Ўзбекистон | 21:16 / 30.05.2020
64627
20 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон четдаги фуқаролари учун чегараларни очиши керакми? – ҳуқуқшунослар ўртасида мунозара

Россияда ўз юристлик фаолиятини олиб бораётган Зарнигор Омониллаева бир неча кун аввал фейсбук ижтимоий тармоғида «Чегараларни очиш керак» сарлавҳали постини эълон қилди. Унда бир нечта давлат ўз фуқаролари учун чегараларини очаётгани, Ўзбекистон ҳам шундай йўлдан бориши кераклиги хусусида сўз боради.

Аммо Россиядаги бошқа бир ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад коронавирус хавфи ҳали бартараф қилинмагани ва чегараларни очишга ҳам эрта эканлигини билдирди.

Kun.uz мухбири ушбу мавзу юзасидан икки ҳуқуқшунос иштирокида онлайн мунозара ташкил қилди. Унда ҳуқуқшунослар ўзлари билдирган фикрларини асослашга ҳаракат қилишди.

Зарнигор Омониллаева:– Постда аввало мигрантлар нима учун уйга қайтиш ҳаракатида эканлигини ифодалаб беришга ҳаракат қилдим. Уларнинг уйга қайтиши учун қандай тўсиқлар борлиги, чегараларни ёпиқ тутиш учун қарши аргументларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Шу билан биргаликда, чегаралар очилмаса нима бўлади деган саволдан келиб чиқиб ҳам ўз фикримни беришга ҳаракат қилдим. Бу ҳолатни Россияда фуқаролари, меҳнат муҳожирлари анчагина қолиб кетган бошқа давлатлар – Арманистон ва Молдова мисолида вазиятни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Арманистон ёки Молдова ўз чегарасини очмаганда балки менинг ҳам бу масалада позициям кучаймаган бўларди. Чунки Россиядан ватанга қайтмоқчи бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўп. Арманистонга, Молдовага қайтмоқчи бўлганлар ҳам ўзининг фуқаролари. Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганлар ҳам ўзининг фуқаролари. Шунинг учун ўзбекистонликларни ўзини уйига киритмасдан уларнинг чегараларда, Россиянинг ўзида оғир шароитда қолиб кетишига йўл қўйиб бериш коронавирусга қарши курашиш нуқтаи назаридан ҳам нотўғри ҳисобланади. Ҳозирда меҳнат муҳожирларига берилаётган ҳар қандай ёрдам бир марталикдир, яъни бевосита давомий ёрдам эмас. Меҳнат муҳожирининг ишга чиқиб кетгунича ёки Россияда шароит яхшилангунча уларни яхши шароитда сақлаб туриш мумкин бўлган ёрдам берилаётгани йўқ. Бу ёрдам тугаши билан ўша меҳнат муҳожирлари худди ўша сабаблар билан барибир яна уйга қайтишни истайди. Шунинг учун уларнинг ватанига қайтишига қарши чиққандан кўра, қайтишига рухсат берган ҳолда бу жараёнларни тўғри ташкиллаштириш тарафдориман.

Ботиржон Шермуҳаммад: – Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистонга кириши учун чегаралар ёпиқ эмас. Шу пайтгача Ўзбекистон ўз фуқаролари учун чегарани ёпгани йўқ. Муаммо – Ўзбекистон чегарасига етиб боришда. Фуқаро қаерда бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон чегарасига етиб борса, ҳудудга киргизилади. Ҳатто чет эл фуқароси бўлса-ю, Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлса, уни ҳам киргизади. Муаммо доимий самолётларнинг йўқлигида ва Ўзбекистон-Россия ўртасида тўғридан-тўғри чегаранинг йўқлигида – ўртада Қозоғистон бор. Қозоғистон ўз ҳудудида касаллик кенг тарқалгани учун чегарани чет эл фуқаролари учун ёпган. Поезд ва автомобил йўллари Қозоғистон орқали ўтгани учун ҳам Ўзбекистонга боғлиқ бўлмаган муаммо бор. Бу Қозоғистон ҳукумати билан бирга ҳал қилинадиган масала. Тўғридан-тўғри рейслар масаласини ташкил этишнинг ҳам ўз муаммолари бор. Чунки у бир томонга бўш келади, доимий рейс эмас, чартер рейс бўлгани учун ҳам икки бараварга қимматга тушади. Қайтишни истаётган бунча одамни қайтариш масаласи бор.

Пост юзасидан бир неча жиҳатларга эътибор қаратмоқчиман. Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтиш ҳуқуқини чеклаб бўлмайди, деган фикр айтилган. Бу ҳуқуқни ҳеч ким чеклагани йўқ. Тўғри, фуқароларнинг ватанга қайтиш ҳуқуқи бор, лекин бундан ташқари, карантин қоидалари ҳам мавжуд. Ўзбекистоннинг 3-4 млн фуқароси Россиядан ватанга қайтмоқчи, лекин Ўзбекистоннинг ўзида ҳозир 30 млн.дан ортиқ аҳоли бор. Ҳукумат фақатгина четда юрганларнинг ҳаёти учун масъул эмас, Ўзбекистонда яшаб турганларнинг ҳам саломатлиги учун масъул. Бу муаммонинг ечими осон эмас. Чегараларнинг ёпилиши ва бошқа тақиқлар ҳеч бир амалдорнинг ўз хоҳиши билан қилинган ҳаракат эмас. Ҳамма жойда фавқулодда вазият. Бундай ҳолатда фавқулодда чоралар кўришга тўғри келади ва фуқаролар ҳам шундан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиши керак. Карантин эълон қилингандан кейин конституцион ҳуқуқларимиз чекланяпти, бемалол ҳаракатлана олмаяпмиз, шунга рози бўляпмиз. Ҳаммаси фуқароларнинг соғлигини муҳофаза қилиш учун кўрилган чоралар.

Россияда бугунгача 370 мингдан ортиқ касаллик аниқланган. Ҳам техник, ҳам тиббий, ҳам исломий нуқтаи назардан ҳам юқумли касаллик кенг қамровда тарқалган жойдан одамларнинг касаллик камроқ бўлган жойга бориши қандай оқибатга олиб келади, деган савол бор. Рейсларни кўпайтириш мумкин, лекин бу осон иш эмас. Учаётган ҳар бир рейснинг ўз экипажи бор, уларга ҳам касаллик юқиш эҳтимоли бор. Ҳар бир рейсдан кейин экипажни карантинга олиш имкони борми? Шунга яраша бизда кўп экипаж борми? Уларнинг соғлиги нима бўлади? Ҳозиргача қўйилган ҳар бир чартер рейс йўловчилари орасида коронавирусга чалинганлар аниқланган. Яъни бу касаллик Ўзбекистонга четдан кириб келди. Чартер рейслар кўпайтирилган тақдирда ҳам, одамларнинг саломатлиги масаласини ким тартибга солади? Ҳозир Россияда Ўзбекистоннинг 3-4 млн аҳолиси бўлса, нечтаси кетиши мумкин? Дейлик, 100 минг одам Ўзбекистонга қайтса, уларни карантинга олиш, даволаш имконияти борми?

Шахсан ўзим гувоҳ бўлган ҳолат: ўтган йили Андижондаги шифохонада ётишга тўғри келди. Телевидениеда жуда чиройли эътирофлар келтирилгани билан тиббиётимиз жуда ҳам оғир аҳволда. Айниқса, вилоятлардаги шифохоналарнинг аҳволи мақтанадиган даражада эмас. Баъзида оддий тиббий ниқобларни ҳам етказиб бўлмаяпти. Яъни хавфли юқумли касаллик кенг қамровда тарқаладиган бўлса, тиббиётимиз буни кўтара олмайди ва бу оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кейинги масала Ўзбекистон билан боғлиқ эмас. Қозоғистон ҳукумати розилик берсагина поезд ёки автомобил орқали фуқароларни олиб келиш мумкин. Поезд ҳам, автомобил ҳам тўхтамасдан ўтиб кетиши керак бўлади. Ўзбекистон чегарасига етгунга қадар Қозоғистон чегарасида йўловчилар чиқиб, аҳоли билан мулоқот қилмаслиги таъминланиши керак. Россияда муҳожирларга қўпол муомала қилиниши бор ҳолат, лекин бу кейинги даражадаги масала. Биринчи навбатда одамларнинг соғлиги. Қолгани кейинчалик бўлаверади. Касаллик сони Москвада юқори бўлгани билан, бошқа ҳудудларда бир неча баравар кам. У ерларда карантин қоидалари ҳам қисқариб боряпти, иш жараёнлари бошланмоқда. Ишлар бошлангандан кейин одамларнинг уйга қайтиш иштиёқи ҳам йўқолиб қолади.

Зарнигор Омониллаева: –Деярли ҳеч бир фикрларига қўшилмайман. Ўзбекистон ўз чегараларини ёпмаган, деган фикр айтилди. Бунинг ҳуқуқий тарафини кўрсак, чиндан ҳам Ўзбекистон ўз фуқаролари учун чегараларини ёпмаган. Амалий жиҳатдан қараганда эса 15 мартдан 26 мартгача бўлган муддатда Ўзбекистон фуқаролари қўлларида тайёр чипта билан тайёр самолётда қайта олмаганларига шахсан гувоҳмиз. Аэропортда тунаган, рейс қачон бўлишини кутган, чартер рейсга навбат кутганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари. Улар аэропортда қўлларида тайёр чипта билан, маълумотлар бюросида рейс бекор бўлмагани айтилгани ҳолда Ўзбекистонга учиб бора олишмаган. “Аэрофлот” ходимлари билан гаплашганимда самолёт тайёр, экипаж тайёр, антисептик воситалари бор, фақат Ўзбекистонга учиб кириб бориш учун рухсат берилгани йўқ, деган фикр айтилди. Ўзбекистон чегараларини ёпмади, деган мулоҳаза жуда ҳам баҳсли. Молдова ва Арманистонда ҳам чегарадан киритмаслик масалалари йўқ эди, лекин ҳозир келсангиз, киритамиз деб, фуқароларни мамлакатга киритиш механизмини ташкиллаштира олди. Чегараларнинг ёпилиши асли тўғри вариант эди. Бу вақтинча чегарадан ҳеч кимни киритмай турсак-да, маълум муддатгача керакли барча тайёргарликларни кўриб олсак, деган мақсадда керак эди. Чегарадан ўтказиш механизмини тўғри ташкиллаштириб олиш учун муддат олиш сифатида бу чора тўғри эди. Энди керакли тайёргарликни кўриб олгандирсизлар, ўзбекистонликлар юртига қайтишни истаяпти, деган мулоҳаза ўртага чиқмоқда. Қайтиш истагида бўлганлардан сўровнома ўтказганда уларнинг ҳеч бири уйим, ишим бор, соғлигим жойида, шунчаки учун қайтишни истаяпман, деган мулоҳазани билдирмаяпти. Ўзбекистон чегараси фуқаролар учун ёпилмаганини кўрсатиб берадиган ҳеч қандай мисолимиз йўқ. Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлаётганларнинг 99 фоизи мамлакат фуқароси эканлигини ва улар чегарадан ўта олмаётганини ҳисобга олсак, чегаралар ёпиқ деган фикрга келиш мумкин.

30 млн аҳолини ўйлаган ҳолда, 2 млн учун жавоб бермаймиз деган мулоҳазага келсак. Ўзбекистондаги карантин чоралари таҳлил қилинса, уларнинг қанчалик тўғри ташкил этилгани савол остига олинади. Аслида, касал бўлганларни ҳам, соғломларни ҳам ёппасига бир рейс билан карантинга олиб кириш давлат учун юк эди. Ҳаммани карантинга олиб, давлат ўзини қийин аҳволга қўйяпти. Касаллар карантинга олиниб, қолганлари ўз уйларида назоратга олинса, тўғрироқ бўларди. Бошқа давлатларда карантин шу йўналишда ташкил этилган – олиб келинган фуқаролар ҳолатидан келиб чиққан ҳолда карантинга олинади. Шифохонада ётди нима, уйида ётди нима – карантинда бир хил муносабат бўлади. Коронавируснинг ўз дориси бўлмагани учун фақатгина оғир ҳолатда шифохонадагилар ёрдам бериши мумкин.

Самолётлар, экипаж масаласи айтилди. Касаллар сони бўйича иккинчи ўринда бўлган Россияда ички рейслар йўлга қўйилди. Россия ўз ҳудудида қатновларни ташкил эта олган бўлса, демак, Ўзбекистонга ҳам қатновларни ташкил этса бўлади. Россиянинг хусусий ва давлат самолётлари йўловчиларга ҳимоя воситаларини тақдим этса, керакли чораларни кўрса, халқаро рейсга ҳам мослаша олади. Билишим бўйича, 1 июндан бошлаб, Ўзбекистоннинг ўз авиакомпаниясидан бошқа хусусий авиакомпаниялар чипта сотишни бошлаганди.

Ботиржон Шермуҳаммад: – Четдан олиб келинган фуқароларнинг касали борларини шифохонага, касали йўқларни уйига юборса бўлади, деган фикр бўлди. Муаммо шундаки, кимнинг касал бўлган-бўлмаганини аниқлашнинг имкони йўқ. Олиб келинган 100 нафар фуқарони текширганда 1 нафарида вирус чиқди, қолганларида чиқмади, дейлик. Уларда чиқмади дегани, улар касал бўлмаган дегани эмас-да. Нега 14 кунлик карантин? Чунки шунча пайтда касалликнинг аломатлари намоён бўлади. Уйига қўйиб юборса бўлади, деяпсиз. Шифохона ва уйнинг битта катта фарқи бор – уйда ўз оила аъзоларига юқтириш хавфи бор. Москвада ҳам юқтирганларнинг 50 фоизи ҳеч қандай аломатсиз вирус ташувчиси бўлиши мумкинлиги айтиляпти. Уйига қўйиб юборсак, занжир бўлиб бошқаларга тарқаб кетиш эҳтимоли бор-ку, бунинг масъулиятини ким ўз бўйнига олади?

Самолётлар бўйича. Россияда бўлаётган нарса бу – ички рейслар. Ички рейслар Ўзбекистонда ҳам тартиб билан йўлга қўйилди. Аммо гап четдан келадиган рейс ҳақида кетяпти. Ички рейсда учаётганлар четда бўлмаган одамлар. Россияда ҳозир беморлар 370 мингта, дунёда учинчи ўринда. Ўзбекистонда 3550 нафар. 370 минг нафар касал бўлган жойдан келган одамни карантинга олмаслик қанчалик тўғри бўлади, деган савол бор.

Зарнигор Омониллаева: –  Ҳамма муаммо ҳам шунда-да. Учиб келаётганлар орасида соғломлар ҳам, касаллар ҳам бир жойга карантинга олиняпти. Учиб келган вақтида юқтирмаган одам ҳам 14 кунлик карантин даврида ёки карантиндан чиқиб кетиш даврида ҳам юқтириб олиши мумкин.

Коронавирус Хитойдан бошқа барча мамлакатларда чет элдан келганлар орқали тарқалган, фақатгина Ўзбекистонда эмас. Шунинг учун касаллик четдан кириб келади дейишнинг ўзи нотўғри.

Ботиржон Шермуҳаммад: – Бунга қарши эмасмиз, ҳақиқатан ҳам четдан кириб келяпти-ку.

Зарнигор Омониллаева:–Қарши бўлишнинг биринчи белгиси Ўзбекистоннинг фуқаролари Ўзбекистонга ета олмаётганида.

Ботиржон Шермуҳаммад: – Биз Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтишига қарши эмасмиз, муаммо уларни қандай олиб келишда. Ҳамюртларимиз қайтишини истаймиз, ўзимиз ҳам бора олмай турибмиз. Шахсан мен ҳам ёзда уйга боришим керак, сентябрда яна қайтишим керак. 3 нафар фарзандимнинг ҳаётини хавф остига қўйиб аэропортга бориб, одамлар билан навбатда туриб, 4 соат давомида самолётда учиб, 14 кун давомида карантинда туришни тўғри деб ўйламайман. Аэропортда ҳам, самолётда парвоз вақтида ҳам, карантин даврида ҳам юқиши мумкин. Россия кейинчалик чет эл фуқароларини қайта киргизадими-йўқми деган савол ҳам бор. Муаммо шунда. Кетмоқчи бўлганлар шуни ҳам ҳисобга олишмаяпти.

Биринчи навбатда, ҳаммамизга яқинларимизнинг саломатлиги азиз. Сиз ўз фарзандингиз билан чартер рейсда учиб кетишга розимисиз? Муаммо шунда.

Зарнигор Омониллаева: –  Рози бўлардим. Пандемиянинг бошқа офатлардан фарқли томони шундаки, унда молиявий аҳволи ёмон бўлганлар энг кўп зарар кўради. Бошқа офатларда ҳамма тенг зарар кўради. Россиядаги шароит Ўзбекистондагидан кўра қанчалик яхши бўлмасин, меҳнат муҳожирларининг бу ердаги аҳволи ўз ватанидагидан кўра ёмон. Россиядаги умумий шароит меҳнат муҳожирларининг ҳаётида акс этмайди. Яшаш жойидан бошлаб, ишсизлиги, соғлиги, озиқ-овқати ҳақида қайғурмаётганига биринчи сабаб моддий етишмовчилик ҳисобланади. Россиянинг ўз фуқаролари учун шароит қанчалик яхши бўлмасин, бу муҳожирлар учун ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Илёс Сафаров: – Ўз вақтида қўлланилган карантин чекловлари фойда беришини кўряпмиз. Чегараларни яна очадиган бўлсак, иккинчи тўлқинга Ўзбекистон қанчалик тайёр? Ўзимиздаги ички касалланиш ҳолатларини енгиб бўлиб ва бошқа давлатларда ҳам аҳвол енгиллашгандан кейин чегарани босқичма-босқич очган ҳар томонлама қулайроқ эмасми?

Ботиржон Шермуҳаммад: –Чартер рейслари ташкил қилинаётганининг ўзи ҳам чегараларнинг босқичма-босқич очилишига сабаб бўлиши мумкин-да. Имкониятдан келиб чиқиб, олиб кетиб фуқароларни, карантин зонасига жойлаштирмоқда. Қанча одамни олиб келишга имконияти бўлса, шундан келиб чиқиш керак. Биринчи навбатда, оғир касаллар, ҳомиладорлар, кексалар олиб кетилиши керак. Россия ва Ўзбекистондаги амалдорлар ҳам, кетмоқчи бўлаётганларнинг ўзи ҳам бир нарсани инобатга олишмаяпти – биз жуда ҳам кўпмиз. 100 минг одамни олиб кетган тақдирда ҳам 1 млн 900 минг, 2 млн нафардан ортиқ одам қолади. Уларнинг орасида ҳам кетиши муҳим бўлганлар бор. Чартер рейслар муаммонинг ечими эмас. Чегарани тўлиқ очмагунча барибир оғир аҳволдагилар қолаверади. Узлуксиз рейслар йўлга қўйилган тақдирда ҳам, барча фуқароларни олиб кетиш учун бир неча ой давомида ташиш керак бўлади. 10 минг одамни олиб кетиш учунгина 40та рейс керак. Рўйхатга ёзилган 70 минг нафар одамни олиб кетиш учун нечта рейс керак ва улар қачон ташкил қилинади?

Зарнигор Омониллаева: – Чегараларнинг ёпиқлиги касаллар сонининг вақтинча кам бўлиб туриши статистикасига таъсир қилади холос. Чегараларни бир умр ёпиб ўтиришнинг иложи йўқ. Кун келиб чегаралар барибир очилади ва худди шу касаллар барибир кириб келади.

Илёс Сафаров: – Россия ҳам қараб тургани йўқ-ку. У ерда ҳам бепул даволаниш имконияти қилинган. Тиббиёти ҳам биздагига нисбатан яхшироқ ривожланган.

Зарнигор Омониллаева: – Ҳамма муаммо шундаки, даволаниш истагида бўлганлар ҳақиқатда даволаниши керак бўлганлардан бир неча баравар кам. Даволаниши керак бўлган, лекин даволанмаётганлар жуда ҳам кўп. Даволаниши керак бўлган ўзбекистонликлар даволаниш учун Ўзбекистонни танлаяпти, Россияни эмас. Россиядан қўрққани учун, мени қамайди, депорт қилади деган стереотиплар муҳожирларнинг руҳий ҳолатига таъсир қиляпти.

Илёс Сафаров: – Касаллар бепул даволанади, депортация қилинмайди, ҳеч ким қувиб чиқарилмайди деб эълон қилиняпти-ку.

Зарнигор Омониллаева: – Россия шифохоналарида даволаш учун олиб кетилаётган меҳнат муҳожирлари оғир аҳволдагилар. Агар аҳволи оғир бўлмаса, ўзи яшаб турган жойда карантинга олинади. Меҳнат муҳожири яшаб турган жойига пул тўлай олмаса, озиқ-овқати бўлмаса, қайси ҳисобдан уйда карантинда бўлиб даволаниши керак? Бундан аввал Ботиржон ака ҳаммани карантинга олиш имконимиз борми, деган саволни берди. Ҳамма муаммо шунда-да. Ҳозирги позициямиз – имконимиз борми-йўқми, йўқ. Шунинг учун чегарани ёпиб ўтираверамиз деган нуқтада бўлиб турибди. Аслида эса имконимиз бўлиши учун нима қилишимиз керак деган позицияга ўтишимиз керак.

