Жаҳон | 08:17 / 13.06.2020
3393
2 дақиқада ўқилади

Starbucks 400та қаҳвахонани ёпади ва бизнес моделини ўзгартиради

Компания қаҳвахоналарнинг янги формати - Starbucks Pickup’га эътибор қаратишга қарор қилди. У мобил илова орқали қаҳвани аввалдан буюртма қилувчи ёки Uber Eats орқали буюртмалар қабул қилишни афзал кўрувчи мижозлар учун мўлжалланган.

Фото: Starbucks

Starbucks кейинги 18 ой ичида АҚШда 400тагача қаҳвахонани ёпиш режалари ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясига юборилган аризада айтилади. Компания президенти Кевин Жонсон имзолаган мактубда таъкидланишича, компания Starbucks Pickup деб номланган қаҳвахоналарнинг янги форматини жорий қилмоқда.

Starbucks Pickup қаҳвахоналари қаҳвани олдиндан буюртма қилиш ва унга Starbucks мобил иловаси орқали пул тўлашни афзал кўрувчи мижозларга, шунингдек Uber Eats орқали буюртмаларини қабул қилиб олишни истовчилар учун мўлжалланган. Хатда шунингдек, Starbucks мобил буюртма технологиясини ривожлантириш, алоқасиз ушлаш технологиясини жорий қилишни ва анъанавий қаҳвахоналарга ташриф буюрувчилар сонини камайтиришни режалаштираётгани айтилган.

Таҳлилчилар бундай қадамни қаҳва гигантининг анъанавий бизнес-модели фонида радикал деб аташди. Собиқ бош директор Говард Шульц брендни қаҳвахоналар мижоз учун «учинчи ўрин» - уй ва ишдан ташқари, дўстлар билан мулоқот қилиш, ишлар ҳақида келишиш ёки шунчаки вақтни яхши ўтказадиган ноёб жой сифатида яратганди.

Ўз навбатида, янги хатда компания янги форматни ишлаб чиқиш ва умуман бизнес-моделни ўзгартириш ғояси коронавирус пандемиясидан олдин пайдо бўлганлигини тушунтирди.

«COVID-19 тарқалишидан олдин, АҚШда Starbucks қаҳвахоналаридаги операцияларнинг тахминан 80 фоизи автоматик амалга оширилаётган эди. Бу динамика бизнинг бошқарув гуруҳимизни АҚШдаги стратегияни қайта кўриб чиқишга ундади ва чакана савдода узоқ муддатли иштирокимизни қандай ривожлантиришимиз мумкинлиги аниқланди», - дейилади хатда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид