Ўзбекистон | 23:54 / 30.05.2020
105721
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Бугун уч ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди

30 май куни Ўзбекистонда жами 58та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди ва 55 бемор тузалди. Шу вақтгача 2753 киши соғайган, айни вақтда шифохоналарда 749 бемор даволанмоқда.

Бугун янги ҳолатлар учта ҳудудда - Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

58та янги касалланиш ҳолатининг 21таси аҳоли орасида қайд этилган.

Хусусан, Тошкент шаҳрида жами 11та янги ҳолат аҳоли орасида қайд этилган, уларнинг иккиси аввалроқ «Ўрикзор» бозорида коронавирус аниқланган сотувчининг фарзандларидир. Бугун Тошкентда 44 бемор тузалди.

Шу вақтгача пойтахтда 1604та ҳолат қайд этилган, беморларнинг 1063 нафари даволаниб чиққан, 6 киши вафот этган, айни вақтда шаҳардаги шифохоналарда 541 нафар бемор даволанмоқда.

Самарқанд вилоятида аҳоли орасида 8 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Бугун вилоятда 9 нафар беморга жавоб берилди.

Ўзбекистон бўйича энг оғир вазият сақланиб турган ҳудудлардан бўлмиш Самарқандда шу вақтгача 360та зарарланиш ҳолати қайд этилган, беморларнинг 274 нафари даволаниб чиққан, 2 киши вафот этган. Вилоятда сўнгги кунларда узлуксиз янги ҳолатлар қайд этилмоқда.

Наманган вилоятида беморлар сони 2 нафарга ўсди, Тўрақўрғон туманида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Вилоятда шу вақтгача 258та ҳолат қайд этилган - шундан 155таси Наманган шаҳрида. Шунингдек, Наманган тумани (49), Уйчи тумани (28), Учқўрғон тумани (12), Норин тумани (5), Янгиқўрғон тумани (4), Поп тумани (2), Чуст тумани (1)да касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Косонсой, Мингбулоқ ва Чортоқ туманларида шу вақтгача касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Вилоятдаги беморларнинг 247 нафари тузалиб бўлган (96 фоиз), айни вақтда шифохоналарда 7 бемор даволанмоқда.

Бугун қайд этилган ҳолатларнинг яна 33таси карантин муассасаларида аниқланган - сўнгги кунларда Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидан рейслар орқали олиб келинган, шунингдек Россиядан Қозоғистон орқали ва Қозоғистоннинг ўзидан келган фуқароларга вирусга чалиниш ташхиси қўйилган.

Жумладан, 27 май куни Россиядан келган 2, 28 май куни 1 нафар Қозоғистон ва яна 1 нафари Сирдарё вилоятига «Гулистон» чегара пости орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида тасдиқланди.

Шу вақтгача касалликка чалингани қайд этилган 3546 кишидан 2783 нафари соғайиб, даволаниш даражаси 78 фоизни ташкил этмоқда. 749 нафар бемор юртимизнинг 7 ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида даволанишмоқда. Улардан 6 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бугун мамлакатда жами 1379 киши уй карантинига олинди, 698 киши уй карантинидан чиқарилди.

Шунингдек, 1267 киши стационар карантинга олиниб, 1479 киши ўз уйига кузатилди. 

Мавзуга оид