Жаҳон | 15:27 / 16.06.2020
31187
18 дақиқада ўқилади

Уч асрлик муаммо: капитализм ва социализм орасида сарсон Ҳонгконг

Хитой деганда Ер юзидаги ҳар бир инсоннинг кўз олдига тепасида бемалол арава ҳаракатлана оладиган минглаб километрларга чўзилган девор ва овқат ейдиган ёғоч чўп келади. Аслида-ку Хитойни эслатадиган нарса ва воқеалар кўп. Бугун Хитой ўтган асрнинг 60-йилларидаги қолоқ давлат эмас. Бугунги кунда Хитой дунёнинг иккинчи иқтисодиётига эга давлат ҳисобланади.

Фото: Reuters

Агар иқтисодчиларнинг тахминлари ўзини оқласа, Хитой 2030 йилга бориб иқтисодий кўрсаткичлар бўйича АҚШни ҳам қувиб ўтади ва дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига эга бўлади. Хитой мамлакатдаги инфратузилма ва коммуникация тармоқларининг айрим соҳалари бўйича ҳозирданоқ АҚШни қувиб ўтган. Аммо...

Аммо буларнинг барчаси Хитойда ҳаммаси силлиқ кетяпти дегани эмас. Мамлакатда муаммолар етарлича. Сўнгги йилларни оладиган бўлсак, Чин юрти миллий озчиликка, айниқса ислом динига эътиқод қиладиган уйғурларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганликда айблаб келинади. Бундан ташқари, 2018 йилда АҚШ томонидан жорий қилинган савдо санкциялари ҳам мамлакат иқтисодиётига сезиларли таъсир қилди.

АҚШ билан муносабатлар энди изига тушай деган бир вақтда Хитойда пайдо бўлган коронавирус дунё бўйлаб тарқала бошлади. Вирусдан энг кўп зарар кўрган АҚШ эса энди Хитойни дунёга коронавирус тарқатишда айблай бошлади.

2019 йилда Хитой учун яна бир бош оғриқ – Ҳонгконг муаммоси яна хуруж қилди. Ўтган йилдан буён минглаб ҳонгконгликлар мухторият устидан Хитой ўз назоратини кучайтиришига қарши намойишларга чиқишмоқда. Ҳонгконгда бир йилдан буён намойишлар тинмаяпти. Март ойида карантин сабаб одамлар бир муддат намойишларга чиқмай туришди, аммо вирус чекина бошлагач, Хитойга қарши намойишлар яна авж олди.

1997 йилда ҳам Ҳонгконг Буюк Британия томонидан Хитойга топширилаётганда, маҳаллий аҳоли социалистик тузум остида яшамаслигини айтиб, Чин юртига қўшилишга қарши бўлиб намойишларга чиққанди. Ўшанда чорасиз қолган Хитой Ҳонгконгга алоҳида махсус маъмурий ҳудуд мақомини берганди. Унга кўра, Ҳонгконг нафақат ички сиёсатда, балки ташқи сиёсатда ҳам эркин иш юритиш ваколатини қўлга киритган. Аммо сўнгги йилларда Хитой ҳукумати махсус маъмурий ҳудуд раҳбариятига тобора кўпроқ босим ўтказа бошлади. Ҳарҳолда ҳонгконгликлар шундай деб билишади. Натижада Хитой ҳукуматининг босимларига қарши мухторият аҳолиси намойишларга чиқа бошлади.

Қуйида Ҳонгконгнинг Британия томонидан эгалланиши ва орадан бир аср ўтиб Хитойга топширилиши тафсилотлари ҳақида сўз юритилади.

Ҳонгконгнинг Буюк Британия томонидан эгалланиши

Цзюлун яримороли учун жанг, 1839 йил

Асрлар давомида Хитой бошқарувида бўлган Ҳонгконг 1840 йилда Британия-Хитой урушидан сўнг инглизлар таъсирига ўтган ва Ҳонгконг Буюк Британия колониясига айланган. Аммо Хитой бунга рози бўлмайди. Ўша пайтда Хитойда ҳукмронлик қилган Син империяси вакили бўлган император Буюк Британия томонидан таклиф этилган Ҳонгконгнинг Европа давлати колонияси бўлиши ҳақидаги шартномани имзолашдан бош тортади.

1842 йилга келиб Хитой императори Ҳонгконгни Буюк Британия мулки деб тан олиш ҳақидаги келишувга барибир имзо чекади. Шу тариқа, Ҳонгконг Британиянинг тўлақонли мулкига айланади ва бу ҳудудни Бирлашган Қироллик вакили бўлган губернатор бошқариши белгиланади. Гарчи Хитой императори Ҳонгконгни Британияга беришга рози бўлган эсада, кейинчалик имконият бўлиши билан уни қайтариб олишга урина бошлайди.

1855 йилда Ҳонгконгга Хитой қўшинлари бостириб киради. Губернатор уларни зўрға қувиб чиқаради. Шундан сўнг Ҳонгконг яқинидаги сув ҳавзаларида Хитой кемалари сузиши тақиқлаб қўйилади. Воқеалар шу тарзда ривожландики, XIX аср сўнгига келиб Британия Ҳонгконг устидан тўла ҳукмронлигини ҳудудни Хитойдан ижарага олиш шартномасига алмаштиришга мажбур бўлади. 1898 йил 9 июнь куни Пекинда Британия ва Хитой ўртасида Ҳонгконгнинг (жами 376 квадрат миль ҳудуд) европаликликлар томонидан 99 йилга ижарага олиши ҳақида шартнома имзоланади.

Шу тариқа, Ҳонгконг 99 йилга Буюк Британия ихтиёрига ўтади. 1899 йил 16-19 март кунларида Хитой ва Ҳонгконг ўртасидаги чегаралар аниқланиб, белгиланади. XX асрда Ҳонгконг Британия таркибида қанчалик тараққий этган ҳудудга айланганини ҳаммага маълум. II жаҳон уруши тугаб, Хитойни коммунистлар эгаллаб олганидан сўнг ўша пайтда Ҳонгконгни Буюк Британиядан қайтариб олиш учун турли уринишлар бўлади, аммо уларнинг барчаси натижасиз тугайди.

Хитойга қайтиш

Янги қонун лойиҳаси Ҳонгконгдаги либерал эркинликни чеклаши мумкин / EPA

99 йиллик ижара муддати тугашига яқин қолар экан, Хитой ҳукумати Ҳонгконгни Британиядан қайтариб олиш «иштиёқида ёна бошлайди». 1997 йилда 99 йиллик ижара муддати тугайди ва Британия Ҳонгконгни Хитойга қайтариб беради. Бир аср давомида эркин бозор ва капитализм қонун-қоидалари билан яшаган Ҳонгконг аҳолиси эса буни намойишлар билан қаршилайди.

Улар узоқ йиллар қўшничиликда яшаб коммунистик Хитойда Иккинчи жаҳон урушидан кейин инсон ҳуқуқлари топталган деб ҳисоблашарди. Айниқса Мао Цзедун ҳукмронлиги пайтида Хитойда амалга оширилган ишлар ҳонгконгликларни жуда ташвишлантирган. Айнан ўша йилларда ҳар йили кўплаб хитойликлар Ҳонгконгга қочиб ўтган. Ҳонгконг аҳолиси ҳудуд яна Хитой бошқарувига ўтса, коммунистлар томонидан турли тазйиқлар бошланиши мумкинлигидан ташвишда эди.

Аҳоли норози бўлаётганини кўриб турган Хитой раҳбарияти Ҳонгконгга махсус маъмурий ҳудуд мақомини беришга мажбур бўлади. Орадан бироз ўтиб 1999 йилда Макао ҳам Хитой бошқарувига қайтарилди ҳамда унга ҳам махсус маъмурий ҳудуд мақоми берилади. Махсус ҳудудларга ўз қонунига, қонун чиқарувчи палаталарига, ижро ҳокимиятига, Олий судга, алоҳида виза алоқаларини ўрнатишга, миллий пул бирлигига, ўз паспортига ва яна бир қатор ишларда мустақил қарор чиқариш ҳуқуқи берилган эди.

Ҳонгконгда норозиликлар бошланиши

Ўтган йили юз минглаб намойишчилар экстрадиция ҳақидаги қонун кучга киришига қарши кўчаларга чиқишганди. 16 июнь. Фото: Reuters

Ҳонгконг Хитой бошқарувига ўтгандан сўнг орадан бир неча йил ўтиб расмий Пекин унинг ички ишларига аста-секин аралаша бошлади. Бу эса эркин ва демократик жамиятда яшаб келган ҳонгконгликларга ёқмайди. Шу тариқа, ушбу махсус маъмурий ҳудудда Пекин бошқарувига қарши бўлган кайфият шакллана бошлайди. Айниқса 2014-2015 йилларда норозиликларнинг янги тўлқини бошланади. Чунки ўшанда Хитой Ҳонгконгдаги сайловларга аралаша бошлагани ҳақида гаплар пайдо бўлганди.

Ҳонгконг Хитойнинг ажралмас бўлаги бўлса-да, одамлар демократик тамойилларга асосланган сайловлар ўтказилишига одатланганди. Табиийки бу Пекинга ёқмайди ва Хитой раҳбарияти 2017 йилдан бошлаб Ҳонгконгдаги сайлов тизимини ўзгартириш режасини эълон қилади. Режага кўра, Ҳонгконгни бошқариш учун ўз номзодини қўйган шахслар аввал расмий Пекин томонидан тайинлаган махсус қўмита тасдиғидан ўтиши лозим эди. Чинакам намойишлар ана шундай бошланди.

Пекиннинг Ҳонгконг сайловлари ҳақидаги режаси «демократияни бўғиш», келишилган шартларга амал қилмаслик деб баҳоланади. Худди халқ каби Ҳонгконг ҳукумати ҳам расмий Пекин таклиф этган сайлов тизимини рад этади. 2017 йилгача Ҳонгконг раҳбарини 1 194 нафар кишидан иборат махсус комиссия сайлаган. 2017 йилда ўтказилган сайловдан бошлаб аҳоли томонидан умумий овоз бериш натижасига кўра сайланадиган тизимга ўтилади.

2017 йилда бўлиб ўтган сайловларга доир таклифларини ўтказа олмаган расмий Пекин Ҳонгконг ҳукуматига босимларни янада кучайтиради. Бу эса ўз навбатида махсус маъмурий ҳудуд аҳолисига ёқмаяпти.

Бугун нима бўляпти?

Кэрри Лам экстрадиция ҳақидаги қонун лойиҳаси қайтариб олиниши эълон қилинган матбуот анжуманида. 27 август.
Фото: Reuters

Ҳонгконгдаги норозилик намойишлари 2014-2017 йилларда Хитой ҳукуматининг ҳудуд раҳбарлиги учун ўтказиладиган сайловларга аралашиши ортидан келиб чиққан эди. Ўшанда Хитой «ўзининг одами бўлган» Кэрри Лам Ҳонгконг раҳбари этиб сайланишига эришади. Орада вазият бироз тинчиди. Аммо 2019 йил июнь ойидан бошлаб Ҳонгконгда Хитой ҳукуматига қарши намойишларнинг янги тўлқини юзага келди.

Бу сафар намойишлар Хитой ҳукуматининг экстрадиция ҳақидаги қонун лойиҳасини эълон қилганидан сўнг бошланади. Бу қонунга кўра, Хитойда жиноятда гумонланган шахслар Ҳонгконг ҳудудига ўтадиган бўлса, уларни ушлаб Хитойга топшириши шарт бўлар эди. Ҳонгконг аҳолиси бу қонун лойиҳасига қарши чиқди ва у қабул қилинадиган бўлса, Ҳонгконг мустақиллиги учун ҳаракат бошланиши маълум қилинди.

Расмий Пекин Ҳонгконг алоҳида мақомда бўлса-да, Хитойнинг бир қисми эканлигини ва шунинг учун Чин юртида жиноятда гумон қилинадиганлар Ҳонгконга қочиб ўтса улар Хитойга қайтарилиши лозимлигини таъкидлаяпти. Ҳонгконг фуқаролари эса бу ҳудуд махсус маъмурий ҳудуд мақомида Хитойнинг ажралмас қисми ҳисобланса ҳам, у мустақил иш юритиш мақомига эга эканлиги ва унинг ички ишларига Хитойнинг аралашишга ҳаққи йўқлигини таъкидлашмоқда.

Ҳонгконгдаги намойишларда айниқса ОАВ ходимлари, адвокатлар, ҳуқуқшунослар, бизнес вакиллари фаол қатнашяпти. Улар расмий Пекиннинг Ҳонгконгга нисбатан юритаётган сиёсатини қўллаб-қувватлаётган махсус маъмурий ҳудуд раҳбари Кэрри Ламнинг истеъфога чиқишини, шу пайтгача ҳибсга олинган намойишчиларнинг барчаси озод қилинишини ҳамда экстрадиция ҳақидаги қонун лойиҳаси қайтариб олинишини талаб қилишмоқда.

Фаоллар полиция куч қўллаётганидан шикоят қилишади Фото: Reuters

Бу орада оловга мой сепгандай бўлиб расмий Пекин томонидан Ҳонгконг аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган яна бир қарор лойиҳаси қабул қилинди. Бу қонун Ҳонгконгда миллий хавфсизлик масалаларини ўз ичига олади. Ҳонгконг аҳолиси бу қонун қабул қилинишига ҳам жиддий эътироз билдиряпти. Намойишчиларнинг фикрига кўра, агар бу қонун қабул қилинадиган бўлса, унда Ҳонгконгнинг махсус маъмурий ҳудуд мақомига жиддий путур етади.

Қонунни Бутунхитой халқ вакиллари ассамблеяси (БХВА) кўриб чиқиши лозим эди. Яқинда ассамблея ушбу қонун лойиҳасини кўриб чиқди ва уни маъқуллади. Расмий Пекин ушбу қонун лойиҳасида Ҳонгконгда Хитой ҳукуматига қарши содир этиладиган қўпорувчилик ва айирмачилик ҳаракатларини, шунингдек, марказий ҳукуматни ағдаришга йўналтирилган ҳар қандай ҳаракатларни ҳамда терроризм ва ташқаридан аралашишни тақиқлашни кўзда тутган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, расмий Пекиннинг Ҳонгконг хавфсизлиги ҳақидаги қонунни қабул қилиши ҳар икки томонлама келишувда ифодаланган «бир мамлакат – икки тизим» тамойилига зид. Аммо расмий Пекин ҳудуддаги нотинч вазият туфайли Ҳонгконг қонунчилик палатаси миллий хавфсизлик ҳақидаги қонунни мустақил қабул қилиш имкониятига эга эмас деб ҳисоблаган. Шу сабабли мазкур қонун лойиҳаси Хитой ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган ҳамда уни кўриб чиқиш учун Хитой халқ вакиллари кенгаши ихтиёрига ҳавола этилган.

Бу иш Ҳонгконгда янги намойишлар тўлқинини келтириб чиқарди. Кэрри Лам қонун Ҳонгконг аҳолисининг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаслигини таъкидламоқда, аммо одамлар бундай фикрда эмас.

Бугунги Ҳонгконг

Бугун Ҳонгконг Хитойнинг энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ҳонгконг ҳудуди бор йўғи 1 106 километр квадрат бўлса ҳам (Ўзбекистоннинг ўртача бир тумани ҳудудига тенг) бу ерда 7,5 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Ҳонгконгда аҳоли зичлиги дунёдаги энг юқори кўрсаткичда, бу ерда 1 квадрат километрга ўртача 6 732 нафар одам тўғри келади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ҳонгконг ялпи ички маҳсулот ҳажми 2019 йилда 365 миллиард долларни ташкил этган ва бу кўрсаткич билан у дунё давлатлари орасида 40-ўринни эгаллаган. ЯИМ ҳажми жон бошига ҳисоблаганда 38 минг доллардан тўғри келади. Ҳонгконг ЯИМ ҳажмининг тақсимотида қишлоқ хўжалиги бор йўғи 0,1 фоизни, ишлаб чиқариш 7,6 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳаси эса 92,3 фоизни ташкил этади.

Ҳонгконг Жануби-шарқий Осиёдаги йирик молиявий, иқтисодий ва маданий марказлардан бири ҳисобланади. Масалан, 2012 йилда Ҳонгконг эркинлик индекси ва энг ривожланган иқтисодий ҳудуд номинациялари бўйича халқаро рейтингларда биринчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, Ҳонгконг бизнес юритиш шароитлари ва истиқболи юқори бўлган мамлакатлар сирасига киради. Ҳудуд рақобатбардош сифатида ҳар доим дунё инвесторларини ўзига жалб қилиб келган.

АҚШ – Ҳонгконг муносабатлари

Ҳонгконг АҚШ учун аввалдан муҳим савдо шериги ҳисобланиб келган. АҚШ қонунларига кўра, Ҳонгконг Хитой таркибига ўтганидан кейин ҳам алоҳида иқтисодий бирлик сифатида қолаверди ва айни вақтда АҚШ учун муҳим савдо шеригидир. Шу туфайли АҚШнинг Хитойга нисбатан жорий этаётган иқтисодий санкциялари ва турли божлари Ҳонгконг учун амал қилмайди. Ҳонгконг АҚШнинг 21-савдо ҳамкори ҳисобланади ва ҳар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2018 йилда 43,8 миллиард долларни ташкил этган.

Хитой Ҳонгконг учун турли қонунларни қабул қилишга ҳаракат қилар экан, ўша қонунлар келажакда АҚШ билан Ҳонгконг ўртасидаги савдо алоқаларига акс таъсир қилиши мумкин. Шу туфайли АҚШ давлат котиби Майкл Помпео давлат департаментидан Хитой томонидан Ҳонгконгга тегишли махсус мақомга дахл қилмаслик кафолатини талаб қилишни сўраган.

АҚШ Вакиллар палатаси Хитойга нисбатан бир нечта қонунни маъқуллаган ва улар орасида Помпео назарда тутган қонун ҳам бор эди. Хитой ташқи ишлар вазири эса Помпеонинг ўша талабини Хитойга нисбатан шантаж ва расмий Пекиннинг ички ишларига аралашиш деб баҳолаган. Давлат котибидан фарқли ўлароқ, президент Трамп Ҳонгконг муаммосига анча бефарқ қараяпти.

У раҳбарликка келганидан буён Хитойни тинимсиз ёмонлаб келади, аммо негадир Ҳонгконг муаммоси атрофида «Хитойни ёмонлаш имкониятидан фойдаланмаган».

Трамп фақатгина бир марта, ўтган йил ноябрида савдо музокаралари вақтида Си Цзинпинга кераксиз қаршилик кўрсатмаслик учун Ҳонгконгдаги Инсон ҳуқуқлари ва демократия тўғрисидаги қонунга вето қўйишни ҳам таклиф қилиб: «Ҳонгконгни қўллаб-қувватлайман, чунки мен озодлик тарафдориман. Шунингдек, биз интилаётган барча нарсани қўллайман. Биз тарихдаги энг йирик савдо битимини имзолаш арафасидамиз», деган эди.

Британия ҳонгконгликларга фуқаролик бермоқчи

Ҳонгконгда қарийб 2,9 млн киши британ денгизорти паспортига эга. Фото: GETTY IMAGES

Хитойнинг Ҳонгконг устидан кучлироқ назорат ўрнатишга уринаётгани халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолмаяпти. Турли халқаро ташкилотлар ва етакчи давлат раҳбарлари бу муаммо масаласида ўз фикрларини билдирмоқда. Бу масалада айниқса Британия томони анча фаол. Ўтган йил ёзда Ҳонгконгда намойишлар қайта бошлангач, Британия ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант Ҳонгконгнинг Хитойга берилиши тўғрисидаги Хитой-Британия қўшма декларацияси ва унда назарда тутилган Ҳонгконгнинг кенг мухториятга эга бўлиши, ҳудуд аҳолиси ҳуқуқларига риоя қилиниши ҳам мажбурийлигини эслатганди.

Ўшанда Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Гэн Шуан Британияга кескин жавоб берганди.

«Сўнгги вақтларда Британия томони Ҳонгконгнинг ишларига аралашмоқда. Биз шу муносабат билан норозилигимизни ва кескин эътирозимизни билдирамиз. Британияни ўз ўрнини унутмасликка ва Ҳонгконгнинг ишларига ҳар қандай йўл билан аралашишни тўхтатишга чақирамиз», деган эди у.

Британия бош вазири Борис Жонсон Ҳонгконгга тегишли яна бир таклиф билан чиқди. У агар Хитойда Ҳонгконгнинг Пекинга қарамлигини кучайтирувчи янги қонун қабул қилинса, уч миллионга яқин ҳонгконгликка Буюк Британияда яшаш ва ишлаш имкониятини беришни ваъда қилди. Расмий Пекин эса унинг бу баёнотини Хитойнинг ички ишларига аралашиш деб баҳолади.

Хулоса

Кўздан ёш оқизувчи газ қўлланган ҳудуддаги намойишчилар. 12 ноябрь. Фото: Reuters

Хитой ва унинг таркибида махсус маъмурий ҳудуд мақомида бўлган Ҳонгконг ўртасидаги муаммолар шуни кўрсатмоқдаки, капиталистик ва социалистик дунё ҳаргиз муроса қила олмайди. Хитой Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССРнинг «беғараз ёрдами» билан социалистик бошқарувга ўтган эди. Бугун бу мамлакатда хусусий мулкка эга бўлиш ва капитал жамғариш каби гарчи социалистик тизим учун ёт бўлган ишларга рухсат берилган бўлса ҳам, унинг бошқарувида социалистик тизим унсурлари сақланиб қолган. Ҳонгконг аҳолиси эса азалдан кўп қатори эркин бозор муносабатлари ва озод жамиятга асосланган капитализмда яшаб келган.

1997 йил Британия Ҳонгконгни Хитойга топширар экан, бу ҳудуд аҳолиси ўшандаёқ социалистик Хитой бошқаруви остида яшашни истмаслигини айтиб намойишларга чиққанди. Ўшанда Хитой томони Ҳонгконгга махсус маъмурий ҳудуд мақомини бериш ва унинг ички ишларига ва халқаро алоқаларига аралашмаслик ҳақида битим имзолаган. Бугун кўпчиликнинг фикрича, Хитой ўша келишувни бузишга уриняпти ва бора-бора Ҳонгконгга берилган барча ваколатлар ҳамда имтиёзларни қайтариб олишга, уни марказга бўйсунувчи ҳудудга айлантиришга уринмоқда.

Ҳонгконг аҳолиси эса Пекиндан ўзларини тинч қўйишни талаб қилиб кўчаларга чиқишаяпти. Бугун Хитой ва Ҳонгконг ўртасидаги можароларни қуйидаги гаплар билан ифодалаш мумкин: озод ва демократик жамиятда яшаб келган ҳонгконгликлар Хитойдаги социалистик тузумга тоқат қила олишмаяпти. Озод ва эркин жамиятга тоқатсиз бўлган социалистик тузум эса ҳонгконгликларнинг ҳур ва эркин яшашларига тоқат қила олмаяпти.

Дарвоқе...

Ушбу мақола қораланаётганида Хитой Ҳонгконг муносабатларига доир яна бир хабар тарқалди. Унга кўра, Ҳонгконгда Хитой мадҳиясига ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарликни кўзда тутувчи қонун қабул қилинган. Расмий Пекин Ҳонгконгдаги бошқарувни ўз таъсир доирасига олиб бўлганини инобатга олсак, бу хабарга ажабланмаса ҳам бўлади...

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид