Ўзбекистон | 15:39 / 19.06.2020
1161
3 дақиқада ўқилади

2030 йилгача аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш 91 фоизга етказилади

2017 йилда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 64,5 фоизни ташкил этган. Ҳозир бу кўрсаткич 70,8 фоизга етказилган. 2030 йилга қадар аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 91 фоизга етказилади.

Бугун, 19 июнь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъуллари томонидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш билан бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Вазирлик матбуот котиби Алипаша Аҳмедовнинг таъкидлашича, 2017 йилда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 64,5 фоизни ташкил этган. Вазиятни яхшилаш учун эса катта сарф-харажат талаб этилмоқда.

«Ҳозир сув таъминотини яхшилаш учун маблағ сарфи ҳам, эътибор ҳам кучайтирилмоқда. Масалан, 2017 йилда соҳага 300 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда 1 триллион 800 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган.

Бу инвестициялар натижасида республика бўйича марказлашган ичимлик суви таъминоти даражаси ҳозир 70,8 фоизга етказилган», дея маълумот берди Алипаша Аҳмедов.

Шунингдек, вазирлик бошқарма бошлиғи Азизбек Эркабоев ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш учун 2020 йилда сарфланиши режалаштирилган маблағ миқдори ва қилинадиган ишлар ҳақида маълумот берди.

«2020 йилда сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш учун Марказлашган манбалар ҳисобидан жами 1 544,6 миллиард сўм ажратилган. Жумладан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш жамғармасидан 934,2 миллиард сўм, Орол бўйи минтақасини ривожлантириш дастури доирасида 110,4 миллиард сўм, Инқирозга қарши кураршиш жамғармасидан 500 милиард сўм йўналтирилган.

Ушбу маблағлар ҳисобидан 299та ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бу билан 1 миллион 279 минг нафардан ортиқ аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш ва 250 минг нафардан ортиқ аҳолининг оқова сув хизмати яхшиланиши кутилмоқда. Қурилиш монтаж ишларида эса республикамизда 46 минг нафардан ортиқ шахс иш билан таъминланади», деди Азизбек Эркабоев.

Шунингдек, Алипаша Аҳмедовнинг қўшимча қилишича, 2030 йилга қадар аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 91 фоизга етказилади. Тоғ ва бошқа шу каби ҳудудларида жойлашган кичик қишлоқларга марказлашган ичимлик сувини етказиш иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлмаслиги туфайли аҳолини 100 фоиз марказлашган сув таъминоти билан қамраб олишнинг имкони йўқ.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид