Жаҳон | 20:17 / 23.06.2020
3836
2 дақиқада ўқилади

Москвада кафе, спорт зал ва болалар майдончалари очилди

23 июнда Москвада пандемия сабабли киритилган чекловлар бекор қилинишининг янги босқичига ўтилди. Фитнес-марказлар, кафе ва ресторанлар, болалар майдончалари ва очиқ ҳаводаги тренажёрлар очилди.

Фото: Андрей Любимов / РБК

23 июнда Москвада пандемия сабабли киритилган чекловлар бекор қилинишининг янги босқичига ўтилди. Фитнес-марказлар, кафе ва ресторанлар, болалар майдончалари ва очиқ ҳаводаги тренажёрлар очилди. Москва мэри Сергей Собяниннинг таъкидлашича, бу шаҳарда коронавирусга чалиниш ҳолатлари камайгани сабабли мумкин бўлди. Шу билан бирга мэр шаҳарликлар учун масофадан ишлаш режими сақланиши лозимлигини ёқлаб чиққан. 

Таъкидланишича, сўнгги кунда Россия пойтахтида вирусдан 1081 та янги касалланиш ҳолати ҳамда 26 та ўлим қайд қилинган. 

Шунингдек, шаҳар ФҲДЁлари тантанали тадбирларни ўтказишни қайта бошлаган. Март охиридан Москвада меҳмонларсиз ва фотосуратчиларсиз никоҳдан ўтишгагина рухсат берилган.

Роспотребнадзорнинг янги қоидаларига кўра фитнес-марказларига олдиндан ёзилган ҳолда ташриф буюриш мумкин бўлади. Залларда 1,5 метрлик масофага риоя қилиш учун махсус чизиқлар туширилиши, ҳар бир ташриф буюрувчига 4 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳудуд тўғри келиши лозим қилиб белгиланган.  

Шунингдек, мэрия болалар боғчаларига одатий ишлаш режимига қайтишга рухсат берган.

Фото: Михаил Джапаридзе / ТАСС

Бундан ташқари, болалар майдончалари, кўчада ўрнатилган тренажёрлар  очилган. 9 июнда ўзини яккалаш режими бекор қилинганига қарамай, бу объектлардан фойдаланиш тақиқланганди.

Москва-рекада пандемия сабабли бекор қилинган ҳаракатланиш ҳам қайта тикланган.

Шу билан бирга, кўнгилочар муассасалар фаолияти ва оммавий тадбирлар ўтказилишига тақиқ, ижтимоий масофага риоя қилиш, жамоат жойларида ниқоб ва қўлқоплар тақиш талаблари сақланиб қолган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид