Жамият | 18:40 / 23.05.2020
12923
4 дақиқада ўқилади

«Катта зарар турган пайтда шариатдаги баъзи бир ҳукмлар енгиллаштирилади»- Ҳасан домла Қодиров

Kun.uz муборак Рамазон ойи муносабати ташкил этиб келаётган туркум суҳбатларнинг навбатдагисида ҳайит намози ўрнига зуҳо намозини ўқиш ва ҳайит байрамидаги одатларимиз ҳақида сўз боради. Бу мавзуда маълумот олиш учун «Сирож Солиҳ» жоме масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодировга мурожаат қилдик. 

Ҳозир ҳаммамизга маълумки, коронавирус пандемияси ҳукм сурмоқда ва у ҳали бартараф бўлганича йўқ. Бундан олдин Ўзбекистон мусулмонлар идораси раислари, муфтий ҳазратларининг карантин даврида жамоат намозларини уйда ўқиш ҳамда жума намозининг ўрнига пешин намозларини ўқиш тўғрисида фатволари чиққан эди.

Aслини олганда, жума намози вожиб, ҳайит намозининг ҳам ҳукми вожиб. Шунинг учун фатвонинг ўзи ҳам ҳайит намозига ўз таъсирини ўтказади.

Шу билан биргаликда, муфтий ҳазратлари бу йил ҳайит намозлари жамоат бўлиб ўқилмаслиги тўғрисида фатволарини чиқардилар.

Асосий омиллардан бири, динимиз нима учун келган? Динимиз инсониятга манфаат етказиб, зарарни кетказиш учун келган. Уламоларимиз, нафақат Ҳанафий мазҳаби уламолари, балки тўртта мўътабар машаб уламоларининг ҳаммалари айтадики, агар инсониятга зарар келадиган бўлса, ана шу зарарни кетказишнинг ҳукми вожиб бўлади. Инсон зарарни қабул қилмаслиги, унга қарши курашиши ва шу зарарнинг сабаблари йўлини тўсиш мусулмон банданинг зиммасига вожиб бўлади. Шунинг учун уламоларимиз кўп қоидаларни ишлаб чиққанлар, бу Қуръони Карим ва Ҳадисдан олинган қоидалар.

«Сирож Солиҳ» жоме масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров

Бу қоидаларнинг бири шуки, фойдани жалб қилишдан кўра зарарни кетказиш олдинга қўйилади.

Қоидалардан яна бири, кичкина зарар билан катта зарар кетказилади. Яъники, катта зарар бўлган пандемияда одамлар жамланса, тезда юқмоқда. Ҳаттоки баъзи бир мамлакатларда кунига юзлаб инсонлар вафот этмоқда. Катта зарар турган пайтда шариатдаги баъзи бир ҳукмлар енгиллаштирилади.

Хусусан, ҳайит намозини ўқиш жамланганда касалликнинг юқиши, одамларга зарар бўлиши эҳтимоли кўп бўлганлиги учун мана шу фатволар чиқарилган. Чиқарилган фатволар бизнинг динимизнинг мақсадлари, асослари ва руҳиятларига тўғри келадиган фатволар бўлади. Шунинг учун юртдошларимиз ҳеч қандай тараддудга тушмасликлари керак.

Мисол учун, ҳайит намозини ўқишимиз керак эди, бизга вожиб эди деган тушунчалар бўлиши мумкин. Бу борада улар гуноҳкор бўлишмайди. Чунки шариатнинг кўрсатмасига мувофиқ, фатвога юриляпти, зарарнинг олди олиняпти, айнан шариат ҳам шунга буюрганлиги учун, ҳайит намозини ўқишмаганида гуноҳкор бўлишмайди. Чунки шаръий фатво улар учун ҳужжат бўлиб турибди.

Шариатда вожиб бўлган ҳайит намозини тарк этишга фатво берилгандан кейин, оддий урф-одатларимиз ҳам ўз-ўзидан чегарасига тушиши лозим. Шаръий битта ҳукм енгиллашганидан кейин оддий урф-одатга айланган нарсалар енгиллашиши ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши шарт.

Ҳайит байрамини оиламиз даврасида кўтаринки кайфиятда ўтказамиз. Лекин баъзи бир одатларимиз, яъни яқин қариндошлар ҳолидан хабар олиш, жамланишларни бироз чекласак мақсадга мувофиқ бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадиларки, “Исломда зарар бериш ҳам йўқ, зарарни қабул қилиб олиш ҳам йўқ” деганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг бу ҳадислари олтин қоидага айланиб қолган.

Халқимиздаги ҳайит кунлари таъзия бўлган хонадонларга бориб, таъзия изҳор қилиш, ўтганларни эслаш одати бор. Aслида буни динимиз ҳам қоралайди.

Оллоҳга шукр бўлсин, бу йилги Рамзон ойи ҳам файзли, баракотли ўтди. Хонадонларда хонадон аҳллари таровеҳ намозларини ўқишди, Рамазон рўзалари тутилди.

Мана шу ойда юртимизда, қориларимиз томонидан 17 мингта хатми Қуръон ва дуолар қилинди. Aллоҳ бу амалларимизни ўзи қабул қилган бўлсин. Бир юртда Қуръони Карим қанча кўп ўқиладиган бўлса, у юртга баракот киради, дуолар ижобат бўлади. Юртимизни доимо ҳар хил офатлардан, балолардан, фитналардан, барча ёмонликлардан ўз паноҳида асрасин. Парвардигор эл-юртимизни тинч, халқимизни фаровон айласин. Aллоҳ ҳаммамизга муборак Рамазон байрамини хайрли ва баракотли қилсин. 

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид