Ўзбекистон | 19:00 / 30.05.2020
10884
3 дақиқада ўқилади

Эксперт гуруҳи 20та қамоқда сақлаш жойларида мониторинг ўтказди – Омбудсман

2019 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Андижон, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги 20 та жазони ижро этиш муассасаси ва 6 та тергов ҳибсхонасига жами 26 та мониторинг ташрифи амалга оширилган. Бу ҳақда 29 май куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Улуғбек Муҳаммадиев/Фото: KUN.UZ

2019 йилда Вакил томонидан Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Андижон, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида жойлашган 20 та жазони ижро этиш муассасасига ва 6 та тергов ҳибсхонасига, жами 26 та мониторинг ташрифи амалга оширилган. Шунингдек, вилоятлардаги 963 ўринга мўлжалланган 12 та Реабилитация марказида ҳам мониторинглар ўтказилган.

Мониторинг ташрифлари давомида қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар билан жамоавий учрашувлар (3000 дан ортиқ) ва якка тартибдаги суҳбатлар (248 киши билан) ўтказилган. 2020 йилнинг 25 май кунига қадар, Вакилга кўмаклашувчи ва жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи эксперт гуруҳи томонидан қамоқда сақлаш жойларида жами 20 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Жумладан, Тошкент шаҳри, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятларида жойлашган 9 та жазони ижро этиш колониясида ва 11 та манзил-колонияларда мониторинг ўтказилди”, дея Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда таъкидланишича, эксперт гуруҳи томонидан коронавирус пандемияси шароитида ҳам 10 та ЖИЭМ, жумладан 4 та жазони ижро этиш колониясида ва 6 та манзил-колонияларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган қоидаларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда мониторинг ўтказилган.

“Мониторингларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), унинг ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, шунингдек “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” ҳамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўтказилган мониторинглар давомида маҳкумларни қамоқда сақлаш шароитлари, жумладан, яшаш ва овқатланиш, шунингдек, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маҳкумлар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ҳолатлари ўрганилди.

Мониторинглар давомида 570 дан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ва 153 нафар маҳкум билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди”, дейди Улуғбек Муҳаммадиев.

Мавзуга оид