Ўзбекистон | 16:44 / 21.06.2020
34825
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги саноат корхонаси ходимларида вирус аниқланган. ССВ аҳоли орасидаги янги ҳолатлар ҳақида қўшимча маълумот берди

20 июнь куни Тошкент шаҳрининг 5 ҳудудида, жумладан саноат корхонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларида ҳамда ҳарбий чақириққа келганлар билан мулоқотда бўлган Олмазор тумани Мудофаа ишлари бўлими ходимида касаллик аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 20 июнь кунлари аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Айни пайтда нафақат пойтахтимиз ёки Тошкент вилоятида, балки олис Сурхондарё вилоятидан тортиб, Хоразм воҳасида ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар аниқланмоқда.

Профилактика мақсадида намуна топширган фуқароларда ҳам касаллик тасдиқланаётгани эса коронавируснинг одамлар орасида юқиш хавфини яна оширмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, 19 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 179 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 20 июнь куни эса 207 нафар бемордан 19 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи яна ошганлигини кўришимиз мумкин», дейилади вазирлик хабарида.

20 июнь куни аҳоли орасида Тошкент шаҳрида 13, Тошкент вилоятида 4, Сурхондарё ва Хоразм вилоятида эса биттадан ҳолат қайд этилган.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги саноат корхонасининг 4 нафар ходими ва уларнинг 5 нафар оила аъзоларида, Учтепа туманида яшовчи М.М.да (оромгоҳга кетиш мақсадида намуна топширган), Миробод туманида яшовчи Н.Ш.да (профилактика мақсадида намуна топширган), Шайхонтоҳур туманида яшовчи уй бекаси Д.З.да (тана ҳарорати кўтарилиб, хусусий шифохонага мурожаат қилган), Олмазор тумани Мудофаа ишлари бўлими ходими Э.Ш.да (ҳарбий чақириққа келган болалар билан мулоқотда бўлган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Ш.Э.да (ишга кириш мақсадида намуна топширган), Мудофаа ишлари бошқармаси Юқори Чирчиқ тумани ходими Д.А.да (меҳнат таътилидан ишга чиққан ва тана ҳарорати кўтарилиши сабабли намуна топширган), Янгийўл туманида яшовчи М.М.да ва Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.Н.да (профилактика мақсадида намуна топширишган), Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида яшовчи Ш.Э.да (Тошкент шаҳрида ёлланма ишчи бўлган, тана ҳарорати кўтарилиб, ўзи намуна топширган) ҳамда Хоразм вилоятида Тошкент вилоятидаги МЧЖга қарашли юк автомашинаси ҳайдовчиси В.Т.да (вилоятга кириш блок постида намуна олинган) ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

«Айни пайтда мамлакатимизда 6216 ҳолатда касаллик қайд этилган. Ҳозиргача уларнинг 69 фоизи, яъни 4290 нафар бемор ушбу инфекциядан фориғ бўлган. Шу кунларда шифокорларимиз юртимизнинг ўнта ҳудудидаги юқумли касалликларга ихтисослашган тиббиёт муассасаларида 1907 нафар бемор ҳаёти учун курашмоқда. Улардан 15 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Юқорида қайд этилган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан вақтинчалик тийилишларини ва албатта, қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришишмаслик, озодаликка риоя қилиш, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, ниқобни тўғри тақиб юриш каби карантин қоидаларига қатъий риоя этиб, бизга, шифокорларга ёрдам беришингизни сўраб қолади.

Ўзингиз ва атрофдагиларнинг соғлигига бепарво бўлманг!», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид