Жаҳон | 01:03 / 10.07.2020
3371
1 дақиқада ўқилади

ЖССТнинг пандемияга жавобан ҳаракатларини баҳоловчи махсус комиссия тузилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти унинг ва давлатларнинг коронавирус пандемиясига жавобан кўраётган чоралари, хатти-ҳаракатларини баҳоловчи мустақил экспертлар гуруҳини тузмоқда. Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ташкилотнинг194 та давлатдаги вакиллари билан виртуал учрашувда маълум қилди.

Фото: FABRICE COFFRINI /AFP

Гебрейесуснинг таъкидлашича, гуруҳга Янги Зеландиянинг собиқ бош вазири Хелен Кларк ва Либериянинг собиқ президенти Эллен Жонсон Серлиф бошчилик қилишга рози бўлган. Комиссиянинг ваколатлари ЖССТга аъзо давлатлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади.

Комиссия илк оралиқ ҳисоботини ЖССТга кирувчи давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг ноябрда ўтиши режалаштирилган учрашувига тайёрлайди ва тақдим қилади.

“Бу шунчаки “галочка” қўйиш ва сўнгра жавонга чанг босиб ётиш учун қўйиладиган стандарт ҳисобот бўлмайди. Биз бунга ўта жиддий қарамоқдамиз”, деб ишонтирган Гебрейесус.

Маълумки, ЖССТнинг пандемиянинг дастлабки босқичидаги фаолияти жиддий танқидга учраб келади. 7 июлда АҚШнинг ЖССТдан чиқишини эълон қилган президент Дональд Трамп халқаро ташкилот пандемия борасида вирус тарқалиши бошланган Хитойга нисбатан “ўта дўстона” муносабатда бўлганини айтиб келади. ЖССТ эса бу танқидни рад этмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид