Ўзбекистон | 22:10 / 06.06.2020
34402
5 дақиқада ўқилади

«Елкамизга мисли кўрилмаган синовлар тушяпти» – Президент коронавирус, Сўх воқеалари ва камбағалликни қисқартириш ҳақида

Президент Фарғонада вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилиш аввалида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга яна бир бор тўхталди. Шунингдек, қўшнилар билан алоқаларни янада яхшилаш, чекка ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун иш олиб бориш кераклигини таъкидлади.

«Дунё ҳамжамиятининг бошига тушган катта офат - коронавирус пандемияси ҳаммамиз учун синов бўлди. Албатта, жуда катта тажриба тўплаяпмиз. Аввало карантин чораларини йўлга қўйиш учун мутахассисларни жалб қилдик. Замонавий шифохоналар қуряпмиз. Барча ҳаракатларимиз замирида халқимиз саломатлигини сақлаш мақсади ётибди.

Шу билан биргаликда, иқтисодиётимизни тиклаш бўйича ҳаракат қилишимиз керак. Душанба кунидан жамоат транспортига ва бозорлар фаолиятига рухсат бермоқчимиз. Чунки одамларнинг кўпчилигининг тирикчилиги бозорларга боғлиқ. Масжидларга ҳам рухсат беряпмиз, лекин карантин нормаларига, масофа сақлашга риоя қилиш керак.

Ҳаммамиз карантин қоидаларига амал қилишимиз керак, масофа сақлаб, ниқоб тақиб юришга мажбурмиз. Ҳали пандемия тугагани йўқ. Бу бало ёнимизда юрибди, Агар огоҳ бўлмасак, карантинга эътибор қилмасак, салгина эҳтиётсизлик бўлса янада тарқалиб кетиши ҳеч гап эмас. Фалон ойда тугайди деган гапни ҳеч ким айта олмайди. Энг ёмони одамлар вафот этмоқда. Одамларимиз ҳаёти учун қаттиқ курашмоқдамиз.

Карантин нормаларига жуда қаттиқ эътибор қилсак, шундай шароитда ишлаш ва яшашни ўргана олишимизни дунёга намуна қилиб кўрсатамиз», деган президент.

Президент бу йил оғир келганини таъкидлаб, Сўхда рўй берган воқеаларга ҳам муносабат билдирган.

«Албатта оғир йил келди, катта-катта синовлар. Бухорода охирги 50 йилда бундай шамол бўлмаганди. Сардоба сув омборида талафот бўлди.

Сўх воқеалари ҳам синов бўлди. Битта нарсани билишимиз керак, охирги 3-4 йилда қўшниларимиз билан, қирғиз халқи билан, қирғиз дўстларимиз, биродарларимиз, жон қўшнимиз билан жуда катта ишларни амалга оширдик. 

Ўйлайманки, биродарлигимиз, дўстлигимиз, қавм-у қариндошчилигимиз давом этади. Бу ножўя воқеалар дўстлигимизга, борди-келдимизга, эртанги кун учун режаларимизга таъсир кўрсатмаслиги керак. Қирғиз Республикаси президенти, ҳурматли Сооронбай Шарипович билан телефон орқали гаплашиб, ҳаммасини келишиб олдик.

Битта нарса - сабр-тоқат керак. Сабр-тоқат, вазминлик, оғирлик, фарзандларимиз тинчлигини, осойишталигини ўйлашимиз керак. 

Муаммолар йўғамас, бор. Лекин тасаввур қилинглар, 50 йил ҳал бўлмаган муаммоларни 3 йилда ҳал қилиб бўлмайди. Қонун керак, вазминлик керак, қонунни амалга ошириш керак, ҳаммасини тарозига қўйиб, тўғри хулоса қилиб, дўст бўлимиз керак, сабоқ чиқаришимиз керак. Келажакда борди-келдимиз, дўстлигимиз бунданам мустаҳкам бўлади. Қўшничилик - минг йилчилик. Шу минг йиллик тажрибамизнинг янги-янги саҳифаларини очишга, бир-биримизга елкадош бўлиб, жонажон қўшни бўлишга интилишимиз керак. Мен бунга ишонаман, икки қардош халқ шундай яшайди.

Ҳар биримиз бунга эришиш учун кўмак бўлишимиз керак. Томошабин бўлиб туриш керак эмас. Ҳеч қачон томошабин бўлиб турган эл, халқ, миллат ютган эмас», дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари олдинга қўйилган мақсадларга эришиш учун барча бирдамликда ҳаракатланиши лозимлигини қайд этган.

«Дунёни кўриб турибсизлар, қандай нотинч дунё. Воқеалар кун сайин, соат сайин ўзгармоқда. Кечаги таҳлил бугунга тўғри келмаяпти. Ўтган йилги учрашувимизда пандемия балоси йўқ эдику. Бундай бало келишини ҳеч ким тасаввур қилмагандику. Шундай мураккаб вазиятлар олдимизга қўйиляпти. 

Сабр-тоқат билан меҳнат қилишимиз керак. Агар меҳнат бўлмаса, натижа бўлмайди. Бугун юқори марралар олганмиз. Ҳеч қандай давлат меҳнатсиз натижага эришмаган. Биз ҳам меҳнатсиз, сабр-тоқатсиз, бирдамликсиз олдимизга қўйилган мақсадларга эриша олмаймиз. 

Биз уч йилдан буён қонунлар замирини яратяпмиз. Адолатли тизим бўлсин деяпмиз. Январда камбағалликни қисқартириш ҳақида мурожаат қилгандим. Ҳар бир вилоятга борганимда, ҳар бир туманга борганимда юрагимдан ўтказаман. Шу одамларнинг оғирини қандай енгил қиламан деган савол кўндаланг турибди. Бу саволга жавоб ҳали ижобий йўқ. Ҳаракатлар бор, лекин жавоб йўқ. Қачон унинг ҳам уйига нур киради? Қачон унинг фарзандлари ҳам олий таълимда ўқийди? Керак бўлса, қачон унинг фарзандлари мактабгача таълимдан фойдаланади? Қачон унинг уйи бўлади, қачон иши бўлади, қачон адолат мезони пайдо бўлади? Албатта, бу қийин масала.

Нима қиламиз яшириб ҳақиқат қандайлигини? Ўзгаришлар бор. Лекин бу ҳали биз кутганимиз эмас, ҳали биринчи қадамлар. Ҳаммамиз бирдан киришиб, муваффақиятларимизни мужассам қилиб, камчиликларимизни биргаликда ечишга ҳаракат қилсак, албатта натижа бўлади.

Елкамизга мисли кўрилмаган синовлар тушяпти. Ким ютади? Сабр-бардош билан, шошилмасдан, матонат билан, халқ билан бамаслаҳат иш қилган давлат ютади», деган президент.

Мавзуга оид