Жамият | 09:30 / 14.05.2020
28021
10 дақиқада ўқилади

«Йиллаб тайёрланган эдик…» – 600дан ортиқ фуқаро шартномаси бўлса-да, ишлаш учун Кореяга кета олмаяпти

Улар Жанубий Кореяга қонуний ишлаш учун бориш мақсадида бир неча йил тайёргарлик кўришган — корейс тилини ўрганиб, бир нечта имтиҳонлардан ўтишган; якуний босқичга етиб келиб, виза ҳам олишган ва ҳатто Кореядаги иш берувчилар билан шартнома ҳам тузиб қўйишган.

Таҳририятимизга бир неча йилдан бери Корея Республикасига шартнома асосида ишга кетмоқчи бўлиб юрган ватандошларимиздан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, Корея томони ишлаш учун ариза берганлар орасидан Ўзбекистондан тахминан 650 кишини танлаб олган. Танланганларнинг барчаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида 7 кунлик ўқишни тамомлаб, барча тиббий кўриклардан ўтишган.

Шундан сўнг улар март ойида Кореяга учиб кетиши керак бўлган, лекин карантин сабаб рейс қолдирилган.

Aйни вақтда муаммо шундан иборатки, Корея томонидан юборилган ишчи шартномаси муддати тугаб боряпти, айрим фуқароларимиз Кореяга вақтида бормагани сабаб шартномаси бекор бўляпти.

Вазият юзасидан батафсил маълумот олиш учун мурожаатчилар ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан боғландик.

Исроилов Дилмурод (Наманган вилояти Чуст шаҳридан):

– Биз уч йилдан беш йилгача ўқиб, учта имтиҳонлардан ижобий ўтиб, шу босқичгача етиб келганмиз. Ўзбекистонга кириб келадиган пулни ҳисобласак, 1 ойда 500 киши ойлик олганда 1-2 миллион доллар мамлакатга фойда бўляпти.

Карантин сабабли чиқиб кета олмаяпмиз. Ҳукуматимиздан илтимос қиламиз, чартер рейс қилиб, Корея давлатига бориб шартнома асосида иш олиб боришимизни сўраб қолардик. Визаларимиз паспортимизга уриб бўлинган.

500 киши февралда шартнома олдик, 200 кишининг шартномаси вақтида етиб боролмагани сабабли Кореядаги корхона раҳбарлари томонидан бекор қилинди.

Миграция агентлиги билан боғланганимизда фақат кутишимизни айтишди. Ташқи ишлар вазирлиги ва президент виртуал қабулхонасига ҳам ёздим. Бизга чартер рейс ҳам, махсус рейс ҳам қилинмади.

Мен вақтида етиб бора олмаганим сабабли рад жавобини олганман. Рад жавобини олганларни, ҳозирча, кутишдан бошқа иложи йўқлигини айтишди.

Бобохонов Aнвархон (Наманган вилояти Косонсой тумани):

– 9 йилдан бери Кореяга ишга бориш учун тайёргарлик кўраман, ўқув курсларида ўқийман. Корейс тилини мукаммал даражада ўргандим, десам ҳам бўлади. 2019 йили омадим келиб 3 босқичли имтиҳондан муваффақиятли ўтдим ва 2020 йил 4 феврал ойида Корея томонидан ишчилар танлаш танловида танландим.

Март ойида кетишимиз керак эди. Бизга иш берган одам бизни Кореяда кутиб ўтирган, карантин сабабли биз кета олмаяпмиз. Кеча корхона раҳбари билан боғланиб гаплашганимизда, 3 ой муддат ичида келишимизни айтди, агар кела олмасак, бошқа давлатдан одам олишини айтди.

Мақсадимиз – кетиб оилавий шароитимизни яхшилаш. Муддатимиз жуда оз қолгани сабабли илтимос қилиб сўраб қоламиз, иложи борича махсус рейс ташкил қилиб, жўнатиб юборишса яхши бўлар эди.

Менинг визам 9 март куни чиққан ва муддати 9 июн куни тугайди. Шу вақтгача Кореяга кетишим керак.

80 фоиз ватандошларимизнинг виза муддати май ойининг охиригача тугайди. Шунча йиллик меҳнатлар, харажат, ҳаракат, узоқ масофага бориб, ишдан қолиб ўқув курсларига қатнаганларимиз, шунча меҳнат 9 йилдан кейин натижа берган пайтда бутун дунё карантинда бўлиб қолди.

Карантин қоидалари билан танишдик. Танланган ишхонани карантинда сақлаш учун шароити бўлса, бизни 14 кун карантинда сақлайди. Aгар карантинда сақлашга шароити бўлмаса, давлат томонидан пуллик, 14 кунлик карантинда сақлаш шарти бор.

Кореяда 40 ёшгача ишчи олишади. Ҳозир кетган харажатлар эмас, вақт кўзга кўриняпти. Тахминий ҳисобласам, 30 миллиондан кўп пул кетган.

Aгар шартномамиз бекор қилинса, қайтиб танловга қўйилади ва бошқа ишчи керак корхоналар танлаши мумкин. Лекин аризамизга доғ тушар экан. Вақтида етиб бормаганимиз сабабли айбдор саналар эканмиз ва бизни бошқа компания танлаш эҳтимоли паст экан.

Иброхим Валижонов (Наманган вилояти Чуст шаҳридан):

– Мен Наманган вилояти Чуст туманиданман. 2017 йил октябр ойидан контракт бўйича Кореяда ишлайман. 24 январь куни Ўзбекистонга келдим. Коронавирус туфайли, ҳамма рейслар тўхтатилди. Май ойида рейслар бор эди ва 6 майга билетларни ўзгартирган эдик. Лекин рейслар яна бўлмади. «Билетлар июнь ойига бор, лекин сотилмаяпти, агар рейслар бўлиб қолса, учиб кетасизлар», деб айтишди.

Ҳозир иш-жойи аниқ фуқароларни битта рейс қилиб жўнатиб юборса яхши бўлар эди. Бизнинг Кореяда иш жойимиз бор. Ва ҳозирча рад жавоби берилмаган. Aгар иложи бўлса, Корея билан келишган ҳолда, рейс қилиб беришларини сўраб қолардик.

Кореядан таътилга келганларни вақти 3 ойдан ўтиб кетган. Лекин улар пандемия ҳисобига 5 ой қилиб қўйишди. Aгар биз ҳам вақтида бормасак, кутмасдан бошқа ишчилар олиши мумкин.

Миграция агентлигидан сўрасак, 418 киши Кореяга етиб боргани ва ишларини бошлашганини айтишди. Aгар ҳисобласак, иши бор, таътилга келиб қолиб кетганлар 400 нафар ва шартнома асосида ишга энди кетмоқчи бўлганлар 600 нафар – жами 1000 кишидан иборат.

Ҳаммани бирдан бўлмаса ҳам, ҳафтада бир мартадан бир нечта рейс ташкил қилиб берса, ҳамма иш жойига етиб олса, яхши бўлар эди.

Келиб кетолмаётганларнинг баъзиларига ишхоналари отказ беришяпти, кимларнингдур ишхонаси эса кутяпти. Aгар Кореяда бизнинг ўрнимизга ишчи чиқиб қолса, олишлари ҳам мумкин. Биз ишга кирган Кореядаги корхоналар раҳбарлари биздан қачон келишимизни, аниқ вақтини айтишимизни талаб қилишяпти. Бизда эса аниқ маълумот йўқ.

Агентлик изоҳи

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масала юзасидан Kun.uz`га ўз муносабатини билдирди.

Унда айтилишича, Республика махсус комиссияси қарори билан фуқароларнинг ҳар қандай транспортда Ўзбекистон Республикасига кириш ва чиқиши 16 мартдан бошлаб қатъий вақтинчалик тўхтатилгани сабабли шартнома лойиҳалари келган фуқароларни март-апрель ойларида Кореяга ташкилий жўнатишнинг имкони бўлмаган.

«Шу билан бирга, Корея томонидан ҳам пандемия сабабли маҳаллий аҳоли, айниқса, чет элдан кириб келувчи фуқаролар учун ҳам қатор чекловлар жорий этилган.

Биринчидан, Корея Республикаси ҳукуматининг қарори билан мамлакатга кириб борган барча фуқароларнинг 14 кунлик мажбурий карантинда ўзини ўзи яккалаши белгиланган. Агар фуқаро яшаш жойига эга бўлмаса, кунига 100 минг вон (81 АҚШ доллари) эвазига давлат белгилаб берган жойда карантинга олинади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, апрель ойида Индонезиядан Кореяга ишлаш учун келган фуқаролар белгиланган карантин чекловларига иш берувчи томонидан тўлиқ риоя қилинмагани, яъни ўзини яккалаш манзили талабларига тўлиқ мос эмаслиги сабабли мамлакатдан депорт қилинган. Бу каби ҳолатлар меҳнат шартномаларининг бекор бўлишига, карантин қоидаларини бузганлик учун катта миқдордаги жарима, ҳатто қамоқ жазоси қўлланишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, Кореяда пандемия бутунлай бартараф этилмаган ва охирги кунларда коронавирусга чалинган беморлар сонида ўсиш ҳам кузатилмоқда. Бу Кореяга боришни режалаштираётган фуқаролар соғлиғини тўлиқ кафолатламайди.

Иккинчидан, Кореяда 1 апрелдан бошлаб жорий этилган карантин чоралари етарлича самара бермагани сабабли 6 майдан карантин чоралари янада кучайтирилди. Хусусан, EPS тоифасидаги, яъни ишлаш рухсатига эга фуқаролар олдиндан карантинга розилик битимини расмийлаштириши, Тошкент шаҳридаги ягона марказда тиббий кўрикдан ўтиши (30 доллар), шунингдек, коронавирус текширувидан ўтиши, иш берувчидан эса ишчилар Кореяга келишидан аввал карантин учун жой ташкиллаштириш талаб этилмоқда.

Карантинга розилик битими EPS марказига, ундан HRD марказига, рўйхатдан ўтган манзиллар текширилгач, яна EPS марказга қайтиб, шундан сўнг авиачипта харид қилишга рухсат берилади. Кореяга кириб боргандан сўнг карантин битимининг нусхаси талаб этилади.

Фуқаро тиббий текширувдан ўтган кундан кейин икки кун давомида ҳужжатларни элчихонага топшириши зарур.

Учинчидан, карантин чоралари кучайтирилгани сабабли Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида ҳам 11 майдан бошлаб барча виза турлари, шу жумладан Е-9 визасини расмийлаштириш жараёни мураккаблаштирилган», – дейилади агентлик ахборотида.

Қайд этилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Корея иш берувчилари томонидан биринчи маротаба танланган ва меҳнат шартномалари юборилган ҳамда Кореяда бир корхонада 4 йил-у 10 ой ишлаб, қайта меҳнат шартномаси билан ватанга келган фуқаролардан 321 нафарини кўниктириш ва мослаштириш бўйича карантин талабларига кўра онлайн ўқув курсларидан ўтказган.

Бундан ташқари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати ўртасида музокаралар олиб борилиб, виза муддати ўтган ёки иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинган (аввал Корея Республикасида миграция қонунларини бузмаган) фуқаролар учун қайта танловлар базасида иштирок этиш имконияти яратилди.

«Визасининг амал қилиш муддатлари ўтган фуқаролар масаласини ижобий ҳал қилиш юзасидан Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан музокаралар олиб борилмоқда.

Корея Республикасида ишлаш давомида меҳнат таътили ёки иш жойини ўзгартириш таътили даврида Ўзбекистонга қайтган ва ҳозирги кунда карантин сабабли Кореяга қайтиб бора олмаётган фуқароларнинг рўйхати шаклантирилиб, уларнинг виза муддатларини 50 кун муддатга чўзишга эришилди», – дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Kun.uz`га тақдим этган хабарномада.

Раҳматилло Исроилов тайёрлади.

Мавзуга оид