Ботиржон Шермуҳаммад: – Бу касаллар қачондир қайтади, дейиляпти. Бу касаллик сурункали эмас. Вирус аниқлангандан кейин 14-21 кунда даволаниб чиқишяпти. Нима учун вақт жиҳатдан бўлиб киритиш йўлга қўйилди? Қанча касални қабул қила оламиз? Бу вазиятни назоратда ушлаб туриш. Дейлик, чегарани очиб юбордик. Қайси раҳбар масъулиятни ўз бўйнига олади? Бизни ҳукумат комиссиясига аъзо қилиб тайинлашса, шу масъулиятни бўйнимизга оламизми-йўқми? Муаммо моддий қийинчиликда эканлиги тушунарли. Ҳамма гап муаммонинг ечими қандай бўлишида. Моддий қийинчилик бўлгани билан, одам биринчи галда соғ бўлиши керак. Нафас ололмай вафот этса, унга ҳеч қандай моддий бойлик ҳам керак бўлмай қолади. Фавқулодда вазиятнинг нақадар жиддийлигини ҳис қилишимиз керак. Аввалги ҳаётимиздаги қулайликлардан воз кечишимиз керак. Ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда иш тутиш керак. Биз дуч келаётган муаммолар баъзи жойларда яшаётганлар учун муаммо эмас. Давлатнинг биринчи мақсади соғлиқни сақлаш. Соғлиқни сақлаш тизимини қайси давлат яхшироқ амалга оширяпти, билмайман, лекин юқумли касалликнинг кенг тарқаб кетмаслиги ҳақида биринчи навбатда ўйлаш керак. Қурбонлар бўлса, кимнинг яхши-ёмон яшагани кўзга кўринмайди. Соғлиқ учун ҳар қандай ҳуқуқдан, енгилликдан, моддий имкониятлардан воз кечиш мумкин. Ўзбекистонда касаллик даражаси нолга тушсагина бошқа давлатлар Ўзбекистонга ўз чегарасини очиши мумкин. Нега? Чунки у ерда касал йўқ. Россиядан касал чиқиб турса-ю, у ердан одамларни олиб келтирсак?! Менимча, ҳеч бир эпидемиолог бунга йўл қўймайди.

Кўпчилик чегарага бориб, элчихонанинг олдига бориб тўполон қиляпти. Лекин соғ одамларнинг қанчаси шифокорларга ўз ёрдамини бермоқчи? Қайси биримиз бориб ёрдам бердик? Тиббий ходимлар етишмаяпти, тез ёрдам кечикяпти. Лекин жуда ҳам кам одам ўз ҳаётини хавфга қўйиб бориб ёрдам беришга тайёр. Бу ерда юрганлар моддий-маънавий жиҳатдан бир-биримизга ёрдам қилишимиз керак. Тиббиёт тизимига ҳам қўлдан келганча ёрдам қилиш керак. Тожикистон яшил ҳудуд эди, эътибор бермади, Наврўз нишонланди, масжидлар очиб берилди. Бугун эса касалланиш сони бўйича Ўзбекистондан ўтиб кетди. Ўлим сони бўйича Ўрта Осиёда биринчи ўринга чиқиб олган. Гап одамларнинг ҳаёти ҳақида кетяпти, қийинчиликлар ҳақида эмас. Мен давлатнинг ўрнида бўлганимда, фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳарбийларни кўчага чиқариб, жуда ҳам қаттиқ ушлаган бўлардим. Чунки шу талаб қилинаётган вазият.

Зарнигор Омониллаева: – Инсонларнинг танловини чеклаб бўлмайди. Одамлар Ўзбекистонда даволаниш ниятида бўлса, қайтиш истагидан воз кечмаётган бўлса, уларни чегарадан куч билан қайтариш эмас, ватанга қайтишларини таъминлаш, қайтганларидан кейин кузатилиши мумкин бўлган зарарни минимумга тушириш бўйича чоралар ҳақида ўйлаш керак. 

Илёс Сафаров: – Фикрлар учун сизларга катта раҳмат. Ўзбекистон ҳукумати энг тўғри йўлни танлашига ва бу йўл фуқаролар учун манфаатли бўлишига ишонамиз.

Мавзуга оид