Ўзбекистон | 10:09 / 19.12.2023
10069
3 дақиқада ўқилади

“Биз бунга тайёр эмас эдик, бунинг учун узоқ вақт керак” – вазир ўринбосари PISA натижалари ҳақида

Мактабгача ва мактаб таълими вазири биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев 2030 йилгача Ўзбекистон таълим сифати бўйича дунёда ТОП 30 таликка кириши режа қилинганини айтиб, PISA тадқиқотлари натижаларига тўхталаркан, тизим ҳали бунга тайёр эмаслигини, унинг яхшиланишига узоқ вақт кераклигини қайд этди.

Фото: Youtube / Alter Ego

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг бугунги ўзбек мактаб таълими, ундаги муаммолар ҳамда дарсликлар билан боғлиқ долзарб масалаларда "Alter Ego" лойиҳасига берган интервюси эълон қилинди.

Суҳбат давомида Шарифхўжаев PISA тадқиқотларидаги Ўзбекистоннинг қониқарсиз натижаларига ўз муносабатини билдирган. Унга кўра, биринчи маротаба қатнашиб турилган бундай ўрганишларда яхши натижа бўлмаслиги кутилган.

"Биз 2022 йилда биринчи маротаба PISA тадқиқотларида иштирок этдик. Унинг натижалари шу кунларда эълон қилинди. Нима кутилганди? Ҳарҳолда энг яхши натижа эмас.

PISA бу – биз ўқувчиларни олийгоҳларга кириш олди сўрашга одатланиб қолган баҳолаш [даражаси] эмас, яъни саналар ўқувчиларнинг эсида қолганми, формулани биладими эмас. Бу – [болаларнинг] ҳаётда қўллай олиши мумкин бўлган билим ва илмини баҳолаш.

[Бунда] уларга реал кейс ва вазият берилади, жараёнда нафақат математика формуласини, балки қайсидир нуқталарида грамматикани ҳам билиши керак бўлади. Умуман олганда вазифаси комплекс. Шунга мувофиқ, биз бунга тайёр эмас эдик. Ўйлайманки, таълим тизими, болалар, ўқитувчилар бунга тайёр бўлиши учун узоқ вақт керак. Мазкур мақсадларимиз учун эса ўқув дастурлари, қўлланмалар бўлиши лозим. Мана шуларнинг ўзи вазифаларимиздан биридир", – дейди у лойиҳага берган интервюсида.

Эслатиб ўтамиз, PISA (Programme for International Student Assessment) – 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг билим даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастур ҳисобланади. Ўтган йили Ўзбекистон илк маротаба қатнашган тадқиқот натижаларига кўра, мамлакат болалари 81 та давлатдаги тенгдошлари орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида 80-ўринни эгаллаган. Яъни учала йўналишда ҳам охирги ўнталикдан жой олган.

Математика бўйича имтиҳонларда ўқувчиларимизнинг бор-йўғи 14 фоизи 2-даражадаги натижани кўрсатган бўлса, атиги 4 фоизи 3-даража ва 1 фоизи 4-даражага чиқа олган. Энг юқори 5- ва 6-даражадаги натижаларни ўзбекистонлик ҳеч қайси ўқувчи қайд эта олмаган. Табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларидаги натижалар ҳам бундан катта фарқ қилмайди.

PISA натижалари эълон қилинишидан аввалроқ Усмон Шарифхўжаев Kun.uz'га берган интервюсида айнан PISA каби халқаро тадқиқотларда тушаётган саволлар, умуман бутун дунёда болаларга берилаётган билим ва кўникмалардан ўзбекистонлик ўқувчилар ортда қолаётганини қайд этганди. 

“Фақатгина халқаро тадқиқотлар, баҳолаш синовларида яхши натижа кўрсатайлик деб қилинадиган ният эмас, ўқувчиларимиз тайёр бўлиши учун халқаро тадқиқотда бериладиган саволга мос равишда табиий фандан бўладими, ўқиш саводхонлиги, математика каби аниқ фанлардан бўладими, шуни дарсликка киритишимиз керак. Шу вақтгача бўлган дарсликларда бу бўлмаган", – деган эди у.

Мавзуга оид