Ўзбекистон | 13:41 / 22.06.2020
30395
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг яна бир ходимида вирус чиқди. ССВ аҳоли орасидаги янги ҳолатлар ҳақида қўшимча маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 июнь куни Тошкент шаҳри, Бухоро, Сирдарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқлангани, янги беморлар орасида сотувчи, учувчи, банк ходими, шунингдек, иссиқхона ва хориж корхонаси ходимлари борлиги ҳақида хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 июнь кунлари аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Сўнгги кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатларига эътибор қаратсак, кўпинча ўз ихтиёри билан ёки профилактик мақсадида намуна олинганда касаллик аниқланяпти. Бу эса ён-атрофимизда коронавирусга чалиниб, ҳеч қандай касаллик белгиларисиз юрган фуқаролар бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Айни ҳолат барчамиздан янада ҳушёр бўлишни талаб этади. 

Аввал хабар қилганимиздек, 20 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 207 нафар бемордан 19 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 21 июнь куни эса 162 нафар бемордан 22 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи камайган бўлса-да, аммо аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ошган», дейилади вазирлик хабарида.

21 июнь куни аҳоли орасида Бухоро вилоятида 11, Тошкент шаҳрида 7, Сирдарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларида биттадан янги ҳолатлар қайд этилди.

Маълум қилинишича, Шайхонтоҳур туманида яшовчи Г.И.да (санаторийга ётиш мақсадида намуна топширган) ва З.Г.да (шифохонага ётиш учун намуна топширган), «Ипотекабанк»нинг Чилонзор туман филиали ходими Ф.А.да (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли намуна топширган), «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖ ходими Ш.Д.да (ишга қайтиш учун намуна топширган), Тошкент шаҳридаги «AMG» МЧЖ ходими К.М.да (профилактика мақсадида намуна топширган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Бухоро вилоятидаги хорижий корхонанинг 4 нафар ишчисида (корхона ходими тана ҳарорати кўтарилган ва намуна топширган. Профилактика мақсадида бошқа ходимлардан ҳам намуна олинган) ва шу ҳудуддаги иссиқхонанинг 5 нафар ишчисида (профилактика мақсадида намуна топширишган), шунингдек, вилоятда яна 2 нафар фуқарода (профилактика мақсадида намуна олинган), Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи Х.Т.да (Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги «F-market» дўконида сотувчи. Тана ҳарорати кўтарилгач, эртасига Андижон вилоятига, ўз уйига қайтган), Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро Г.А.да ҳамда Самарқанд шаҳар санитария-эпидмиология осойишталиги маркази ходимида ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

«Вазият ҳамон хавотирли эканини инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан ён-атрофдаги одамлар билан ижтимоий масофа сақлаган ҳолда, имкон қадар камроқ мулоқотда бўлишни, ва албатта, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик, озодаликни сақлаш,  қўлларни яхшилаб, қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқобни тўғри тақиб юриш каби карантин қоидаларига мунтазам равишда қатъий риоя этишларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни ҳам «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг икки мутахассисида коронавирус қайд этилганди. 

Мавзуга оид