Жаҳон | 01:14 / 24.05.2020
10102
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг бадавлат 25 кишининг бойлиги икки ойда 255 млрд долларга кўпайди

Коронавирус пандемиясига қарамасдан, дунёдаги энг бадавлат 25 кишининг жами бойлиги икки ойда 255 млрд долларга кўпайди, деб ёзмоқда Forbes.

Фото: Донат Сорокин/ТАСС

Нашрнинг қайд этишича, Марк Цукербергнинг бойлиги 31 млрд доллардан 86,5 млрд долларга етган. Бунинг асосий сабаби у раҳбарлик қиладиган Facebook компанияси акциялари нархининг сезиларли даражада ошганидир.  

Amazon корпорацияси раҳбари Жефф Безос охирги икки ой ичида акциялари қиймати ўсиши ортидан 29,9 млрд доллар ишлаб олди. Унинг бойлиги миқдори 146,9 млрд долларга етди. У жаҳоннинг энг бадавлат кишиси бўлиб турибди.

Microsoft асосчиларидан бири Билл Гейтснинг бойлиги 11,9 млрд долларга кўпайиб, 106,5 млрд долларга етди. LVMH (Louis Vuitton Moet Hennessy) компаниялар гуруҳи бош директори Бернар Арнонинг активлари 12,8 млрд долларга ўсиб, 94,1 млрд, Berkshire Hathaway инвестицион фонди раҳбари Уоррен Баффетнинг бойлиги эса  6 млрд долларга ўсиб, 69,2 млрд долларни ташкил этди.

Oracle корпорацияси асосчиларидан бири Ларри Эллисоннинг бойлиги 10,4 млрд долларга кўпайиб, 66,4 млрд долларга, Microsoft собиқ раҳбари Стив Балмернинг бойлиги 14 млрд долларга кўпайиб, 65,4 млрд долларга, Google асосчиларидан бири Ларри Пейжнинг бойлиги эса 14,2 млрд долларга ошиб, 63,6 млрд долларга етди.  

Нашрнинг ёзишича, пандемия шароитидан аҳолининг даромади камайган. Масалан, АҚШда март ўрталаридан бери 39 млн киши ишсизлик бўйича нафақа сўраб мурожаат қилган. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид