Жамият | 18:48 / 26.06.2020
2060
2 дақиқада ўқилади

PISA халқаро синовлари пандемия туфайли кечиктирилади. Унда Ўзбекистон ўқувчилари ҳам қатнашиши керак эди

PISA дастури доирасидаги тадқиқотлар бир йил муддатга кечиктирилиши маълум бўлди. Бунда 2020 йилда мўлжалланган тажриба-синовлар 2021 йилнинг апрель-май ойларида, 2021 йилга мўлжалланган асосий тадқиқот эса 2022 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Бугун, 26 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова келгуси йил Ўзбекистон ўқувчилари қатнашиши режалаштирилаётган халқаро синовлар муддати пандемия туфайли кечиктирилганини маълум қилди.

«Ўзбекистон ўқувчилари биринчи марта халқаро PISA ва бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро PIRLS дастурларининг имтиҳонларида қатнашиши режалаштирилаётган эди. Халқаро тадқиқотлар доирасида PISA учун тажриба-синов жараёнлари 2020 йилнинг апрель-май ойларида, асосий тадқиқотлар эса 2021 йил апрель-май ойларида ўтказилиши белгиланганди. Лекин бу муддатлар пандемия туфайли кечиктирилди», дея қайд этди у.

Инспекция вакили берган маълумотга кўра, ҳозирга қадар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) ва бошқа масъул халқаро ташилкотлар билан тадқиқотда қатнашувчи мамлакатлар ўртасида тадқиқотларнинг ташкил этилиш муддатларини белгилаш бўйича муҳокамалар олиб борилган.

Муҳокамалар натижасида PISA дастури доирасидаги тадқиқотлар бир йил муддатга кечиктирилишига келишилган. Бунда 2020 йилда мўлжалланган тажриба-синовлар 2021 йилнинг апрель-май ойларида, 2021 йилга мўлжалланган асосий тадқиқот эса 2022 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

«PIRLS дастури доирасидаги асосий тадқиқот эса кечиктирилмади ва ўз муддатида, яъни 2021 йил апрель ойида ўтказилиши бўйича режалар ўз кучида қолдирилди. Бунда, 2020 йил апрель ойига режалаштирилган тажриба-синов жараёнлари, карантин шароити барқарорлашган тақдирда, 2020 йилнинг октябрь ойида кўчирилиши режалаштирилди», деди Феруза Мадраҳимова.  

Таълим инспекцияси вакили Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида PISA Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтингида Ўзбекистоннинг 2021 йилда биринчи 70таликка, 2025 йилда 60таликка ва 2030 йилга келиб эса, биринчи 30та илғор мамлакатлар қаторига кириши кўзда тутилгани ва бу кўрсаткичларни қайд этиш учун тайёргарлик ишлари сусайтирилмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид