Жаҳон | 08:21 / 20.06.2020
5860
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда коронавирус юқтирганлар сони 1 миллиондан ошди, қурбонлар 50 мингга яқинлашди

Фото: Associated Press

Бразилияда коронавирус юқтирганлар сони 1 миллиондан ошди. Worldometers маълумотига кўра, айни дамда мамлакатда вирус юқтирганлар сони 1 миллион 38 мингдан кўпроқни ташкил этмоқда.

Ортда қолган бир кун давомида 55 мингдан ортиқ бразилияликда вирус аниқланган ва бу янги кунлик рекорд ҳисобланади. Касаллик мамлакатда яна 1 238 кишининг умрига зомин бўлди ва Бразилияда вирус қурбонлари сони 49 мингдан ошди. Ҳозиргача 520 мингдан ортиқ одам вирусдан тузалган.

Маълумот учун, Бразилия вирус юқтирганлар сони 1 миллиондан ошган иккинчи давлатга айланди. Ҳозиргача фақат АҚШда 1 миллиондан кўпроқ (2,96 миллион) одам вирус юқтирганди. Ўтказилган тестлар сони бўйича эса бу икки давлат ўртасида фарқ катта. Бразилия 2,3 миллиондан ортиқ тест ўтказган бўлса, АҚШда бу кўрсаткич 27,3 миллион ошади.

Айни дамда бутун дунёда коронавирус юқтирганлар сони 8,75 миллиондан ошган. Зарарланиш ҳолатлари бўйича АҚШ ва Бразилиядан кейинги ўринларда Россия (569 минг), Ҳиндистон (395 минг) ва Британия (301 минг) бормоқда.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид