Ўзбекистон | 09:50 / 14.06.2020
20659
5 дақиқада ўқилади

«Сотиш зарар» – Эксперт инқироз пайтида авиакомпания бўйича қарорлар ҳақида

«Америка овози»нинг «Вашингтон чойхонаси» дастурида Беҳзод Муҳаммадий муаллифлигида Халқаро авиация ҳуқуқи бўйича эксперт Раҳмад Собиров билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида видеосуҳбат эълон қилинди.

Суҳбат давомида «Uzbekistan Airways»нинг бугунги аҳволи қандайлиги, компания доирасидаги ислоҳотлар қандай натижа бериши, авиакомпанияни хусусий қўлларга бериш қандай натижаларга олиб келиши, авиакомпания учун миллийлик қанчалик муҳимлиги тўғрисидаги саволларга жавоб сўралган.

Берилган ваъдалар

– 1992 йилда ташкил этилган миллий авиакомпания бу соҳадаги ягона структура, «де факто» «Авиация вазирлиги» даражасида эди. Давлат ичида ва ташқарисида бу соҳадаги монопол бўлган. Бу «Uzbekistan Airways» ҳақиқий рақобатга дуч келмаганини англатади. 2017 йилда уни ўзгартиришга расман ҳаракатлар қилинди ва айрим йўналишларда ижобий ўзгаришлар бўлганини тан олишимиз керак. Аммо авиачипталар нархи, ташилган йўловчилар, жумладан туристлар сони ҳали кўнгилдагидек эмас.

Миллий авикомпания ҳозир учга бўлинган. Аввал «қозон» битталиги сабаб ким қандай ишлаётганини билиш жуда қийин эди. Учга бўлиниш юридик томондан катта қадам бўлди.

Бу соҳадаги асосий фикримча, сўнгги 30 йил давомида техникани ривожлантиришга ҳаракат қилинди. Аммо давлатдан мустақил бўлиб, корпоратив менежментни ривожлантиришга ҳаракат қилинмади. Ўзи бу соҳа катта даромадли эмас. Жуда йирик авиокомпаниялар ҳам нари борса 3-5 фоиз фойдага ишлайди. Яъни ўхшатиш қиладиган бўлсак, самолёт учиргандан кўра Андижондан Тошкентга такси кира қилган маъқулроқ.

Бу компания фойда келтирганми?

– Пандемияга қадар ҳам бу компания фойда келтирганми деган саволга жавоб бериш қандай ҳисоб-китоб қилишга боғлиқ. Фақат рақамларга қаралса, бу компания фойда келтирмаган бўлиши мумкин. Молиявий аҳвол ҳақида оммага маълум қилинмайди. Лекин унинг хорижга ягона ташувчи бўлгани, чет вилоятларни пойтахт билан боғлагани ва энг муҳими – сайёҳларни ташигани туфайли фойда келтирган дейиш мумкин.

Аниқ маблағ бўйича олса, Ўзбекистонда бу соҳа фойда келтирмаган. Пандемия бу жараёнларни янаям чуқурлаштириб юборди. Бу ҳолат бутун дунёда кузатилди. Агар ҳозир ҳукумат ёрдам бермаса, Ўзбекистонда ҳам бу соҳа банкрот бўлиши мумкин.

Инқироз пайтида нима қилиш керак?

– Айни пайтда бу активларни сотиш катта зарар келтиради. Чунки соҳанинг барча мулклари баҳоси тушиб кетган. Авиакомпаниянинг энг қиммат активлари бу самолётларидир. Ҳозир улар сотилса, жуда арзон сотишга тўғри келади. Аммо ислоҳотларни ҳам тўхтатмаслик керак.

Ҳозир пандемиядан кейинги стратегияни тузиб олиш керак. Президентнинг ташаббусида ҳам шу назарда тутилган.

Хориж компаниясига бериш ғояси

– Ҳуқуқий жиҳатдан бу бошқарувни қандай беришга боғлиқ. Масалан, «Турк ҳаво йўллари» барибир Туркияга тегишли. «Uzbekistan Airways»нинг асосий акцияларини ушлаб қолиб, маълум бир қисмини чет элликларга бериш мумкин. Бу масала ҳуқуқий жиҳатдан шаффоф ва аниқ бўлиши шарт. Масалан, авиакомпания Хитой компаниясига сотилса, «Ўзбекистон» номи сақланса ҳам, айтайлик Россияга учса, бу маълум муаммолар туғдиради. Чунки Россия ва Хитой ўртасида алоҳида келишув бор. Қабул қилувчи томон қайси давлат самолёти учиб келаётганини аниқ билиши керак.

Миллийликка келсак, бу ўтган асрнинг 70-йилларида қолиб кетган тушунча. Ном қолиши мумкин, лекин бошқарувни аниқ келишувларга хорижлик мутахассисларга бериш мумкин.

Давлатнинг роли минимум бўлиш керак

– Идеал шароитда давлат соҳага жуда кам аралашиши керак. Фақат барча ўйинчиларга тенг шароитлар яратиб бериш керак. Ўзи аслида давлатнинг кўнглида нима бор, билиш қийин. Лекин сўнгги йилларда анча ташаббуслар бўляпти. Фақат энди уларни амалга ошириш қолди, холос. Бу ислоҳотларни жасур бўлиб амалга оширмагунча бирор натижага эриша олмаймиз.

Пандемиядан кейин нима бўлади?

– Коронавирус пандемияси туфайли дунё бўйлаб авиация соҳаси оғир инқироз ёқасига келиб қолди. 11 сентябрь воқеалари ҳам, 2008 йилги молиявий инқироз ҳам бу даражада қаттиқ таъсир қилмаганди. Энди самолётда учиш 50-60 йиллардагидек ҳақиқий ҳашаматга айланиб қолади. Бундан кейин ҳаммаси оғирлашади.

Мавзуга оид