли барчаси Россиядан қайтганлар 

Мўғулистоннинг Россия билан анъанавий алоқалари мамлакатга хавф солмоқда, дея қайд этади Bloomberg.

Мўғулистонда бир сутка ичида коронавирусга чалинганлик ҳолатлари рекорд миқдорда ўсди. Янги аниқланган беморларнинг деярли барчаси Россиядан қайтиб келганлар, деб хабар берди Xinhua агентлиги Мўғулистон юқумли касалликлар миллий марказига таяниб.

Марказ дастлаб 19 бемор аниқлангани, уларнинг 18 нафари мамлакатга Россиядан қайтганлар эканлигини маълум қилганди. Кейинроқ яна 37 кишида коронавирус аниқланди, уларнинг барчаси Мўғулистонга Россиядан келган фуқаролардир. Бунгача мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 42та эди, эндиликда 98тага етди.

Мўғулистоннинг Россия билан анъанавий алоқалари мамлакатга хавф солмоқда, дея қайд этади Bloomberg. Мўғулистондан кўпчилик Россияда ишлайди ва ўқийди. Россия шунингдек, мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Мўғулистон шунингдек, коронавирус тарқалиши бошланган Хитой билан ҳам чегарадош. Мамлакат шу боис вирус тарқалишига қарши зудлик билан чоралар кўрганди. Мўғулистонда халқаро саёҳатлар чекланди ва мамлакатга кираётганлар учун 21 кунлик карантин белгиланди. Пойтахт Улан-Баторда чекловлар мартдаёқ қабул қилинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид