Жамият | 17:53 / 15.05.2020
14100
1 дақиқада ўқилади

«Абу Сахий» бозори очилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов Тошкентдаги «Абу Сахий» бозори очилгани, фаолиятига рухсат берилгани ҳақида хабарлар бўйича изоҳ берди.

«Айни вақтда Республика махсус комиссиясининг қарори билан озиқ-овқат фаолияти билан боғлиқ бўлган хизмат турлари ҳудуднинг тоифаланишидан қатъий назар фаолият кўрсатиб келмоқда. «Абу Сахий» буюм бозори фаолиятига рухсат берилмаган ва бу каби хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», деган у АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда.

Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилганди.

Республика махсус комиссиясининг 14 майдаги қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 1 июнга қадар узайтирилди. Ушбу қарорга кўра, карантин чекловлари бўйича айрим енгилликлар берилди, аммо ҳозирча буюм бозорлари фаолиятига қўлланган тақиқ бекор қилинмади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид