Ўзбекистон | 12:03 / 06.07.2020
6267
3 дақиқада ўқилади

Цемент импортига доир тартибларни соддалаштириш режалаштирилмоқда

Бундан кўзланган мақсад, цементни импорт асосида республикага олиб киришда хўжалик юритувчи субъектларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан узлуксиз таъминлаш экани айтилмоқда. 

Фото: РИА Новости

Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси – regulation.gov.uz порталига цементни республикага соддалаштирилган тартибда импорт қилишни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси жойлаштирилган

Унда кўринишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги мазкур қарор лойиҳасининг ҳаммуаллифлари ҳисобланади. 

Президент қарори лойиҳаси қабул қилингудек нималар ўзгаради?

Божхона чегарасига етиб келган цемент “яшил йўлак” тизими қуйидаги тартиблардан бирини қўллаган ҳолда расмийлаштирилиши мумкин:

Олиб кирилаётган цемент намунаси импорт қилувчи субъект томонидан ихтиёрий равишда сертификат берувчи идорага берилади. Унинг сотилиши эса, айни сертификат олинганидан сўнггина амалга оширилади; 

Сўнгги 12 ойда берилган сертификат асосида олиб келинган цементни текширувдан ўтказиш бўйича ариза “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши ва сертификатлаш идораси томонидан қабул қилиниши ҳамда шартнома тузилиши цементни сотишга асос бўлади;

Аввал тузилган шартнома доирасида олиб кирилаётган цемент даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказиб турилади.

Бундан ташқари, қарор лойиҳасида белгиланишича, лаборатория синови натижаларига кўра, талабларга номувофиқ деб топилган цемент тўғрисида бир кун муддатда хўжалик юритувчи субъект ва тегишли давлат органлари хабардор қилинади;

Шу билан бирга, яроқсиз цемент сотилган бўлса, хўжалик юритувчи субъект маҳсулот сотувидан тушган тушумни харидорларга қайтаради. Харидорларни аниқлаш имкони бўлмаса, республика бюджетига олиб қўйилади. 

Яроқсиз цементни олиб кирган хўжалик юритувчи субъект олти ой давомида бу каби маҳсулотни олиб киришда божхона “яшил йўлак” тизимидан фойдалана олмайди. 

Техник сифатсиз цементни реализация қилиш натижасида юридик ва жисмоний шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарар, цементни импорт асосида олиб кирган хўжалик юритувчи субъектлардан суд тартибида ундирилади. Шунингдек, олиб кирувчи субъектларга божхонада расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларда акс эттирилган маҳсулот қийматининг 25 фоизи, ушбу ҳолат такроран содир этилганда 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилиши режалаштирилмоқда. 

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга эса, сифатсиз цементни сотган тақдирда цемент тўпининг қийматидан 25 фоизи, ушбу ҳолат такроран содир этилганда 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. 

сертификатлаштириш органи цементнинг мувофиқлигини баҳолаш қоидаларини бузганлиги аниқланган тақдирда, мазкур ҳолат юзасидан кўрсатилган хизмат қийматининг 5 баробари ва ушбу ҳолат такроран аниқланганида 10 баробари миқдорида ушбу сертификатлаштириш органига жарима қўлланилади, шунингдек олти ой мобайнида цементнинг мувофиқлигини баҳолашга йўл қўйилмаслиги президент қарорида белгилаб қўйилган. 

Мавзуга оид