Ўзбекистон | 14:06 / 15.07.2020
10581
2 дақиқада ўқилади

Стикерлар яроқсиз бўлиб қолганда ёки машина сотилганда алмаштириб берилмайди – ДХА

Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, давлат хизматлари марказлари орқали берилган стикерлар яроқсиз ҳолга келиб қолганда ёхуд машина сотилганда алмаштириб берилмайди.

«Расмий саҳифаларимиз, ижтимоий тармоқлардаги оммавий гуруҳлар ҳамда кенг жамоатчиликда Давлат хизматлари марказлари орқали берилган стикерлар машина сотилганда, носоз ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда алмаштириб бериладими, деган саволлар кўпаймоқда.

Хабарингиз бор, Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2020 йил 1 августга қадар мамлакатимизда автотранспорт ҳаракати чекланди. Бироқ машиналар ҳаракатланиши учун ДХМлар томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилиши белгиланди.

Одатда, марказларимиз орқали кўрсатиладиган ҳар бир хизмат аниқ регламент асосида амалга оширилади. Стикерлар бериш хизмати эса Махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги 13-сон йиғилиш баёни билан тасдиқланган тегишли вақтинчалик тартибга асосан амалга оширилган. Мазкур тартибда махсус рухсатнома берилган машиналар ўзгариши муносабати билан уларни қайта расмийлаштириш назарда тутилмаган», дейилади агентликнинг расмий баёнотида.

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиянинг 2020 йил 30 мартдаги 13-сон йиғилиш баёни бугунги кунда ўз кучини йўқотган. Давлат хизматлари марказлари орқали автотранспорт воситаларига стикерлар бериш 2020 йил 9 апрелдан тўхтатилган.

Маълумот учун, ҳар бир стикер голограммалар билан биргаликда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали алоҳида уникал рақам билан расмийлаштирилган. Унга киритилган маълумотларга ҳозирда Давлат хизматлари марказлари томонидан ўзгартириш киритишнинг техник имконияти мавжуд эмас.

Аввалроқ ДХА давлат хизматлари марказлари стикер бeриш тўхтатилгани ҳақида огоҳлантирганди.

Мавзуга оид