Жаҳон | 16:31 / 28.06.2020
3500
4 дақиқада ўқилади

Коронаинқироз: Британияда автомобиль ишлаб чиқариш 30 фоизга қисқариши мумкин

Буюк Британияда секинлик билан автосалонлар очилмоқда, ишлаб чиқариш линиялари тикланяпти, бироқ шу ойнинг ўзида 6 минг иш ўрни йўқотилган. Кўплаб ишчилар компаниялар қандай қилиб ишлаб чиқариш жараёнини ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ташкиллаштириш мумкинлигини билмагани учун таътилда бўлиб туришига тўғри келмоқда.

Фото: Getty Images

Автомашина ишлаб чиқарувчилари ва савдогарлари жамияти (SMMT)нинг маълум қилишича, агар Буюк Британия автосаноатида ишлаб чиқаришини қайта тиклаш учун ҳукумат ёрдам кўрсатмаса, йўналишдаги ҳар 6 иш ўрнининг биттаси йўқотилиши мумкин.

BBC хабарига кўра, SMMT соҳа ходимларининг ишсиз қолиши кўрсаткичини камайтириш учун ҚҚС тўловларидан имтиёз бериш, вақтинчалик иш ўрни яратиш механизмини шакллантириш лозимлигини таъкидламоқда.

Айни пайтда секинлик билан автосалонлар очилмоқда, ишлаб чиқариш линиялари тикланяпти, бироқ шу ойнинг ўзида 6 минг иш ўрни йўқотилган.

Британия учун автомобиль саноати – иқтисодиётнинг асосий бўлакларидан бири саналади ва мамлакатга йилига 18,6 миллиард долларгача фойда келтиради. Бевосита автомобиль ишлаб чиқаришда 168 минг, унга алоқадор бўлган йўналишларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 823 мингдан ортиқ киши автосаноат йўналишида меҳнат қилади.

Аксар ишлаб чиқарувчилар каби машина саноати вакиллари ҳам савдо кескин тушиб кетган муддатда ҳам ижара ва шунга ўхшаш тўловларни қилишга мажбур бўлишди.

Кўплаб ишчилар эса компаниялар қандай қилиб ишлаб чиқариш жараёнини ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ташкиллаштириш мумкинлигини билмагани учун таътилда бўлиб туришига тўғри келмоқда.

«Ҳозирда ишчи кучимизнинг учдан бир қисми ўз ўринларида эмас, биз эса уларни қайтаришни хоҳлаймиз», – дейди Автомашина ишлаб чиқарувчилари ва савдогарлари жамияти ижрочи директори Майк Ҳэйв.

Майк Ҳэйвнинг таъкидлашича, саноатни қўллаб-қувватлаш борасида ҳукуматнинг ёрдами катта бўлмоқда, бироқ бу ҳали етарли эмас. Буюк Британия автомобиль ишлаб чиқаришини глобал автосаноатнинг олдинги ўринларида сақлаб қолиш, ишлаб чиқариш учун талаб муҳитини яратиш, ҳажмни ошириш учун турли рағбат пакетлари зарур.

Қайд этилишича, карантин чекловлари таъсирида Буюк Британиянинг йиллик автомобиль ва енгил транспортлар ишлаб чиқариш кўрсаткичи учдан бирга қисқаради, яъни 920 мингтани ташкил этади.

Ишлаб чиқарувчиларда ҳукумат ёрдами масаласидан ташқари, Британия Европа Иттифоқи билан имзолайдиган савдо шартномаси бўйича ҳам хавотирлар бор.

Майк Ҳэйвнинг маълум қилишича, Буюк Британия авто ишлаб чиқарувчиларида бутловчи қисмларни четдан келтириш учун бож тарифларини тўлашга имкони йўқ, бу харажатлар уларнинг даромадидан юқорироқ бўлиб чиқади. Шунинг учун Ҳэйв ҳукумат ЕИ билан йил тугашидан олдин манфаатли савдо битимига эришиши зарур деб ҳисоблайди.

Буюк Британия ЕИдан 31 январда чиққан бўлса, ягона бозор ва божхона иттифоқида 31 декабргача аъзо бўлиб қолади. Ҳозирда брекситдан кейинги давр учун савдо келишувлари устида музокаралар кетмоқда.

Британия автосаноатида апрел ойида автомобиль ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу пайтига солиштирганда 99,7 фоизга пасайган.

Баъзи заводлар эса тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашиб олишди ва 711 мингдан ортиқ шундай буюм етказиб беришди.

Автосаноатда ишлаб чиқариш кўрсаткичи пасайиб, 400 мингта машина ишлаб чиқарилмаслиги автосаноатга ўртача 12,5 миллиард долларга тушиши тахмин қилинмоқда.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид