Ўзбекистон | 13:04 / 23.06.2020
12671
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасаларига коронавирус тести ўтказишга рухсат берилди

24 июндан бошлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда фуқаролар учун ушбу инфекцияга таҳлил топширишда ихтиёрий, пуллик асосда нодавлат тиббиёт ташкилотлари хизматларидан ҳам фойдаланиш имконияти яратилди. Лаборатор таҳлил учун намуналар тиббиёт ташкилоти, иш ва яшаш жойи ёки махсус автотранспортда олиниши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда эндиликда коронавирусни аниқлаш учун тест таҳлилини нодавлат тиббиёт муассасаларида ҳам топшириш мумкинлиги ҳақида хабар берди.

«Ҳозирги кунда шифохоналардаги беморлар, уй ва стационар карантинда тиббий кузатувда бўлган барча фуқаролар тиббий кўрсатмага мувофиқ, мунтазам лаборатор текширувлардан ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда бошқа фуқаролар учун ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги вирусологик лабораторияларда Covid-19 инфекциясига бепул таҳлилдан ўтиш имконияти яратилган. Кечанинг ўзида 16897та, эпидемия мавсуми давомида эса жами 1 055472та тест синови бепул ўтказилди.

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясини эрта аниқлаш кўламини кенгайтириш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, қатор ташкилот ва фуқароларнинг бу ҳақдаги мурожаатларини эътиборга олиб, жорий йил 24 июндан бошлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда фуқаролар учун ушбу инфекцияга таҳлил топширишда ихтиёрий, пуллик асосда нодавлат тиббиёт ташкилотлари хизматларидан ҳам фойдаланиш имконияти яратилди», дейилади вазирлик хабарида.

Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказлари билан тегишли тартибдаги шартномани имзолаган ҳамда лабораторияси талабга жавоб бериши тўғрисидаги хулосани олган барча нодавлат тиббиёт ташкилотлари коронавирус инфекциясини фақат полимер занжирли реакция (ПЗР) усулида текширишлари мумкин.

«Ўз лабораториясида коронавирус инфекциясини занжирли полимер реакция усулида, пуллик асосда текширишни ташкил этмоқчи бўлган нодавлат тиббиёт ташкилоти, аввало, бу борада белгиланган барча санитария-эпидемиология талабларига риоя қилиши лозим. Текширувда қўлланиладиган тест-синамалар (диагностикум) ҳудудий санитария осойишталиги марказлари билан келишилади. Коронавирус инфекциясини лаборатор шароитида аниқлаш нархини нодавлат тиббиёт ташкилоти мустақил белгилайди», дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов.

Лаборатор таҳлил учун намуна (суртмалар) нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўзида, шу билан биргаликда, сўровга кўра, мурожаат қилувчининг ташкилотида, фуқароларнинг яшаш манзилида ҳамда махсус автотранспортларда олинишига рухсат берилди.

Шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилоти ҳудудий санитария осойишталиги марказларига кунлик умумий маълумотларни ҳамда коронавирус инфекциясига ижобий натижа берган суртмаларни етказиб беради.

Коронавирус инфекциясини полимер занжирли реакция усулида пуллик текширишларни ташкил этишни хоҳловчи нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларига шартнома тузиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

Ўз навбатида вазирлик Covid-19’га таҳлилни ўтказиш бўйича шартнома имзолаган нодавлат тиббиёт ташкилотлари тўғрисида қўшимча маълумот беради.

Мавзуга оид