Жаҳон | 21:22 / 18.05.2020
5632
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 3,5 миллиондан кўпроқ бўлиши мумкинлиги айтилди

Шу билан бир вақтда Бразилия президенти Жаир Болсонару шаҳар ва регионлар раҳбарларининг ўз-ўзини изоляция қилиш режимини киритиш ва дўкон ҳамда ресторанларни ёпиш тўғрисидаги илтимосларини рад этиб келмоқда.

Фото: Miguel Schincariol / Getty Images

Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 3,5 миллиондан ортиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Сан-Паулу университети тиббиёт мактаби ходими Доминго Алвес айтди, деб хабар бермоқда The Sun.

Унинг қайд этишича, Бразилия соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотига кўра мамлакатда касаллик юқтирганлар 241 мингга яқин дейилса-да, аслида уларнинг сони бундан 15 марта кўп бўлиши мумкин. 

Бу хусусан, Бразилияда коронавирусни аниқлаш учун тестлар етарлича миқдорда ўтказилмаётганлиги билан боғлиқ. Мамлакатда коронавирусга тест топширганлар сони ўтган ҳафтада 338 мингга яқин бўлган. Италия, Испанияда эса 2 миллионга яқин киши тест топширган.

Нашрнинг қайд этишича, Бразилия коронавирус билан боғлиқ ўлимлар сони бўйича дунёда олтинчи ўринда турибди, расмий статистикага кўра, 16 минг киши вафот этган. 

Шу билан бир вақтда Бразилия президенти Жаир Болсонару шаҳар ва регионлар раҳбарларининг ўз-ўзини изоляция қилиш режимини киритиш ва дўкон ҳамда ресторанларни ёпиш тўғрисидаги илтимосларини рад этиб келмоқда. Бунинг устига, аҳолини маҳаллий ҳокимиятларнинг чекловларига эътибор қилмасликка чақирмоқда. 

Унинг сўзларига кўра, тўлиқ изоляция коронавирусдан ҳам хавфлироқ бўлган  ишсизлик, қашшоқлик ва очарчилик ўсишига олиб келади. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид