Жаҳон | 10:21 / 18.05.2020
7810
1 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк губернатори жонли эфирда коронавирусга тест топширди

АҚШнинг Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо 17 май куни ўзининг ҳар кунги брифинги вақтида коронавирусга тест топширди. Ушбу жараён жонли эфирда кечган.

Фото: ny1.com

У таҳлил топшириш жараёни оғриқсиз эканини намойиш қилиб, штат аҳолисини тест топширишга чақирган.

“Агар ўзингизда касаллик аломатлари бор, деб ўйласангиз, тестдан ўтинг”, деб келтирган Куомо сўзларини CBS New York телеканали.

Губернаторнинг таъкидлашича, штатнинг 700 та нуқтасида ҳар куни 40 минг тест ўтказилмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар вирусга тестдан ўтиш учун уларга яратилган имкониятлардан фойдаланишмаяпти.

15 май куни штат раҳбарияти коронавирус пандемиясидан энг кўп жабр кўрган ҳудудларда карантин чораларини 13 июнгача узайтирган.

Охирги маълумотларга кўра, штатда коронавирусга чалинганлар сони 350 мингдан ошган, улардан 28 минги вафот этган, 60 минг киши соғайиб кетган. Умуман олганда, АҚШ бўйича вирусга чалинганлар 1,527 млндан, вафот этганлар 90 мингдан, соғайганлар 346 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.  

Мавзуга оид