Жамият | 09:01 / 19.06.2020
3054
3 дақиқада ўқилади

Ёш болани парвариш қилаётган шахснинг меҳнат ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик ҳақидаги янги модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Айни пайтда ушбу ҳужжат масъул қўмита томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Парламент сайтида ёзилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбир ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар кўзда тутилган. Мисол учун, Жиноят кодексининг амалдаги таҳририда фақат ёш болани парвариш қилаётган аёлнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Қонун лойиҳасида эса ёш болани парвариш қилаётган шахснинг, яъни аёл ёки эркакнинг меҳнат ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. 

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик ҳақидаги янги модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Тадбирда айнан тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга бериладиган ҳимоя ордери масаласи хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият олиб борадиган ННТ вакиллари томонидан баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Жумладан, Реабилитация ва мослаштириш марказлари масъуллари иштирокчиларга ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳуқуқий ҳужжат эканлигини қайд этишди. Ҳозирги кунда мингдан ортиқ жабрланган аёллар ҳимояга олингани ва уларга амалий чоралар билан бир вақтда руҳий ёрдам ҳам берилаётгани, шу билан бирга, ҳимоя ордерининг зарурлиги ҳақида маълумотлар беришди.

Муҳокамалар жараёнида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида мавжуд бўлган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар юзасидан мутасадди давлат органлари ҳамда ННТ вакилларининг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклиф ва тавсиялари тингланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид