Жаҳон | 17:53 / 24.08.2024
7615
4 дақиқада ўқилади

АҚШнинг санкциялар сиёсати глобал яширин иқтисодиётни яратди — WSJ

Ғарб давлатларининг Россия, Эрон, Венесуэла, Шимолий Корея ва Хитойга нисбатан санкциялари ва экспорт назорати уларнинг иқтисодий ресурсларини чеклашга қаратилган эди. Лекин бу сиёсат глобал яширин иқтисодиётнинг пайдо бўлишига олиб келди, деб ёзади The Wall Street Journal.

Фото: The Wall Street Journal

Газетанинг қайд этишича, АҚШнинг Россия, Эрон, Венесуэла, Шимолий Корея, Хитой ва бошқа авторитар режимларга нисбатан мисли кўрилмаган молиявий ва савдо чекловлари бу мамлакатлар иқтисодиётининг қисқаришига олиб келган, уларнинг Ғарб товарлари ва бозорларига киришини чеклаган. Бироқ вақт ўтиши билан Хитой савдо алоқаларини мустаҳкамлаш орқали Америка чекловларига қарши чиқишда фаоллик кўрсатмоқда. WSJ божхона статистикасини таҳлил қилиб, шундай хулосага келган.

АҚШ санкцияларига қарамай, юқоридаги давлатлар дрон ва ракеталардан тортиб, олтин ва нефтгача бўлган маҳсулотларнинг фаол савдосини давом эттириш учун кенг кўламли иқтисодиётга эга.

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лиу Пенгю расмий Пекин олиб бораётган сиёсатни ҳимоя қилиб, мамлакат Украина можаросига алоқадор ҳеч кимга ҳалокатли қуроллар бермаётганини айтиб ўтган.

“Хитой тегишли давлатлар билан тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида иқтисодий ва савдо алмашинувларини амалга оширади. Халқаро ҳуқуққа мувофиқ савдолар қонунийдир, шунинг учун бу ҳурмат қилиниши ва ҳимоя қилиниши керак”, деган Лиу Пенгю.

Ғарб томонидан санкция жорий қилинган давлатларнинг Хитойга умумий импорт ва экспорти (миллиард АҚШ долларида)

Газетанинг таъкидлашича, санкцияларга учраган мамлакатларнинг савдо эҳтиёжлари ўзаро мос келади. Бир томондан, Хитой OPEK+га аъзо уч давлат – Россия, Эрон ва Венесуэладан нефтни катта чегирмали нархларда сотиб олади. Бу ўтган йили ўз иқтисодиётининг ўсишини сақлаб қолиш учун кунига 11 миллион баррелдан ортиқ нефт сотиб олган дунёдаги энг йирик “қора олтин” импортчиси учун айни муддао бўлган.

Ўз навбатида, юқоридаги давлатлар ўз маҳсулотлари эвазига Хитойдан пул олади ва буни санкцияланган товарларни сотиб олиш учун ишлатади.

“Хитойдан келадиган нефт даромадлари Эрон ва Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаб, Ғарб санкцияларининг самарадорлигига путур етказмоқда”, дейди Вашингтон таҳлил маркази эксперти Кимберли Донован.

Унинг қўшимча қилишича, савдо алоқаларида мамлакатларнинг Хитой валютаси ва тўлов тизимларидан фойдаланиши Ғарб расмийларининг молиявий маълумотларга киришини чеклайди ва санкцияларни қўллаш қобилиятини заифлаштиради.

Хитойнинг ўртача кунлик нефт импорти (баррелда)

Мисол учун, Хитой давлат мудофаа компанияси Poly Technologies ўтган йил сентябр-декабр ойларида Америка санкциялари рўйхатига киритилган Россиянинг Улан-Удэ авиация заводига йигирмага яқин юк юборган. Божхона маълумотларига кўра, Хитой фирмалари ўтган йили Россия ширкатига 60 та жўнатмани амалга оширган. АҚШ расмийларининг таъкидлашича, бу Эроннинг Россияда қуролли кучлари учун учувчисиз ҳарбий самолётлар ишлаб чиқариш бўйича харид каналининг бир қисми ҳисобланади.

Эрон, ўз навбатида, Венесуэлага қурол-яроғ ва санкцияга учраган бошқа товарларни етказиб беради. Бунинг эвазига Венесуэла Эронга улкан Ориноко конларидан олтин беради. Ғарб расмийларининг таъкидлашича, қимматбаҳо металл савдосини кузатиш қийин ва бу мамлакатларга Ғарб банк тизимини четлаб ўтиш имконини беради.

Хитойнинг Россияга дрон экспорти

Энг кўп санкциялар қайси давлатларга киритилган?

Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан Россия дунёдаги энг кўп санкция киритилган мамлакатга айланди. Санкция чекловларини кузатувчи Castellum.ai глобал базаси маълумотларига кўра, айни пайтда қуйидаги мамлакатларга энг кўп чекловлар жорий қилинган:

  • Россия – 22 230 та;
  • Эрон – 5 250 та;
  • Сурия – 2 867 та;
  • Шимолий Корея – 2 207 та;
  • Берарус – 1499 та;
  • Венесуэла – 748 та;
  • Мянма – 969 та.
​​​​​Энг кўп санкция киритилган давлатлар

Мавзуга оид