Фан-техника | 18:54 / 22.06.2020
53034
10 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» Kun.uz’да эълон қилинган мақолага муносабат билдирди. Бироқ бу янги саволлар туғилишига сабаб бўлди

19 июнь куни Kun.uz сайтида «Malibu, Trаcker ва Orlando ярим тайёр маҳсулот сифатида олиб кирилаётгани сабабли миллионлаб солиқлар давлат ғазнасига тушмаяпти» – эксперт» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Жанубий Кореянинг ИНҲА университети Халқаро савдо бўйича докторанти Валижон Тўрақулов ҳамда Жанубий Кореядан Ўзбекистонга автомобилларни импорт қилиш билан шуғулланувчи «YES CAR-MOTORS» компанияси раҳбари Ойбек Қамбаров билан миллий автомобиль саноатидаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида уюштирилган суҳбат ёритилганди.

«Ўзавтосаноат» АЖ ушбу суҳбат бўйича муносабатини билдирди.

«19 июнда Kun.uz нашри Malibu, Tracker ва Orlando автомобилларини олиб кириш оқибатида давлат ғазнаси «Ўзавтосаноат» корхоналаридан миллионлаб солиқ тушумларини гўёки ололмай қолаётгани ҳақидаги хавотирларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашди. Қизиғи, негадир ушбу масала юзасидан фикр билдиришга ишлаб чиқариш мутахассислари ё корпоратив солиққа тортиш соҳаси экспертлари эмас, балки халқаро савдо бўйича назариётчи олим ва Ўзбекистонга Корея машиналари импорти бўйича амалиётчи таклиф этилган.

Chevrolet Orlando модели неча йилдан бери ишлаб чиқарилмаётгани ва республикага «Ўзавтосаноат» буюртмасига кўра келтирилмаётганига тўхталиб ўтирмаймиз (ҳолбуки, шунинг ўзи сарлавҳа муаллифларининг салоҳиятини шубҳага қўяди), балки март ойида рўй берган маҳаллий автомобилларга нархлар ўзгаришини июннинг охирида янги мавзу ўлароқ тақдим этиш бироз ғалати кўринишини қайд этамиз, холос.

Аммо, бошқа томондан, жалб қилинган экспертлар фаолиятларининг ўзига хос жиҳатлари ва шахсий манфаатлари инобатга олинса, мақола айни вақтида чиққан: гап шундаки, бир ҳафта олдин «Ўзавтосаноат» 1 августдан утилизация йиғими жорий этилиши муносабати билан ўз маҳсулоти нархини оширмаслигини расман ва оммавий эълон қилди. Компания, ўзи бошқалар қатори ушбу йиғим тўловчиси бўлса-да, нархларни аввалги даражада қолдириш учун ички имкониятларни излаб топиши айтилганди. Табиийки, бу ҳол тарифларининг ўсишини эълон қилиб қўйган бозор иштирокчилари учун нохуш янгилик бўлди. Рақобат муҳити мантиғига кўра, «қора PR» услубида жавоб бўлиши лозим эди. Танқид қилиш учун янгироқ сабаб топилмагани боис, карантиндан олдинги нарх шаклланишини эсга олдилар.

Иккита манфаатдор шахснинг монополия нима ва у нега зулм эканлиги ҳақидаги ҳавойи мунозаралари устида узоқ баҳслашиш мумкин. Муҳокама давомида Kun.uz экспертлари гапга берилиб кетдилар чоғи, Жанубий Кореядан мисол келтириб, бу мамлакатда хорижий автомобилларни олиб кириш импортчиларга, қайси мамлакатдан экспорт қилинаётганига қараб, 0 фоиздан 2 фоизгача тушади, деб айтдилар. Бу эса, ушбу бозорда шахсан фаолият юритса-да, Кореяда 10 фоизлик ҚҚСдан ташқари, импорт автолар учун акциз тўлови, двигатель турига қараб, 10 фоиздан 20 фоизгача эканлигини, бунга қўшимча яна рўйхатдан ўтказишдаги 7 фоизлик солиқ борлигини билмайдиган мутахассисларнинг касбий салоҳияти қандайлигини кўрсатиб беради. Ўзингиз ҳам қўшилсангиз керак: 0 фоиз ва 37 фоиз ўртасида фарқ катта ва, бинобарин, ҳурматли онлайн-нашр ўқувчиларини ўта омига чиқариш шартмикан, деган ҳақли савол туғилади.

Кейин, эксперт номига даъвогар инсонлар «Ўзавтосаноат» солиқ тўловларининг шаффофлиги ва салмоғини шубҳа остига қўядилар. Ҳолбуки, автосаноат корхоналарининг бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга ажратмаларининг аниқ суммаси ҳеч ким учун сир эмас. Мисол учун, жорий йил I-чорагини олайлик: ажратмалар 1 триллион 537 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилган, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 270 фоизга кўпдир. Солиштириш учун: бутун 2018 йил давомида 1 триллион 672 миллиард сўм тўланган.

«Ўзавтосаноат» учун олдинги солиқ имтиёзларининг барчаси 2019 йил октябрда бекор қилингани сабабли, жорий йилда режадаги солиқ кўрсаткичи қарийб 4 триллион 195 миллиард сўмни ташкил қилади, бу солиқлар бўйича «имтиёзли» саналган 2018 йилга нисбатан 250 фоизлик ўсиш суръатига эришиш имконини беради. Бу рақамлар автоматик равишда «Ўзавтосаноат»ни мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчилар қаторига қўшади ва бунинг фонида бутун тармоқни гўёки Orlando олиб кириш учун солиқ тўлашдан бўйин товлашда айблаш – бу нафақат журналистик ва бизнес ахлоқ нормаларини, балки амалдаги қонунчиликни ҳам бузиш демакдир.

Гапнинг индаллоси шундаки, ҳис-туйғулар-у, осмондан олинган рақамларга таяниб «монополия» сўзини ҳар кўйга солиб туслаш ҳам, ёки аниқ ва осонгина текшириш имкони бор бўлган рақамларга асосланиш ҳам мумкин. Афсуски, бу гал (қасдданми ё тасодифанми) танлов фактларни текшириш фойдасига бўлмади. Йўқса, март воқеалари бирёқлама ёритилишини-ю, апрелда «UzAuto Motors» томонидан баҳорги ёмғирдек ёққан фойдали нарх таклифлари ҳақида лом-мим дейилмаслигини қандай изоҳлаш мумкин? «Ўзавтосаноат» заводлари, ўтган йилга нисбатан, биргина ҚҚС тўловларининг ўзини 95 баробарга оширганликларини мутлақо тилга олмай, амалда бўлмаган Orlando импорти учун солиқлар оптимизациясида айблашни қандай тушунса бўлади?

Ҳақиқатан чуқур таҳлил бўлганда эди, МДҲ мамлакатларида чиқарилган автомобиллар – ўша АвтоВАЗнинг Lada ёки Россияда чиқарилган Hyundai ҳар хил «эксперт»лар ишонувчан ўқувчиларни қўрқитаётган божхона божига ҳеч қачон тортилмаган ва тортилмаётганлиги бир оғиз тилга олинарди. Шундай экан, балки, «UzAuto Motors» маҳсулотининг машҳурлиги – бу истеъмолчиларда танловнинг йўқлигига эмас, балки айнан онгли танлов мавжудлигига далолат қилар?

Нима бўлмасин, «Ўзавтосаноат» на импортчилар томонидан ва на шошма-шошарлик билан ўйлаб топилган фактларни рўкач қиладиган «эксперт»лар томонидан босим таъсирига тушади. Бизнинг позициямиз ўзгармас: утилизация йиғими жорий этилиши туфайли нархларни оширмаймиз. Уларни тўлаш мижозлар зиммасига юклатилмайди. Ички ресурслар билан кифояланамиз: бизнес-жараёнларни такомиллаштириш ва корпоратив менежмент самарадорлигини ошириш, шунингдек харажатларни бошқариш «Ўзавтосаноат» устуворликлари бўлиб қолади.

 

Таҳририят: Kun.uz’да эълон қилинган интервьюда асосан «UzAuto Motors» АЖ томонидан эркин бозор қоидалари бузилиши ҳамда қонунчиликдаги айрим камчиликлар муҳокама қилинган эди.

Хусусан, премиум тоифадаги автомобилларни импорт қилишда ўзига хос айланма йўлларни қўллаш орқали тайёр автомобилларни нотайёр автомобил ўлароқ расмийлаштириш каби ҳолатлар шубҳа остига олинган.

Orlando, Malibu ва Tracker’лар шунчаки премиум тоифа автомобилларга мисол ўлароқ келтирилган, холос. Orlando’нинг ҳозирда республикамизда сотилиши ёки истеъмолдан чиқарилгани асосий муҳокама мавзуси эмас. «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан берилган раддияда мақолада ўртага ташланган асосий саволлар бўйича ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Суҳбатдаги муҳокама мавзусига айланган асосий масалалар қуйидагилардан иборат эди:

1. Божхона расмийлаштирувида «UzAuto Motors» АЖ томонидан импорт қилинаётган машиналар тайёр «автоулов» сифатида расмийлаштириладими ёки тўлиқ йиғилмаган «автоқисм» сифатида расмийлаштириладими?

2. Биздаги маълумотларга кўра, премиум тоифадаги автомобиллар SUP (single unit package) ҳолатда, яъни тайёр, йиғилган ҳолатда киради. Хўш, унда компания олиб кирилган автолар учун божхона расмийлаштирувида қанча ҚҚС тўлайди? Қанча бож тўлайди? Агар бу тўловлардан озод этилган бўлса, бу имтиёз айнан қайси ҳужжатга асосан берилган?

3. «UzAuto Motors» АЖ хориждан олиб кираётган автоуловларга 1 августдан бошлаб утилизация йиғими тўлайдими? «UzAuto Motors» АЖ директор маслаҳатчиси Илёс Жабборов оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида янги утилизация йиғими компания ишлаб чиқарган автомобиллар нархига таъсир қилмаслигини айтди.

Шу ўринда савол туғилмоқда, қандай қилиб таъсир қилмаслиги мумкин? Масалан, ҳукуматнинг 347-сонли қарорига мувофиқ белгиланган иловадаги жадвалга кўра транспорт воситалари двигателнинг ҳажмига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 300 бараваригача утилизация йиғимлари қўшилмоқда. Бу суммаларнинг барчасини корхона қандай қилиб ўз зиммасига олиши мумкин? Бу борада ҳам компанияга қандайдир имтиёз ёки преференция бериладими?

4. «UzAuto Motors» АЖ қачон молиявий ҳисоботларни очиқ ва ошкоралик сиёсати орқали юритишни бошлайди? Четдан кириб келаётган автомобилларда корхона маржаси неча фоизни ташкил қилади? Масалан, Malibu 2’нинг импорт ватани Жанубий Кореядаги нархи 19 909 доллардан бошланади. Бизда эса долларда 32 000 доллардан баланд сотилмоқда. Ўртадаги фарқ сал кам 11 000 долларни ташкил қилмоқда. Корхонанинг импорт автомобилларига нарх белгилашнинг қандайдир формуласи борми? Ёки таваккалига устига (30 фоиз) 10 000 доллар қўйиб сотилаверадими?

Шу ва шунга ўхшаш саволлар жуда кўп. «Ўзавтосаноат» АЖ ва «UzAuto Motors» АЖ мутасаддиларидан юқоридаги саволларга жавоб кутиб қоламиз.

Мавзуга оид