Ўзбекистон | 15:26 / 05.06.2020
11488
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «соядаги» иқтисодиёт сақланиб қолишига таълим тизимидаги камчилик сабабчими? 

Пандемия туфайли кўп тадбиркорлар молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу вазият Ўзбекистонда соядаги иқтисодиётнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўладими? Мутахассис ва тадбиркор Kun.uz'га бу ҳақда мулоҳазасини билдирди.

Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбар Синди Малвичини мамлакатда ноформал иқтисодиётнинг ўсишига меҳнат бозоридаги шароит қаттиқ таъсир ўтказишини билдирди.

«Соядаги иқтисодиётнинг ўсишига туртки бўладиган омиллардан бири - меҳнат бозорида ишчиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган ишни топа олмаслигидир. Бир ярим йил аввал кичик тадбиркорлик субъекти талаб этаётган касблар ва таълим тизими етиштириб чиқаётган кадрлар боғлиқлигини ўргандик. Шунда талабга кўра мутахассислар етарлича етишмаётганини англаганмиз», – дейди у.

Синди Малвичини

Ўзбекистонда 2019 йил якунига кўра, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9,0 фоизни ташкил этган. Шунга қарамай, фақат 5 712,1 минг киши расмий секторда меҳнат қилади. Норасмий секторда банд бўлганлар сони (меҳнат мигрантларини ҳисобга олмаганда) 5 368,3 минг кишини ташкил этди.

Солиқ ислоҳотлари амалга оширилгунга қадар, Ўзбекистонда ноформал иқтисодиёт таъсиридан чиқиб кетиш қийин бўлган. Бу ҳолат тадбиркор Зафар Ҳошимов тушунтириб берганди.

«Меҳнатдан олинадиган солиқ, шаксиз, мантиқсизлик эди. Иқтисодиётнинг хусусий сектори ишчиларини яширишга уринган ё «кулранг» схемада маош тўлаган. Агар маошларни ошириб, «оқ» йўл билан буни амалга оширмоқчи бўлсангиз, кичик корхоналар 15, йирик корхоналар 25 фоиз этиб белгиланган солиқ ставкаси бўйича, бундан ташқари пенсия жамғармасига 8 фоиз меҳнатдан солиқ тўлаш зарурлиги бунга йўл қўймаган. Охир-оқибат ишчи қўлига қоғоздаги рақамнинг ярми бориб тегарди», – деган у 2019 йили ташкил этилган учрашувда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг амалиётга жорий этилиши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юки камайтирилди, айланма маблағлардан олинадиган солиқлар оптималлаштирилди, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини камайтириш орқали солиқ тизими қайта кўриб чиқилди.

Аммо ишчи ходимларга тўланган маошдан ажратиладиган ягона ижтимоий солиқ ва меҳнат бозорида қимматли кадрларнинг камлиги барибир пинҳона иқтисодиётни сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Тўқимачилик саноатида қарийб 14 йиллик тажриба эга тадбиркор Шоҳрух Қаюмовнинг айтишича, юқори малакали соҳа мутахассисларини топиш жуда қийин.

Шоҳрух Қаюмов

«Корхоналар сони ошиб боряпти, мутахассислар кам бўлгани туфайли уларга талаб юқори. Олий таълим муассасалари битирувчилари назарияни ўрганиб келишади, уларнинг фақат 1-2 фоизи амалий тажрибага эга бўлади. Таълимдан сўнг, улар фақат назарий билим билан корхоналардаги катта муаммоларга дуч келишади. Энг катта муаммо шу бўладики, тўрт йил ўқиб келган битирувчи сўраган катта маошни корхона таклиф этмайди. Чунки улар ишлаб чиқарувчи истаган талабларга жавоб бермайди», – дея фикр билдирди у.

Fratelli Casa бренди асосчиларидан бири Шоҳрух Қаюмовнинг таъкидича, бу вазиятда муаммо таълим тизимда.

«Саноатнинг дизайнери бўлади. Мен 14 йил ичида таълим муассасасидан келган бирор дизайнерни топа олмадим. Наманган шаҳри мисолида кўрсак, 50га яқин экспортчи тўқимачилик-трикотаж фабрикалари мавжуд. Уларнинг деярли барчасида юқори билим талаб этадиган ишларни турк мутахассислар бажаради. Улар кичик маошга ишламайди. Демак, туркларга катта маош тўлаб, корхонани юритиш ижобий натижага олиб келяпти. Тўғри, улардан кўп нарсани ўргандик, лекин институтлардан етишиб чиққан кадрлар эмас, айнан корхоналар кадрни тайёрлади», – дея қўшимча қилди.

Қаюмовнинг билдиришича, хориждан таклиф этилган мутахассислар конвертда маош олади, уларнинг барча даромадини бухгалтерияда акс эттириш қийин. Аммо таълим тизимидан етук кадрлар етишиб чиқса, иш берувчи уларга муносиб ҳақ тўлаб, қонуний ишлашга тайёр.

Алишер Рўзиохунов

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид