Ўзбекистон | 21:17 / 02.06.2020
35874
3 дақиқада ўқилади

ЕОИИга аъзолик, ўзгараётган солиқ сиёсати ва ставкалар — Мубин Мирзаев билан суҳбат

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги жорий йил якунига қадар солиқ ставкалари унификация қилиниши ҳақида хабар берганди. Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ушбу масалада батафсил маълумот берди.

Мирзаев Kun.uz'га берган интервьюсида солиқларни унификация қилиш нима экани ва у нега зарурлиги ҳақида мулоҳазаларни билдирди.

«Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти билан интеграцияга киришиши лозим. Бу Жаҳон савдо ташкилоти ё ЕОИИ бўладими, уларнинг битта талаби бор: акцизости товарларга акциз солиғи жорий этилдими, ички бозордаги ставка импорт товарларга нисбатан паст бўлмаслиги керак. Яъни ставкалар деярли бир хил бўлиши лозим. Масалан, маҳаллий тамаки ишлаб чиқарувчилар сигаретнинг минг донаси учун тахминан 14 доллар акциз солиғи тўлайди. Шу миқдорда импорт қилинган сигарет учун 45 доллар акциз солиғи тўланади», – дейди у.

Мубин Мирзаевнинг билдиришича, акцизости товари бўлмаган 188 турдаги маҳсулотни Ўзбекистонга импорт қилишда акциз солиғи жорий қилинган.

«Халқаро иқтисодий интеграцияларнинг талаби шуки, импорт товарга қўйилган акциз солиғи ички бозорда тайёрланадиган маҳсулотга қўйилиши лозим. Ёки уларнинг ҳар иккиси акциз солиғидан озод қилиниши керак. Мана шу унификация», – дея қўшимча қилди Мирзаев.

Акциз солиқларни унификация қилиш орқали шу пайтга қадар қиммат бўлган айрим импорт товарлар нархи тушиши мумкин. Шунингдек, ички бозорда тайёрланадиган товарларнинг нархи ҳам кўтарилиши мумкин.

«Бу бир кун, бир ойда юз бермайди. Масалан, ЕОИИга аъзо бўлсак, кейинги уч йилда ички ва ташқи акциз ставкаларни бирлаштириш, кейинги 5-6 йилда эса ташкилот ставкаси миқдорига яқинлаштириш керак бўлади. Шунда 8-10 йил солиқ ставкаларини бирлаштириш имконияти пайдо бўлади», – дейди у.

Мубин Мирзаев суҳбат давомида солиқ тушумлари динамикаси, пандемияда солиқ юкининг ЯИМга таъсири ҳамда тадбиркорларга бериладиган имтиёзлар бўйича фикрларини айтди. Шунингдек, у маҳаллий ҳокимиятнинг солиқ тўловчига сунъий муаммо пайдо қилиши, қуйи солиқ органларининг нотўғри ишлашини танқид қилиб, вазиятга баҳо берган.

Интервьюни Youtube тўлиқ форматда томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид