Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Пандемия туфайли ишимизни йўқотдик, аммо у одамгарчилигимизни тортиб ололмади» – БААдаги кўнгиллилар қийналганларга қандай ёрдам бермоқда?
Пандемия туфайли кўпчилик ишидан, доимий даромадидан айрилди. Кўп жойларда иш ўринлари қисқартирилди, ходимлар 0,5 ставкага ўтказилди ёки ойлик тўланмайдиган таътилга чиқарилди. Бу жараёндан ишлаш учун хорижий мамлакатларга борган ўзбекистонликлар ҳам четда қолгани йўқ. Ишлай дейишса иш йўқ, ортга қайтай дейишса авиақатновлар бекор қилинган. Шундай мураккаб даврда Бирлашган Араб Амирликларидаги ўзбекистонликлар кўнгилли равишда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларга ёрдам қўлини чўзишмоқда.

“БААда 10 йилдан бери ишлаб, яшаб келяпман. Пандемия туфайли чегаралар ёпилиб, 2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик амирликларда қолиб кетишган. Уларнинг ичида сайёҳ сифатида келиб қолиб кетганлар ҳам, ишлаш учун келган, аммо айни пайтда ишсиз қолганлар ҳам бор. Ҳатто ижарага тўлаш учун пули қолмаганидан кўчада қолган, ейишга овқат тополмаётган ҳамюртларимиз ҳам бўлди. Бу мамлакатда резидент бўлган ўзбекистонликлар билан келишиб волонтёрлик гуруҳларини ташкил этдик. Мақсад – бу мамлакатда қолиб кетган, чартер рейслар қўйилишини кутиб қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларимизга ёрдам қўлини чўзиш”, – дейди Равшан Суннатуллаев.
“Ўзим Тошкентданман. Оилам билан бирга 6 йилдан бери Дубай шаҳрида яшайман, шу ерда фаолият юритаман. Коронавирус тарқалиши муносабати билан кўплаб инсонлар ишсиз қолишди. Мен ва ватандошларга кўмаклашиш гуруҳидаги дўстларим илк кунларданоқ мураккаб аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз учун ёрдам кўрсатиб келамиз.
Шуни ишонч билан айта оламанки, Дубайдаги кўп сонли миллатлар ичида ўзбек диаспораси пандемия туфайли қийналганларга бошқалардан кўра бир неча баробар кўпроқ ёрдам кўрсатмоқда. Биз одамнинг украин, қозоқ, қирғиз, ўзбек миллатига мансублигига қараб ўтирганимиз йўқ, у қайси миллат вакили бўлиши ва кимлигидан қатъи назар ёрдамга муҳтож бўлса қўлимиздан келган кўмакни кўрсатаяпмиз. Биринчи навбатда ОДАМЛАРга ёрдам беряпмиз. Мен қийин аҳволдаги инсонларга ёрдам бериш имкониятига эга бўлган барчадан энг аввало ўзлари, оила аъзолари, агар ўзларидан орттиришолса, қўни-қўшнилари, яқинлари, дўстларига нима билан бўлса-да кўмаклашишни сўраб қолардим”, дейди Шоҳруҳхон Одилов.
“Пандемия туфайли БААда 3 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қолиб кетди. Уларнинг кўпчилигини сайёҳлар ташкил этади, шунингдек, бу мамлакатда резидент сифатида яшайдиган ўзбекистонликлар ҳам бор. Коронавирус инфекцияси тарқала бошлагандан кейин чартер рейслар орқали ватанга қайтишни кутаётган ўзбекистонликлар ҳар хил муаммоларга дуч кела бошлашди. Яшаб турган уйларига тўлов қилолмасдан, озиқ-овқатлари учун пул тополмасдан ёки бўлмасам касалхона тўловларини тўлолмасдан қийин аҳволга тушиб қолишди. Кундан-кунга бу каби муаммолар кўпая бошлади. Шу сабабли Ўзбекистоннинг БААдаги консулхонаси билан биргаликда Telegram’да волонтёрларнинг гуруҳини ташкил қилдик. Гуруҳимизнинг номи “Ёрдам/Помощь” бўлиб, шу ерда кундалик муаммоларни ҳал қилишни йўлга қўйдик. Қийин аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз ушбу гуруҳ орқали мурожаат қилишади ва биз қўлдан келганча уларга ёрдам кўрсатамиз.
Бир кунда нечта одам мурожаат қилган бўлса, кимнинг аҳволи бошқаларникидан оғирроқ бўлса, энг аввал ўшаларга озиқ-овқат, турар-жой ва бошқа масалаларда ёрдам берамиз. Ёки онлайн равишда дори-дармонлар харид қилиб уйларига жўнатамиз. Консуллик билан биргаликда бу ишларни қўлдан келганча ташкиллаштириб келяпмиз.
Айни пайтда БААда 10 кишидан ортиқ волонтёрлар шу иш билан шуғулланишмоқда. Карантин даврида волонётрларнинг ўзлари ҳам ишларини йўқотишган. Шу туфайли уларга ҳам ўзларидан орттириб бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш осон эмас. Чунки қўлларимизда бор пул ҳам тугаб бормоқда. Буёғига ўзимиз ҳақимизда қайғуришимизга тўғри келади. Шу боис бизнинг сўзларимизни ким ўқиётган, видеони ким кўраётган бўлса ва ёрдам кўрсатиш имконига эга бўлишса, бизга ёрдам беришларини сўраб қоламан”, дейди Дилноза Ўринбоева.
“Бир қанча ўзбекистонлик фаоллар билан пандемия даврида мураккаб аҳволга тушиб қолган ватандошларга ёрдам бериш мақсадида кўнгиллилар гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйдик. Бу борада бизга шу ерда резидент сифатида яшовчи, ўзининг бизнесига эга бўлган ҳамюртларимиз катта ёрдам кўрсатишди. Уларнинг кўпчилиги қилган яхшиликлари сир бўлиб қолишини исташган, исмларини айтмаслигимизни сўрашган. Яхшиликни ҳам яширин, ҳам ошкора қилиш керак. Ўзимизни реклама қилиш учун эмас, бутун дунё халқлари бошига синов бўлиб келган пандемия шароитида хориждаги ўзбекистонликлар инсоний қиёфасини йўқотмасдан миллатимизга хос бўлган бирдамлик, ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатишаётганидан ўзимиз ҳам таъсирландик. Бундан бошқалар ҳам ибрат олиши учун махсус роликни тасвирга олдик. Нафақат БАА, балки бошқа мамлакатлардаги ўзбекистонликлар ҳам имкон даражасида ён-атрофларидаги қийналган инсонларга – ўз ватандошларига ёрдам қўлини чўзишади, синовли кунларда уларни ёлғизлатиб қўйишмайди”, дейди Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги бош консулхонаси консули Азиз Маҳмудов.
Мавзуга оид
22:27 / 19.05.2025
Россия БААга салкам 400 кг чувалчанг жўнатди
18:41 / 16.05.2025
Сурия Россияни Тартус портидан чиқариб юборди ва уни БААга топширди
11:02 / 16.05.2025
Трампнинг БААга ташрифи: 1,4 триллионлик ваъда ва АҚШ ташқарисидаги энг йирик AI маркази
03:00 / 08.05.2025