Жаҳон | 23:53 / 19.05.2020
56016
3 дақиқада ўқилади

Тожикистонда касалланиш ҳолатлари сони 2 мингга яқинлашди, Қозоғистонда ўсиш тезлашмоқда

Сўнгги бир кун давомида Тожикистонда 207 кишида коронавирус аниқланди ва жами ҳолатлар сони 1936тага етди. Қозоғистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 6751 нафарни, Қирғизистонда эса 1243 нафарни ташкил этмоқда.

Фото: Asia-Plus

Тожикистонда ўлим кўрсаткичи сўнгги бир кун давомида ўзгармай қолди. Мамлакатда вирус қурбонлари сони 41 нафарни ташкил этмоқда.

Тожикистонлик мутахассислар мамлакатда камида бир ой кескин карантин жорий этишни тавсия қилишган. 19 май куни Тожикистонга ЮНИСЕФ ташаббуси билан 13 тонна тиббий воситалар гуманитар ёрдам сифатида олиб келинди.

Қирғизистонда сешанба куни 27 кишида вирус аниқланди ва жами касалланиш ҳолатлари сони 1 243тага етди. Шунингдек, 71 нафар бемор тузалиб, умумий соғайганлар сони 898 нафарни ташкил этмоқда. Касаллик Қирғизистонда 14 кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Айни дамда мамлакатда вирус аниқланганлар билан алоқада бўлган 6 164 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди. Шифохоналарда қолаётган 331 бемордан 5 нафари жонлантириш бўлимида сақланмоқда.

Қирғизистонда 11 майдан бошлаб карантин чораларини юмшатиш бошланган. 25 майдан мамлакатда жамоат транспорти - автобус ва троллейбуслар ҳаракати тикланади. 1 июндан эса болалар боғчалари очилиши мумкин.

Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони ортда қолган бир сутка давомида 311тага кўпайди ва жами касалланиш ҳолатлари сони 6 751тага етди. Шу вақтгача беморлардан 3 572 нафари тузалган.

19 май куни энг юқори ўсиш Атирауда кузатилган. У ерда кон ишчиларининг 142 нафарида вирус аниқланган. Ортда қолган бир кун давомида Олма-отада бир киши вирус сабаб вафот этди ва мамлакатида жами ўлимлар сони 35тани ташкил этмоқда.

Қозоғистонда сўнгги уч кунда ўсиш темпи тезлашди. Бунга сабаб сифатида эса ўтказилаётган тестлар сони кўпайгани айтилмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Людмила Бюрабекованинг сўзларига кўра, ҳозир кунига 28 мингта тест ўтказилмоқда. Таққослаш учун, ўтган ҳафтада бу кўрсаткич максимум 23,5 мингга кўтарилган. Олма-ота, Туркистон ва Атирауда мобил тест лабораториялари ташкил этилган.

Шунингдек, вазир ўринбосари Қозоғистонда коронавирусга қайта чалиниш ҳолатлари кузатилмаганини айтган. Шу билан биргаликда, коронавирусни енгиб ўтганлар танасида уни қайтиб юқтирмаслик иммунитети пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

20 майдан Қозоғистонда баъзи жамоатчилик масканлари фаолияти тикланади. Нур-Султонда савдо марказлари фаолиятига рухсат берилади. Улар чеклов асосида ишлайди. Масалан, бутикларда бир вақтнинг ўзида кўпи билан 5 киши бўлишига рухсат берилган. Ижтимоий масофани сақлаш талаб қилинади.

Қозоғистон пойтахтида ҳаммом ва сауналар ҳам очилади. Уларга тўлиқ имкониятининг 30 фоизи миқдорида одам қабул қилиш талаби қўйилган. Сауналарда иш вақти соат 09:00дан соат 18:00гача этиб белгиланган.

Марказий Осиёнинг яна бир давлати Туркманистонда эса расман коронавирус аниқланмаган.

Мавзуга оид