Ўзбекистон | 20:55 / 27.06.2020
57422
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда темирйўлчи, кондуктор ва ички ишлар тизими ходимида вирус чиққан - ССВ

26 июнь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Чилонзор туманларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари бошқа ҳудудларга қараганда юқори бўлиб келаётган эди. Кечаги ҳолатда эса бироз пасайганини кўриш мумкин.

Аввал хабар қилганимиздек, 25 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 276 нафар бемордан 24 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 26 июнь куни эса 250 нафар бемордан 25 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 8 нафари Тошкент шаҳрида аниқланди.

Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи бироз камайган, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бироз ошганини кўриш мумкин», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А.З.да (профилактика мақсадида намуна топширган), «Логистика универсал маркази» МЧЖ ходими Г.С.да, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ходими Ҳ.Қ.да (Тошкент вилояти Қибрай туманидаги қариндошининг уйига борган) касаллик аниқланган.

Шунингдек, Юнусобод туманида яшовчи Ш.А.да (профилактика мақсадида намуна топширган), шаҳар ички ишлар тизими ходими Ф.Г.да, пойтахтдаги автосарой кондуктори С.Д.да, Чилонзор туманида яшовчи М.Х.да (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли намуна топширган) ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.

«Айни вазиятда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида коронавирусга чалиниш хавфи юқорилиги боис пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларидан карантин қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида. 

Мавзуга оид