Спорт | 16:06 / 20.07.2020
4998
2 дақиқада ўқилади

«Бухоро» клубининг 8 нафар футболчисида коронавирус аниқланди. ПФЛ клублар билан вазиятни муҳокама қилмоқда

Суперлигада иштирок этувчи яна бир клубда коронавирус юқтириб олган футболчилар аниқланди.

«Бухоро» клубининг 17 июль, жума куни коронавирусга топширган тест натижалари маълум бўлган. Унга кўра, клубда 8 нафар футболчининг тест натижаси мусбат чиқиб, уларнинг коронавирус юқтириб олгани ойдинлашган. Клуб вакиллари Tribuna.uz сайтига бу хабарни тасдиқлашди. Инфекцияга чалинган ушбу футболчилар алоҳида назоратга олинган. «Бухоро»нинг Суперлига 10-тури доирасидаги 23 июль кунги «Қизилқум» билан учрашуви катта эҳтимол қолдирилади.

Куни кеча «Пахтакор» клубининг 5 футболчисида вирус аниқлангани ҳақида клуб ахборот хизмати ҳам маълумот берганди. Шунингдек, Суперлиганинг «Бунёдкор», «Сурхон» клубларида, Про-лигада эса «Динамо» ва «Хоразм» футболчиларида коронавирус аломатлари аниқланган эди.

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев якшанба куни Tribuna.uz сайтига маълум қилганидек, айни дақиқаларда ПФЛ Суперлига клублари расмийлари ва бош мураббийлари билан Zoom орқали видеоконференция ўтказиб, чемпионат баҳсларини давом эттириш ёки қолдириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Мавзуга оид