Жаҳон | 11:29 / 13.07.2020
4127
2 дақиқада ўқилади

ЖАРда коммендантлик соати жорий этилади

Жанубий Африка Республикасида карантин чекловлари кучайтирилиб, дўконларда сотилиши чекланган маҳсулотлар сони кўпайтирилди. Бу ҳақдаги тегишли ҳужжатни мамлакат президенти Сирил Рамафоса имзолаган.

Фото: Al Jazeera

Сотилиши тақиқланган маҳсулотлар ичида алкоголь ҳам бор. Шунингдек, 13 июлдан мамлакатда коммендантлик соати жорий этилади. Одамларга 21:00дан 04:00гача уйдан чиқиш тақиқланади. Кўчаларда ниқобда юриш мажбурий бўлади ва фавқулодда ҳолат режими 15 августгача узайтирилади.

Фуқароларга мурожаат қилган мамлакат президенти давлат коронавирусга қарши қўлидан келганича курашаётганини таъкидлаб, баъзи фуқароларнинг ҳаракатларини қоралади. Президент карантин вақтида ҳам базм ва зиёфат уюштираётганлар, жамоат жойларида ниқобсиз юрганлар вирус тарқалишига сабабчи бўлаётганини айтди.

Президент Рамафоса алкоголь маҳсулотларига киритилган чекловни алоҳида изоҳлади. Унинг айтишича, ҳукумат шу орқали тиббиёт тизимига тушадиган босимни камайтиришни мақсад қилган. Мутахассислар алкоголь ичимликларининг сотилмаслиги одамлар ўртасидаги жанжаллар, уйдаги зўравонлик ва ёппасига маст ҳолатда кўчада юришнинг олдини олишини ҳисоблашган.

Коронавирусга қарши чоралар доирасида олдин ҳам ЖАРда алкоголь ичимликлар савдоси тақиқланган, полиция ва шифокорлар бу тез тиббий ёрдамга бўлган чақирувларни камайтирганини маълум қилганди. Пивахона ва вино ишлаб чиқарувчилар эса ҳукуматни уларнинг бизнесини «ўлдирганликда» айблаган.

Жон Ҳопкинс институти ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунгача ЖАРда 276 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланган ва 4 мингдан ортиқ одам вирус қурбонига айланган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид