Тошкентда Ўзбекистон табиатига хос бўлмаган тошбақа тури аниқланди
Қизилқулоқ ботқоқ тошбақаси 30 га яқин мамлакатда қайд этилган.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон табиатига хос бўлмаган тошбақа тури аниқланди. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, қизилқулоқ ботқоқ тошбақаси (Trachemys scripta elegans) АҚШнинг шарқий ва Мексиканинг шимолий-шарқий ҳудудлари турли сув ҳавзаларида кенг тарқалган. Ёш тошбақачалар жуда ёқимтой ва чиройли бўлгани учун, бу тошбақа акварюмистлар ва террариумистлар орасида кенг тарқалган ҳамда уларни боқиш қийинчилик туғдирмайди. Ушбу фаол миниатюр мавжудотларнинг қалқони, боши ва оёқларида ёрқин сариқ, қизил чизиқлари бор ва улар акватеррариумлар, аквариумлар ва декоратив сув ҳавзаларида жуда яхши яшайди.
Лекин, тошбақа тез катта бўлганлиги сабабли одамларнинг аквариумларига сиғмай қолади ва аҳоли ўз тошбақаларини очиқ сув ҳавзаларига қўйиб юборадилар. Кейин тошбақа бу сув ҳавзасида ўз фаолиятини бошлайди ва давлат учун муаммога айланади. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи Қизилқулоқ ботқоқ тошбақасини ўсимлик ва ҳайвонлар инвазив турлар юзталиги рўйхатига киритди. Бугунги кунга келиб ушбу тур 30 га яқин мамлакатда қайд этилган.
Бу ҳайвонларнинг табиатга бевосита зарари уларнинг ҳаммахўрлиги билан боғлиқ. Ёпиқ кичик сув ҳавзалари тизимида қизилқулоқ ботқоқ тошбақасининг ҳатто битта индивиди ҳам ноёб ёки кам сонли организмлар сонининг жиддий пасайиб кетишига олиб келиши мумкин. Ноёб сув ўсимликлари, деярли барча амфибиялар (катта индивидларига ҳужум қилади, личинкалари билан озиқланади), ниначилар каби ҳашаротларнинг личинкалари ва бошқа экотизимларнинг фаолияти учун муҳим бўлган бошқа ноёб сув ва яқин олди умуртқасиз ҳайвонларнинг потенциал камайишига олиб келиши мумкин.
Шу вақтгача бу тур республика ҳудудида фақат уй шароитидан учраган. Бироқ, 2019 йилнинг кузида балиқчилар томонидан Бўрижар каналида қизилқулоқ ботқоқ тошбақасининг 4 та индивиди учрашуви ҳақида маълумотлар келтирилган. Ушбу ҳудудда олиб борилган бир неча тадқиқотлар натижасида 2020 йилда қишлаган индивид топилди.
Таъкидланишича, ушбу тур Ўзбекистон сув ҳавзаларида тарқалиши мумкин. Тошкентнинг кўпгина каналлари Чирчиқ дарёси ўзанига қуйилади. Чирчиқ дарёси ўз навбатида Сирдарёга қуйилади. Сирдарё дарёси эса мамлакатимизнинг асосий сув ҳавзалари бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг иқлим хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қизилқулоқ ботқоқ тошбақаси осон қишлаши, кўпайиши ва сув ҳавзалари бўйлаб кенг тарқалиши мумкин.
Мавзуга оид
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024
Тошкентда метро станциясида ҳожатини чиқарган эркак бўйича маълумот берилди
13:06 / 06.11.2024