Жаҳон | 11:16 / 21.05.2020
3388
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг собиқ адвокати коронавирус хавфи сабабли турмадан озод қилинади

АҚШ президенти Дональд Трампнинг собиқ адвокати, ҳозирда турмада 3 йиллик жазо муддатини ўтаётган Майкл Коэн коронавирус пандемияси ортида вирусга чалиниши мумкинлиги сабабли 21 май куни муддатдан аввал озод қилинади.

Фото: Getty Images

Бу ҳақда вазиятдан хабардор манба CNN телеканалига маълум қилди.

Коэн жазо муддатининг қолган қисмини 2021 йил ноябргача уйида ўтайди.  

Трампнинг собиқ адвокати Нью-Йорк штатидаги федерал турмалардан бирида 3 йиллик жазо муддатини ўтаётганди. Бу турмада 14 маҳбус ва 7 ходимда коронавирус аниқланган.

Коэн 2018 йил декабрда жазога ҳукм қилинганди. У иккита иш бўйича айбланган. 2018 йил августда у Трамп билан ишқий муносабатларда бўлган икки аёлга президент сайловлари олдидан бу ҳақда сукут сақлашлари учун 280 минг доллар беришни ташкиллаштиришдаги айбини тан олган. Ўшанда прокурорлар пуллар шахсан Трампнинг кўрсатмасига кўра тўланганини айтишган. Суд ушбу тўловларни АҚШ президенти сайловолди кампаниясини молиялаштириш қоидаларининг бузилиши деб топган. Шу иш доирасида Коэн солиқ тўлаш билан боғлиқ фирибгарликлардаги ва банкка ёлғон маълумотлар тақдим қилишдаги айбини ҳам тан олган.

Шунингдек, Коэн 2018 йил ноябрда конгрессга “Россия иши” бўйича ёлғон маълумотлар берганликдаги айбига иқрор бўлганди. ОАВ маълумотларига кўра, гап Коэннинг Москвада Трамп-тауэр биноси қурилиши борасидаги режалар бўйича 2017 йил АҚШ сенатида ўтган жараёнлардаги кўрсатмалари ҳақида бормоқда.

Аввалроқ 2016 йилдаги сайловларда Трампнинг сайловолди штабига раҳбарлик қилган Пол Манафорт коронавирус пандемияси сабабли Пенсильвания штатидаги турмадан озод қилингани маълум қилинганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид