Ўзбекистон | 21:46 / 03.07.2020
193742
5 дақиқада ўқилади

Қабул-2020: Магистратурага қабул ва кириш имтиҳонлари ҳақида батафсил

2020/21 ўқув йили учун магистратура босқичига ҳужжатлар қабули 1 июлдан бошланди. Kun.uz ушбу жараён ва кириш имтиҳонларининг ўтказилиш тартибига оид батафсил маълумотларни келтириб ўтади.

Фото: KUN.UZ

Ҳужжат топшириш тартиби

Магистратура учун ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача (30 июль куни ҳам) топширилиши мумкин.

Ҳужжатлар magistr.edu.uz сайти орқали онлайн тарзда топширилади. ОТМларда ҳужжатлар қабул қилинмайди.

Қабулни расмийлаштириш учун керак бўладиган ҳужжатлар:

– паспорт (бунда паспортнинг сканер ёки расм варианти талаб этилмайди, керакли ўринларга ЖШШИР рақами, паспорт серияси ва рақамини киритиш керак холос);

– бакалавр даражасини берувчи диплом ва баҳолар қайд этилган илованинг сканер варианти;

– чет тилини билиш сертификати, олимпиадалар ғолиблиги, президент ёки номли стипендия соҳиби эканлиги ва ҳ.к.ларни тасдиқловчи ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса).

Абитуриентдан шундан бошқа қўшимча ҳужжатлар (фотосурат, мақолалар нусхаси, тиббий маълумотнома каби) талаб этилмайди.

Сайтга ҳужжатларни юклаш тартиби бўйича қуйидаги видеойўриқномада батафсил танишиш мумкин:

Қабул квоталари

Жорий ўқув йилида таълимнинг магистратура босқичига республика бўйича жами 10 425 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган.

Шундан 5475 нафари грант, 4950 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

Квоталарнинг йўналишлар бўйича тақсимоти билан қуйидаги файлда танишиш мумкин:

Магистратура квоталари: мутахассисликлар ва тиллар кесимидаги тақсимот (.pdf)

Йўналишлар танлови

2019 йил 17 июндаги президент қарори билан бакалаврларнинг магистратура йўналишларини танлашлари учун чекловлар бекор қилинган. Яъни талаба бакалаврни қайси йўналишда ўқиганидан қатъи назар ўзи истаган магистратура йўналишини танлай олади. Фақатгина бир неча истиснолар мавжуд.

Айрим магистратура йўналишларига фақатгина турдош йўналишларни битирган бакалаврлар ҳужжат топшира олади. 2020/21 ўқув йили учун магистратурага қабул бўйича турдош олий таълим йўналишларининг рўйхати тасдиқланган:

Рўйхатда кўрсатилган магистратура йўналишларига фақат белгиланган соҳани битирган бакалаврлар топшира олади. Аммо рўйхатдаги йўналишлар бўйича бакалаврларнинг магистратура танловида чеклов мавжуд эмас.

Мисол учун, мусиқа таълими бўйича магистратурага топшириш учун рўйхатда кўрсатилганидек мусиқа таълими, бастакорлик санъати, вокал санъати, чолғу ижрочилиги, халқ ижодиёти бакалавриатларидан бирида ўқиган бўлиши керак. Аммо шу йўналишларни битирган бакалаврлар магистратурага истаса мусиқа таълимига ёки исталган бошқа соҳага (истиснодан ташқари) топшира олади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ОТМлар магистратура мутахассисликлари ва уларга мувофиқ келувчи бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати:

Шунингдек, «Чақириққача ҳарбий таълим», «Хореография (турлари бўйича)», «Дирижёрлик (турлари бўйича)», «Режиссёрлик (турлари бўйича)», «Актёрлик санъати (турлари бўйича)», «Ветеринария» таълим йўналишлари магистратурасига ҳам мос йўналишни битирган бакалаврларгина топшира олади.

Яна бир жиҳат. Магистратура мутахассислигига мос бакалавриат таълим йўналишларини битирган бакалаврлардан ташқари, бошқа бакалавриат таълим йўналишлари битирувчилари давлат грантлари асосида белгиланган мақсадли қабул параметрлари мавжуд магистратура мутахассисликларида танловда қатнаша олишмайди.

Имтиҳон жараёни

Магистратура босқичига кириш имтиҳонлари 3 августдан 15 августгача бўлиб ўтади.

Имтиҳонлар пандемия шароити туфайли тест шаклида, онлайн режимда ўтказилади.

Магистратурага кириш синовлари таркибига (хусусан, мутахассислик фанлари бўйича кириш синовлари таркибига) тегишли мутахассисликлар соҳаларида талабгорларни илмий-педагогик лаёқати (ёки илм олиш қобилияти)ни аниқлаш бўйича тест саволлари ҳам киритилади.

Магистратурага кириш имтиҳонлари онлайн тест шаклида бўладиган бўлса, бир неча йўналишларга бир вақтнинг ўзида топшириш ва имтиҳонда қатнашиш мумкинми, деган табиий савол туғилади. Йўқ, мумкин эмас.

«Биринчидан, ҳеч бир норматив ҳужжатда магистратурада бир неча йўналишга ҳужжат топшириш мумкинлиги белгиланмаган. Иккинчидан, бакалавр битта йўналишда магистратурага ҳужжат топширгач, бу маълумотлар базада сақлаб қолинади ва платформа ҳужжат топширишга иккинчи уринишни қабул қилмайди», – дея Kun.uz’га муълум қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев.

Истисно: Тошкент давлат юридик университетида магистратура учун кириш имтиҳонлари кенг сиғимли павильонларда ўтказилади. ТДЮУ магистратураси учун тест жараёнлари Давлат тест маркази томонидан ташкиллаштирилади.

Мавзуга оид