Жаҳон | 07:30 / 31.05.2020
10654
2 дақиқада ўқилади

НАСА раҳбари Илон Маск фазовий кемасининг тарихий парвозига изоҳ берди

АҚШнинг НАСА коинот агентлиги директори Жеймс Брайденстайн тадбиркор Илон Макснинг SpaceX компанияси ишлаб чиққан Crew Dragon фазовий кемаси парвозига изоҳ бериб, кема Халқаро коинот станциясига туташгандан кейингина муваффақиятни нишонлашини айтди.   

Фото: Steve Nesius / Reuters

Брайденстайн ракета старти муваффақиятли ўтгандан кейин ўзини енгил ҳис қилганини, бироқ бортида астронавтлар Даглас Херли ва Роберт Бенкен бўлган Crew Dragon кемаси Халқаро коинот станциясига туташгандан кейингина ушбу муваффақиятни нишонлашини айтди. Унинг таъкидлашича, у кеманинг ХКСга туташиши ортидан Хьюстондаги фазовий парвозлар марказидан кузатади.

НАСА раҳбарининг айтишича, кема белгиланган орбитага чиққач ХКСга туташиш олдидан унинг манёвр двигателлари ёқилади. У айни вақтда астронавтларга дам зарурлигини, бу орада Ердаги жамоада “дам олиш учун бир дақиқа” ҳам бўлмаслигини айтган. 

31 май куни Тошкент вақти билан 00:22 да бортида Crew Dragon кемаси бўлган Falcon 9 кемаси Флоридадиги космодромдан фазога учирилди. Ушбу парвоз Crew Dragon’нинг ХКСга иккинчи ва бортида фазогирлар билан биринчи парвози бўлди. Кеманинг ХКСга туташиши ракета стартидан тахминан 19 соат кейин юз бериши керак.

2011 йилдан бери ХКСга фазогирлар Россиянинг “Союз” туридаги кемалари билан етказиб келинган. НАСА ва “Роскосмос”нинг ХКСга бир фазогирни 90 млн долларга етказишни кўзда тутувчи шартномаси 2020 йил октябрда ниҳоясига етади. 

Мавзуга оид