Жамият | 10:30 / 12.06.2020
42710
6 дақиқада ўқилади

Супер хотира – талантми ё машқлар самараси? Ёдлаб қолиш бўйича рекордчи Даврон Турдиев билан суҳбат

Ўзбекистон мнемоспорт федерацияси президенти, мияни ривожлантириш бўйича эксперт Даврон Турдиев – асли ўқитувчи. У рақамли маълумот эслаб қолиш бўйича Россия рекордини ўрнатган – 250та маҳсулотнинг штрих кодларини ёддан айтиб берган. Бу – 3 мингдан ортиқ рақам дегани.

Даврон Турдиев 2017 йил Хитойнинг Шен Жень шаҳрида бўлиб ўтган эслаб қолиш бўйича жаҳон чемпионатида қатнашган. «Я могу» шоуси ғолиби. «Россия 1» каналидаги «Удивительные люди 3» кўрсатувида иштирок этган.

29 ёшли ўзига хос интеллект соҳиби билан суҳбатимиз аввали ва охирида унинг супер хотирасига ишонч ҳосил қилиш учун кичик синов ҳам ўтказдик.

– Даврон, бу эслаб қолиш – қобилиятми ёки машқлар натижаси?

– Эслаб қолиш, яъни кучли хотира аслида қобилият эмас. Мен шунақа деб ўйлайман. Кўпчилик қобилият деб ўйлайди. Чунки ноёб нарсадек туюлиши мумкин. Бу инновация ҳам, талант ҳам эмас.

Бу нарса билан 4 минг йил олдин ҳам шуғулланишган. Ҳозирги кунда телефонлар, смартфонлар чиқиши одамлар хотирасини ривожлантирмасликларига сабаб бўлиб қолган. Спортчиларни кўрса, негадур ундай деб ўйлашмайди. Масалан, сальто отадиган ёки боксчи одамни кўришса, бу ўзи шундай туғилган, деган одамни кўрмадим. Шуғулланган, машқ қилган дейишади.

Мен қилган ишни ҳамма қила олади. Худо берган талант, лекин бу талант ҳаммада бор. Одам ўзида ривожлантириши керак холос.

– Россия рекордчисига айландингиз. Бу сизга нима берди?

– Россияда ўрнатган рекордим ҳаётимни ўзгартириб юборди. Россияга бориб келишимдан олдин мактабда ўқитувчи эдим. Рекордим эфирга узатилганида Тошкентга келиб бўлган эдим. Эфирдан сўнг обрўйим бирдан ошиб кетди. Мухлислар, мижозлар кўпайиб кетди. Кўп инсонлар таниди. Умуман олганда, Россиядаги рекордим менга жуда ёрдам берди.

– Рекордингиз моддий томондан ҳам фойда бердими?

– Тўғридан тўғри бўлди ҳам. Чунки рекорд ўрнатганимга 50 минг рубл пул беришди. Ўша вақтда минг долларга яқин пул эди. Мен кўпроқ пул топишни бошладим. Сабаби кўпроқ танилдим. Кўп инсонлар ўргатишимни сўраб мурожаат қилишни бошлади.

Ўша эфир сабабли мен тадбиркор бўлдим. Мен ҳеч қачон бу нарса орқали пул топаман, деб ўйламаганман. Бу – менинг ҳоббим. Aгар ҳозир бошқа иш қилсам ҳам, барибир шу иш билан шуғулланаман. Чунки яхши кўраман.

– Ҳаётингизда шу қобилиятингиз сизга қўл келган бирор воқеани айтиб бера оласизми?

– Жамиятшунослик фанига кеч қолганман. Кейин ўқитувчим чақириб, нега кеч қолаётганимни сўради. «Мен мавзуни биламан», дедим. Лекин билмасдим. Жамоатшунослик тамойилларини қоғозга қараб эслаб қолдим. «Хотиранг яхшими, Даврон?» – сўради устозим. Ҳали энди шуғулланишни бошлаган пайтларим эди. Шунда устозим доскага 50 рақамнинг тўғрисига сўзларни ёзди. Ҳаммасини эслаб қолдим ва тўғри айтиб берганимдан кейин семестримга беш қўйиб берди. Бундай қобилият билан яшаш осонроқ.

– Кучли хотирадан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин?

– Ҳозирги кунга келиб кучли хотира керак эмас соҳанинг ўзи қолмаган. Масалан, сизнинг касбингизни оладиган бўлсак, матн ёдлаб қолишингиз керак.

Узоққа қарайдиган бўлсак, кучли хотира билан бир неча кун, ойни тежаш мумкин. IT`ни оладиган бўлсак, унинг тилини тезроқ ўргана оласиз. Кучли хотира ҳамма жойда керак бўлади.

– Ҳозир бу йўналишни танлаганингизга афсусланмайсизми?

– Менинг ишим – дунёдаги энг яхши иш. Жудаям яхши кўраман шу ишни. Шундай яхши кўраманки, ҳозир бошқа жойдан пул топганимда ҳам шу иш билан шуғулланган бўлардим.

Шундай кетма-кетликда ҳодисалар бўлдики, мен ҳоббим орқали пул топяпман. Эслаб қолишга мослаштирилган, унинг сирларини ўргатадиган ўқув марказим бор. Ундан ташқари, тренинглар орқали ҳам маблағ топаман. Чунки хотирасини ривожлантирмоқчи бўлган инсонлар жудаям кўп. Ҳозир ҳамма тил ўрганяпти, ўқишга топширмоқчи бўлган абитуриентлар кўп. Бизда тест системаси бўлгани сабабли кўпроқ факт билсангиз, ўқишга киришингиз осонроқ.

– «Шунинг ўрнига фойдалироқ иш қилсанг бўлмайдими?» деганлар бўлдими?

– Ҳа, бундай инсонлар бор. Ҳозир ҳам бўлиб туради. Охирги икки ой ичида шу нарсани тушундим. Мисол учун, 2 йил олдин на марказим бор эди, на тренинг ўтардим, на франшизам бор эди.

Видеоларимни деб бир йилда шунча иш бўлди. Кўпроқ видеоларимдаги изоҳларни ўқийман. «Қулоғида қулоқчин бор, эслаб қолмаган, бу ёлғон, эй ўл ундан кўра бошқа иш қилсанг бўлмайдими?» деганлар ҳам бўлди.

Бу табиий ҳолат экан. Бунга ўрганиб ҳам бўлдим. Қанчалик сизни одамлар таний бошласа, ақл ўргатадиганлар кўпаявераркан.

Энг қизиғи, ақл ўргатадиган инсонлар уйида диванда ётадиган, бошқа иш қилмайдиган инсонлар бўлса керак. Чунки мени бир кишига изоҳ ёзиб, ақл ўргатишга вақтим ҳам, ниятим ҳам йўқ.

– Мнемониканинг Ўзбекистондаги келажаги ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ҳозирча бизда унчалик ривожланмаган. Лекин биламан, агар бизда шароит қилиб берилса, Ўзбекистоннинг ёшларига ҳеч ким тенг кела олмайди.

Эслаб қолиш бўйича жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказишни ҳоҳлардим. Бу – соҳани ривожлантириб, кўплаб ютуқларга эришишимиз мумкин.

Тўлиқ суҳбат ва қизиқарли синовни Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилинг.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид