Жаҳон | 07:24 / 09.07.2020
4826
2 дақиқада ўқилади

Сербияда карантинга қарши намойишлар ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш деб аталди

Фото: Darko Vojinovic / AP

Расмий Белград мамлакатда 2 кундан бери юз бераётган тартибсизликлар одамларнинг коронавирус тарқалишига қарши киритилган янги чораларга стихияли муносабати бўлмаган, деб ҳисобламоқда.

Сербия ички ишлар вазири Небойша Стефанович ушбу тартибсизликларни мамлакат раҳбариятига сайловларда иштирок этмасдан келишни истаётганларнинг ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниши деб тушунтирди. 

Унинг фикрича, норозилик акцияларига ҳукуматнинг коронавируснинг янгитдан авж олишига қарши киритган чекловлари олиб келмаган, балки уларга олдиндан тайёргарлик кўрилган. 

Ички ишлар вазирининг айтишича, полициячилар намойишчилар уларга тошлар, ёнувчи аралашмали шиша идишлар ва ҳаттоки белкураклар улоқтирганига қарамай, ўзларини босиқ тутганлар ва фақатгина ҳаётлари хавф остида қолгандагина жавоб берганлар. У зўравонликка алоқадор барча жавобгарликка тортилишига ваъда берган.   

Аввалроқ пойтахт Белграддаги тартибсизликлар шаҳарда комендантлик соати киритилиши ҳақидаги хабардан кейин бошланиб кетгани маълум қилинганди. Намойишчилар полиция машиналарига ҳужум қилиб, ҳаттоки парламент биносига бостириб киришган. Бунга жавобан полициячилар кўзни ёшлатувчи газ қўллашган.

Сербия президенти Александр Вучич тартибсизликларнинг уюштирилишида ултраўнг гуруҳларни айблаган. 8 июлдаги намойишларнинг аксарият иштирокчилари ниқобларда бўлган ва Вучичнинг кетишини талаб қилган.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид