«Тана ҳароратининг 38 даражагача кўтарилиши хавфсиз» — мутахассис COVID-19’нинг кечишидаги иситма ҳақида маълумот берди
Тана ҳароратининг кўтарилиши – организмда вирус билан кураш бораётганини кўрсатувчи табиий жараён. 38 даражагача бўлган иситма хавфсиздир, дейди иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Kun.uz сайти ва «Milliy TV» телеканали ҳамкорликда янги «Tez yordam» кўрсатувини ташкил этмоқда. Унда малакали мутахассислар жонли эфирда телефон орқали келиб тушган коронавирусга оид саволларга жавоб бериб боришади.
19 июль куни дастурнинг илк сонида DeFactum Laboratories тиббиёт клиникаси иммунолог-инфекционисти, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаева COVID-19’да тана ҳарорати кўтарилиши ҳақида сўз юритди.
«Тана ҳароратининг кўтарилиши – организмнинг касалликка универсал реакциясидир. Соғлом тана ЎРВИ, грипп, коронавирус каби касалликларда ўз курашувини иситма орқали намоён қилади. Бу пайтда организмнинг иммун тизими вирус билан курашиш учун интерферон ажратиб чиқаради. Интерферон эса вирусни йўқотиш учун ҳаракат қилади.
Иситма туширилдими, демак, вируснинг кўпайиши учун қулай муҳит қилиб берилди, чунки интерфероннинг ажралиб чиқиши сусаяди.
Тана ҳароратининг 38 даражагача кўтарилиши хавфсиз. Аммо 38 даражадан кўтарила бошласа, кейин парацетамол ёки бошқа дори бериш мумкин.
Шунингдек, бемор турли сабаблар билан (сурункали касалликларнинг мавжудлиги, организмнинг ўзига хослиги, ёш болалар) иситмани оғир кечирса, ўзини ўта нохуш ҳис қилса, иситма туширувчи дори бериш керак бўлади», – дейди мутахассис.
Вирусология институти илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Раъно Қосимовага кўра, вирус билан кураш жараёнида ҳаммада ҳам иситма кузатилмаслиги мумкин.
«Ҳарорат ошиши ҳамма беморларда ҳам бўлмайди. Турли гормонлар қабул қилиш, сурункали касалликлар бўлиши натижасида иммунитет заифроқ бўлиши ва иситма намоён бўлмаслиги мумкин.
Коронавирусда иситма кўтарилиши ўртача ҳисобда 5-6 кун давом этиб, шундан кейин 70-80 фоиз бемор тузалиб кетмоқда. Аммо касаллик чуқурлашган, ўпкага ўтган бўлса, иситма узоқ давом этиши мумкин», – дея таъкидлади Раъно Қосимова.
Мавзуга оид
17:49 / 14.08.2023
Ўзбекистонда коронавирусга қарши сут сотуви бошланди
18:58 / 06.05.2023
ЖССТ коронавирус ҳеч қачон бутунлай йўқ қилинмаслигини айтди
19:23 / 05.05.2023
ЖССТ коронавирус пандемияси тугаганини эълон қилди
18:19 / 02.05.2023