Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕОИИга яқинлашувнинг учинчи давлатлар билан алоқаларга таъсири ва аҳволи ўзгаришсиз қоладиган мигрантлар — Сенаторлар билан суҳбат (2-қисм)
Kun.uz мухбири ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон учун нималар бериши ва қандай оқибатлар келтириши борасида Сенат расмийлари-Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ва Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов билан интервью ташкил қилган эди. Қуйида интервьюнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.
Илёс Сафаров: – Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисларидан бирида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Унда вазир Жамшид Қўчқоров иттифоқда кузатувчи давлат мақоми Ўзбекистон учун халқаро ташкилот ва бошқа учинчи давлвтлар билан ўзаро муносабатларда муаммо келтириб чиқармайди, деди. Лекин ташкилотнинг янги кўрилаётган стратегияси бўйича иттифоққа аъзо давлатлар учинчи давлатлар билан алоқаларида ЕОИИнинг вакили иштирок этишини таклиф қиляпти. Савол: қандай қилиб биз билан ҳамкорлик қилаётган бошқа бир давлат бунга кўниши мумкин?
Дейлик, АҚШ ёки Япония биз билан музокаралар столида иттифоқ вакили ҳам ўтириши учун рухсат беришига ишонасизми?
Равшанбек Алимов: – Жуда ўринли ва муҳим савол. Чунки Евроосиё иқтисодий иттифоқининг кейинги босқичлардаги ривожланиш ҳаракатлари биз томонимиздан ҳам синчиклаб ўрганишни тақозо этмоқда. Чунки ҳақиқатан ҳам, бу жараёнга Қозоғистон президенти ўз эътирозини билдирди. Аммо бу ҳозирча лойиҳа даражасида ва бу тўғрисида ҳали қарор қабул қилинмаган. Агар ҳақиқатда бундай қарор қабул қилиниб, кучга кирса, демак, биз ҳам ўзимизнинг миллий манфаатимиздан келиб чиқиб, ушбу вазиятда ташкилот билан ҳамкорлик қилиш даражамизни белгилашда буни инобатга олишимиз керак. Бу биз учун, албатта, муҳим сигнал ҳисобланса-да, лекин бунақа қарор қабул қилинмаган, бу ҳали Евроосиё иқтисодий иттифоқида ҳам муҳокама қилиняпти. Кўрайлик-чи, ҳали олдиндан бирор нима дейишга эрта. Лекин сизнинг саволингиз ўринли. Муҳим стратегик йўналишларда, менинг фикримча, саноат мотивизация қилиш сиёсатида, инвестиция стратегиясини белгилашда, хорижий инвестицияларни жалб қилишни белгилашда, албатта, Ўзбекистон мустақил бўлиши керак. Бу ерда ҳеч қандай савол бўлмаса керак. Лекин билишимизча, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳужжатларини ўргансак, бунақа шартлар йўқ. Демак, Ўзбекистонга таҳдид солувчи қандайдир шартларини кўрмаяпмиз. Албатта бу ҳозирги даражадаги ўрганишда. Кейинчалик кузатувчи мақомида яқинроқ ўрганишда, албатта, сиз айтаётган йўналишлар ҳам жуда муҳим. Қарор ва қонун-қоидалар чуқур ўрганилиши керак ва буларни инобатга олишимиз керак.
ЕОИИнинг маъқулланмаган стратегияси, «кузатувчи» мажбуриятлари ва дипломатия қоидаларини бузган Захарова ҳақида – Сенаторлар билан суҳбат (1 қисм)
И.С: –Ўзбекистоннинг иттифоққа яқинлашувида энг катта сабаблардан бири сифатида Россиядаги ўзбек мигрантларига қулайлик яратиш масаласи тургани айтилади. Бу — ЕОИИга яқинлашувни энг кўп ёқлаётганларнинг асосий аргументларидан. Лекин биз ташкилотга яқинлашсак ёки аъзо бўлсак мигрантларимиз ҳам худди Россия фуқаролари каби солиқ тўловчига айланади. Бу — бозор коньюктураси. Айтинг-чи, ушбу ўзгаришда мигрантларимиз учун кутаётган енгилликларимиз пучга айланмайдими?
Р.А: – Жуда ўринли ва муҳим саволларни кўтаряпсиз. Лекин рухсат беринг, сизнинг саволингиздаги тезисга қўшилмасликка. Яъни Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий иттифоқи билан энг муҳим масаласи- миграция масаласи дейилиши унчалик тўғри эмас. Лекин шуни ҳисобга олишимиз керакки, Ўзбекистоннинг қизиқишини, унинг эътиборини тортаётган йўналишлар бу–биринчи навбатда, халқаро иқтисодий муносабатлардаги имкониятлар. Шунингдек, транспорт коммуникация соҳасидаги Ўзбекистонда янги очилаётган йўналишлар ва албатта, бошқа йўналишларимиз қатори мигрантларимизнинг, меҳнат муҳожирларимизнинг, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон фуқароларининг вақтинча Евроосиё Иқтисодий иттифоқи давлатларида меҳнат фаолиятига таъсири. Сизнинг саволингизга жавоб шундайки, кузатувчилик мақомида Ўзбекистон фуқароларини Россиядаги оддий солиқ тўловчиларга тенглаштирилиши унчалик ҳақиқатга яқин эмас. Яъни ҳақиқатан, Евроосиё фуқаролари давлатларининг аъзолик мақоми меҳнат муносабатлари нуқтаи назаридан аъзо бўлмаган давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг мақомидан жуда катта фарқ қилади. Ўзбекистон фуқароларининг шароити Қирғизистон, Арманистон, Беларусь давлатлари фуқароларидан бизнинг фуқароларимизнинг ҳолати оғирроқ. Чунки бизнинг фуқаролар патент сотиб олади ёки бошқа турли чекловлар ҳам уларга таъсир қилади. Сиз эслатаётган тезис унчалик ҳам тўғри эмас. Чунки Ўзбекистон иттифоққа кузатувчи мақоми билан кирганда ҳам фуқароларимизга меҳнат муҳожирлиги нуқтаи назаридан ҳеч қандай енгиллик бўлмайди.
И.С: –Ўзбекистон раҳбарияти Жаҳон савдо ташкилотига киришдан кўра Евроосиё иқтисодий иттифоқига яқинлашувни тезроқ ва кўпроқ истаётгандек таассурот уйғотяпти. Масалан, Евроосиё Иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик тўғрисида гапира бошланганига бир йил ҳам бўлмади ва бу борадаги якуний қарор эълон қилинди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун 1994 йилда ариза топширган. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ҳаракатларини фаоллаштиришга нима тўсқинлик қилмоқда?
Р.А: – Умумий қилиб олганда Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнида ўзига яраша қонун-қоидалар бор. Албатта, ташкилотлар белгилаётган стандартларга интилиш. Чунки очиғини айтамиз, бугун маълум стандартлар нуқтаи назаридан Ўзбекистон нафақат Жаҳон савдо ташкилоти қўяётган талаблар, балки Евроосиё Иқтисодий иттифоқидаги стандартлардан ҳам орқада. Шу жиҳатларни объектив ҳисобга олиб, ўзимизнинг ҳаракатларимизни ва ўша ташкилотлар билан мулоқотларимизни айнан шу прагматик, натижадор мақсадлардан келиб чиқишимиз керак.
И.С: –Европа иттифоқи деганда Доналд Туск ёки Макрон кўз олдимизга келмайди. Уни умумий бир катта ташкилот сифатида кўрамиз. Лекин Евроосиё Иқтисодий иттифоқи деганда негадир «Путиннинг ташаббуси ёки Назарбоевнинг ташаббуси», деган фикрларни кўп эшитамиз. Ҳамма нарса шахсийлаштирилгандек бу ерда. Мободо, Путин сайловда кетиш истагини билдириб қолса, бу ёғи қандай бўлади, деган савол ҳам кун тартибига чиқади. Бу институтнинг жуда ҳам заифлигини кўрсатади. Нима учун биз бу заиф ташкилотга интиламиз?
Р.А: –Жуда қизиқ савол. Мени қарашим анчагина бошқача. Сиз айтаётган Европа иттифоқи ёки Евроосиё Иқтисодий иттифоқи деганда менда қандайдир шахслар ёки давлат раҳбарлари сиймоси гавдаланмайди. Кўпроқ бунинг орқасида аниқ давлатларни кўришимиз керак. Масалан, Европа иттифоқида, тушунарлики, иқтисодий салоҳияти жиҳатидан Германия ва Франция Ўзбекистоннинг ривожланиши учун жуда муҳим ҳамкорлар. Шунинг учун, Евроосиё Иқтисодий иттифоқида ҳам Россия, Қозоғистон ёки Беларусни шу жиҳатдан кўришимиз керак. Менинг назаримда, бунақа масалаларни кўришда асоссиз символизмларга берилишимиз керак эмас. Ўзбекистоннинг аниқ ривожланишидаги, аҳолимизнинг даромадларини оширишимиздаги, умуман, иқтисодий-ижтимоий ривожланишдаги аниқ қулайликлар яратувчи масалалар нуқтаи назаридан қарашимиз керак. Масалан, сиз айтяпсиз, Россия, Қозоғистон, Беларусь Евроосиё Иқтисодий иттифоқи даражасида ҳамкорлигимизни билдиради. Лекин Қирғизистон ҳам ўша иттифоққа киради. Менинг фикримча, Қирғизистон билан ҳам ҳамкорлигимиз шароитлари бир мунча осонлашади.
И.С: –Эркин ака, ўзингиз ҳам кузатяпсиз, кузатмаслигингиз мумкин эмас, албатта. Ижтимоий тармоқларда, жамиятда Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий иттифоқига яқинлашуви, интеграция масаласи мустақилликка тўғридан тўғри таҳдид, дея қараляпти. Кўпчилик шундай фикрда. Тўғри, кўпчилик раҳбарлик ушбу яқинлашувнинг мустақилликка таъсири йўқ, дея изоҳлаяпти. Лекин «мустақиллик» сўзини ҳам турлича тушуниш мумкин. Масалан, ташкилотга яқинлашиш билан геосиёсий ҳаракатларимизда эркинликни йўқотишимиз мумкин. Мана, хавотир олинаётган жиҳат қаерда.
Эркин Гадоев: – Мана ҳозиргина ўзингиз бир мисол келтирдингиз: Европа иттифоқи билан Евроосиё Иқтисодий иттифоқи. Мана шунда битта сўз бор: Иқтисодий. Фақат иқтисодий соҳада интеграция бўлади. Албатта, давлатимиз ўзининг суверен мустақиллигини сақлаб қолади. Бу ерда фақат мақсад битта: иқтисодий муносабатларни шаффоф қилиш, енгиллаштириш, давлатлар ўртасидаги иқтисодий товар айланиши, хўжалик операцияларини осонлаштириш кўзда тутилаётган масала бу. Бизда йирик корхоналар бор. Кичик бизнес корхоналари бор. Мана шундай корхоналар ўртасидаги фаолиятга қандай таъсир қилади,улар бошқа давлатлардан товар кириб келиш ҳисобига инқирозга учрамайдими, ёки катта корхоналаримизда муаммо бўлмайдими, деган масалалар бор. Албатта, бу корхоналар олдин ҳам бўлган. Ҳозир ҳам тадбиркорлик субъектлари ривожланиши давом этяпти. Мана шу ривожланиш суръатлари яхши ривожланиб кетяпти кейинги йилларда. Мана шундан келиб чиқиб, иқтисодий интеграцияга қатнашадиган бўлсак, савдо алоқаларининг ривожланиши натижасида биз ҳам ўзимизнинг иқтисодий ривожланишимизни таъминлашимиз мумкин. Фақат қўшимча сифатида яна бир айтмоқчи бўлган нарсам, биз кузатувчи мақомида кирсак, мана шу ҳолатда бизнинг иқтисодиётимиз қайси тармоғига қай даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билиб олиб, уни олдини олиш чораларини ҳам кўришимиз мумкин. Чунки мана битта мисолни айтяпсиз. Меҳнат муҳожирлари тўғрисида. Албатта, меҳнат муҳожирлари 183 кундан ортиқ яшайдиган бўлса, Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам солиққа тортилиши мумкин. Лекин шунга қарамасдан, интеграция бўладиган бўлса, уларни ўша ерда бориб, меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун тартиблар осонлашади.
Фото: buxgalter.uz
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:45 / 15.04.2025
ЕОИИ Марказий Осиё интеграциясига монелик қилувчи омил бўлиши мумкин — Фарҳод Толипов
20:15 / 26.12.2024
Мирзиёев: ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлари билан Ўзбекистонга кириш имконини беришга тайёрмиз
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
07:30 / 29.11.2024